Ўзбекистон | 22:13 / 31.05.2023
19613
3 дақиқада ўқилади

Тошкентни «халқ шаҳри»га айлантирамиз — Шавкат Умурзоқов 

Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи шаҳарда кенг миқёсда кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари олиб борилишига ваъда берди. 

Фото: Газета.uz

Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов келгусида амалга ошириладиган режаларнинг айримларига тўхталиб ўтди. 

Унинг сўзларига кўра, шаҳардаги ҳар бир маҳаллада яшил ҳудудлар барпо этилади. «Тошкентга «халқ шаҳри», «халқ ҳордиқ чиқарадиган шаҳар» номини олиб бериш сиёсатини юритамиз», деди у. 

Шавкат Умурзоқов бу сўзларни 27 май куни Тошкент шаҳридаги Экопарк ҳудудида ўтказилган «Пикник маданияти» акциясида айтган.  

«Муҳтарам президентимиз куни кеча Чилонзорга борганида ҳам айтдики, Тошкент шаҳрида 132 километр сув бўйлари бор. Шундан 40 километрида ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Қолган ва қўшимча 100 километрни ҳам обод қилиш ва дарахт экиш, халқ учун манзарали ва ҳордиғини бемалол чиқариши учун шароит яратиш [топшириғини берди]. Шу билан бирга нафақат сув бўйлари, балки ҳар бир маҳалланинг ўз боғи, болалар ва спорт майдончалари бўлишини ҳам таъкидлади. Бунинг учун барча шароитларни яратиб беряпти», деди Умурзоқов. 

Унинг қайд этишича, яқин кунларда ҳар бир маҳаллада яшил ҳудудлар барпо этилади, сув бўйларида қаровсиз қолиб кетган жойларни кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилади. 

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги

«Бугунги кунда ҳурматли президентимизнинг ҳам шаҳар ҳокимлигига берган топшириғи ва сиёсати шуки, шаҳарда кўкаламзорлаштириш ишларини қаттиқ олиб бориш, халқ учун ҳордиқ чиқарадиган шаҳар номини олиб бериш. Ҳозирда кунига 6 миллион одам шаҳар йўлларидан фойдаланаётган бўлса, шундан 4 миллиони жамоат транспорти ёки велосипедда, пиёда юради. Асосий эътиборни уларга қаратган ҳолда йўллар четида ҳам ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш топшириғи берилди. Тошкент шаҳрига «халқ шаҳри», «халққа хизмат қиладиган шаҳар», «халқ ҳордиқ чиқарадиган шаҳар» номини олиб бериш сиёсатини олиб борамиз», деди Шавкат Умурзоқов. 

Мавзуга оид