Жамият | 18:29 / 01.06.2023
34021
2 дақиқада ўқилади

Сариосиёда 47 яшар эркак “участкавой”ни болта билан жароҳатлади

Ҳужум оқибатида профилактика инспекторининг тирсак суяги синган, қон томирлари кесилиши оқибатида кўп қон йўқотган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Ҳодиса 30 май куни Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани Ҳамкорлик маҳалласида содир бўлгани айтилмоқда.

Расмий хабарда келтирилишича, ўғрилик ва гиёҳванд моддалар билан ноқонуний муомала қилиш жиноятларини содир этгани учун бир неча маротаба судланган, гиёҳванд шахс сифатида профилактик назоратга олинган 47 яшар эркак маҳалласи раиси Нурмамат Шоймардоновнинг уйига маст ҳолатда бостириб кириб, жанжал кўтарган. Маҳалла профилактика инспектори капитан Ғофур Бердиев чақирувга асосан етиб келгунига қадар тартиббузар воқеа жойидан қочиб кетади.

У шу куни кечки пайт уйига қайтиб келгани аниқланади. ИИБ ходими у билан профилактик суҳбат ўтказиш ҳамда маҳалла раисига нисбатан содир этган ҳуқуқбузарлик ҳолатини расмийлаштириш мақсадида тартиббузарнинг хонадонига борганда қаршиликка учрайди. Хонадон эгаси болта билан профилактика инспекторига ҳужум қилиб, унинг чап қўл тирсагини яралайди. Шундай бўлса-да, “участкавой” ҳуқуқбузар зарарсизлантиришга эришади.

Шундан сўнг воқеа жойига қўшнилар чиқади ва ИИБ ходимлари ёрдамга етиб келади. Бурчини ўташ чоғида ҳужумга учраган профилактика инспекторини ҳамкасблари шифохонага олиб боришади. Тиббий кўрикдан сўнг унинг чап тирсак пастки қисми суяклари очиқ сингани ва қон томирларининг кесилиши оқибатида кўп қон йўқотгани аниқланади ҳамда ИИБ ходимига тезкор тиббий ёрдам кўрсатилади.

Ҳолат юзасидан Сариосиё тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда қамоққа олинган.

ИИВ ахборот хизмати ҳаётини хавф остига қўйиб тартиббузарни зарарсизлантирган профилактика инспекторини рағбатлантириш масаласи кўрилаётганини билдирган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид