Жаҳон | 23:49 / 02.06.2023
18400
3 дақиқада ўқилади

МРБ директори Бернс Хитойга яширин сафар қилди – ОАВ 

Уилям Бернснинг сафари АҚШнинг Хитой билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш истаги билан боғлиқ бўлиши мумкин. 

Фото: AP

АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бернс расмийлар билан суҳбатлашиш учун май ойида Хитойга яширин сафар қилди, деб ёзди Financial Times. Ташриф давомида Бернс бошқа нарсалар қатори Хитой разведкаси вакиллари билан ҳам учрашган. 

Учрашув чоғида Бернс бошқа нарсалар қатори хитойлик ҳамкасбларини разведка каналлари орқали очиқ алоқа линияларини сақлаб туришга ундаган. Шу ойнинг ўзида АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Венада Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси Ван И билан учрашган. Бу ҳақда учрашув тугагунига қадар расман эълон қилинмаганди. 

FT хабарига кўра, президенти Жо Байден Уилям Бернсни бир неча бор хорижий сафарларга топшириқ билан юборган. Масалан, 2021 йил ноябрида у Россия раҳбариятини Украина билан қуролли можаро бошлашдан қайтариш учун Москвага борган. Бундан ташқари, 2022 йилда у АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг амалдаги спикери Нэнси Пэлосини Тайванга сафарини бекор қилишга кўндиришга уринган. 

МРБ директорининг дипломатик сафарлари афзаллиги уларнинг тўлиқ махфийлигидир. Бундан ташқари, Бернс турли мамлакатлар разведка хизматлари билан мустаҳкам алоқаларга эга. 

FT талқинига кўра, Уилям Бернснинг сафари АҚШнинг Хитой билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш истаги билан боғлиқ. Худди шу мақсадда, Вашингтон АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Пекинга ташрифини ташкиллаштиришга ҳаракат қилмоқда. Январь ойи охирида АҚШ осмонида Хитой ҳаво шари билан содир бўлган воқеа туфайли унинг сафари бекор қилинган эди. 

Май ойи бошида Bloomberg Қўшма Штатлар Пентагон раҳбари Ллойд Остин ва Хитой мудофаа вазири Ли Шанфу ўртасида июнь ойида Сингапурда учрашув ўтказишга уринаётгани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ, Хитой учрашувни имконсиз деб ҳисоблаган, чунки АҚШ 2018 йилда Пекин Россиянинг Су-35 самолётини сотиб олгани сабабли Ли Шанфуга қарши санкциялар киритган. 

Мавзуга оид