Жаҳон | 09:08 / 02.06.2023
7523
2 дақиқада ўқилади

Дунё бўйлаб миллионерлар сони сезиларли даражада камайди

Capgemini консалтинг компанияси сўнгги 10 йил ичида миллионерлар сонининг энг катта қисқаришини қайд этди. Мутахассислар буни макроиқтисодий ва геосиёсий беқарорлик омиллари билан изоҳлади.

Фото: Shutterstock

Ўтган йили дунё бўйлаб миллионерлар сони сезиларли даражада камайди. Франциянинг Capgemini консалтинг фирмаси 1 июн, пайшанба куни маълум қилишича, 2022 йилда 21,7 миллионга яқин киши – ўтган йилга нисбатан 3,3 фоизга кам – кўчмас мулкни ҳисобга олмаганда, 1 миллион доллардан кўпроқ маблағга эга бўлган. Натижада дунёнинг энг бадавлат кишиларининг умумий бойлиги 3,6 фоизга камайиб, 83 триллион долларни ташкил қилди.

"Бу макроиқтисодий ва геосиёсий ноаниқлик туфайли ўн йил ичида энг катта қисқариш", дея билдирди Capgemini. Компаниянинг молиявий экспертлари 71 давлатдаги мулк ҳолатини таҳлил қилди.

Компания маълумотларига кўра, энг кўп - 7,4 фоизга - Шимолий Америкадаги мулк камайди. Европада минус 3,2, Осиё ва Тинч океани минтақасида эса 2,7 фоиз даражасида қайд этилган. Шу билан бирга, Африка, Лотин Америкаси ва Яқин Шарқдаги мулк, аксинча, Украинадаги уруш фонида, биринчи навбатда, нефт ва газ нархининг кўтарилиши туфайли ортди.

Capgemini молиявий тадқиқотлар бўлими раҳбари Элиас Ганем миллионерлар сонининг қисқариши ва фонд бозорларидаги вазият ўртасида бевосита боғлиқликни кўряпти. АҚШнинг NASDAQ индекси ўтган йили 33 фоиз, Франциянинг CAC 40 - 9,5 фоиз ва Германиянинг DAX - 12 фоиз йўқотди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид