Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Диверсиялар: уларнинг қайноқ урушдаги роли шу қадар муҳимми?
Россиянинг Украина билан чегарадош Белгород областига қўпорувчилар бостириб киргани хабар қилинди. Хўш, қўпорувчилар (диверсантлар) ўзи ким? Уларни ким ташкил қилган, улар урушнинг боришига қандай таъсир ўтказиши мумкин?
Разведка-қўпорувчилик гуруҳи
«Бирорта нотаниш белги кўрсанг, ўчириб ташла», дейишганди Украина ҳокимияти ва журналистлари Россиянинг кенг миқёсдаги босқини бошланган чоғда ўз фуқароларига. Ўшанда Украина йўллари, уйларнинг девори, симёғочларда хоч ва бошқа шаклдаги турли ранглардаги белгилар пайдо бўлиб қолган эди.
Украина хавфсизлик хизмати ўшанда бундай белгиларни Россия ҳарбийларининг потенциал нишонига айланувчи объектларни белгилаш учун қўпорувчилар чизган бўлиши мумкинлигини таъкидлаган эди.
2023 йилга келиб диверсантлар ҳақида Россияда ҳам кўп гапирила бошлади. Пропагандачилар Белгород областига кириб келган «украиналик қўпорувчилар»нинг ҳужумини хавотир билан муҳокама қилиб, ҳаттоки Кремлни ҳаракатсизликда айблай бошлашди. РФ тергов қўмитаси ЖКнинг бирваракайига олтита моддаси билан иш қўзғади. Уларнинг орасида «Қўпорувчилик» (РФ ЖК 281-) моддаси йўқ, лекин ОАВда ҳужум қилганлар кўпроқ қўпорувчилар деб аталмоқда.
Сўнгги ойларда Россия ҳокимияти ва пропагандаси Брянск области, Қрим кўприги ва «Шимолий оқим»даги портлатишлар, темирйўллардаги ёнғинлар, Владлен Татарский ва Даря Дугинанинг ўлдирилиши, урушга қарши позициядаги артистларнинг концертларини ҳам диверсия деб атамоқда.
30 май куни бир нечта дронлар Москвадаги учта кўп қаватли турар жой биноларига келиб урилди, яна бир нечтаси Москва остонасида уриб туширилди. Бошқа дронлар ҳужуми каби, Россия ҳудудида пилотсиз учар қурилмаларнинг пайдо бўлиши ҳам қўпорувчиларнинг иши деб аталди.
Ушбу акциялардан айримлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олган «Рус кўнгиллилари копруси» ўзини қўпорувчилик-разведка фаолияти билан шуғулланувчи ташкилот деб таништиради. Россия ҳудудига ўтган қуролланган отрядларни эса, одатга кўра, «разведка қўпорувчилик гуруҳлари» (РҚГ) деб аташади.
Диверсант деб кимларни аташ мумкин?
Жуда кўпчиликни.
Диверсантлар ва диверсиянинг ягона ва умум қабул қилинган таърифи йўқ. Худди терроризм ёки «қонуний ҳарбий нишонлар» сингари. Бу ҳам қатъий юридик эмас, сиёсийроқ масала.
Россия контекстида «диверсантлар» жуда кенг маънодаги тушунча бўлиб, бир-бирига яқин ва ҳатто ҳарбийларга алоқаси йўқ ҳодисаларни англатади. Бошқа тилларда диверсиялар кўпроқ «саботаж» деб аталади.
Боз устига, рус тилида бугунги кунда совет пропагандаси тамғаси бўлмиш «мафкуравий диверсия» ибораси ҳам ишлатилади. СССР чоғида коммунистларга хос бўлмаган ҳар қандай қадриятлар ва ғоялар шундай аталган, бугун Россияда «информацион-психологик операциялар» ҳам шунақа дейилмоқда.
Замонавий ҳарбий назария ва халқаро ҳуманитар ҳуқуқ бир нечта асосий қоидаларда бир-бирига мос келади: қўпорувчилар деб расмий ҳарбий кучлар ва фуқаролик шахслари ҳам аталиши мумкин. Улар фуқаролик либосини кийиб олишлари, душманнинг кийимини кийиши, ўзларининг шахсий билдирувчи белгиларига эга бўлиши мумкин. Диверсантлар ҳар доим душманнинг ортида – унинг қонуний ҳудудида ёки оккупация қилинган ерларида ҳаракат қилади. Уларнинг операциялари ойлаб тайёрланиши мумкин, шунингдек, ҳеч қандай тайёргарликсиз амалга оширилиши ҳам мумкин. Қоида тариқасида давлатларда разведка-диверсия қисмлари деган махсус бўлинмалар ҳам бўлади. Уларнинг айримлари айнан қуролли тўқнашувлар чоғида қўпорувчилик ҳаракатлари билан шуғулланади.
Шу билан жузъий фарқлар кўзга ташланади. ХХ аср ўрталарида асосий жанговар ҳаракатлар театридан четдаги ҳарбий операциялар диверсия деб аталган. Бу чиндан ҳам Белгород областида содир бўлган ҳодисага ўхшаш: «Рус кўнгиллилари корпуси» вакиллари журналистларга асосий мақсадлари душманни мўлжалдан адаштириш ва унинг кучларини асосий йўналишдан бу ерга жалб қилиш бўлганини айтиб беришган.
Душманнинг ҳарбий бошлиқлари ёки ҳарбий-сиёсий раҳбариятидан кимнидир йўқ қилишни ҳам шу тоифага қўшса бўлади.
Халқаро ҳуманитар ҳуқуқ тўғридан тўғри жанг олиб бориш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатларни диверсия деб атайди. Бу нуқтайи назардан диверсантлар – душманнинг муҳим ҳарбий инфратузилмаси объектларини ишдан чиқарувчи одамлардир. Масалан, улар темирйўл таъминотини издан чиқаради, кўприкларни портлатишади, ҳарбий заводлар ишини тўхтатади ва ҳарбий омборларни йўқ қилади. Бундай мантиқда ўлдириш ва суиқасдлар диверсатларнинг вазифаси эмасдек туюлади, лекин онда-сонда бунақа ҳолатлар ҳам учрайди.
Диверсантлар халқаро ҳуқуқ бўйича оддий аскарларга нисбатан ожизроқ аҳволда. Улар учун имтиёздан маҳрум жангчилар алоҳида тоифаси бор. Женева конвенциялари диверсантларни ташқи олам билан алоқа қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга изн беради.
Халқаро Қизил хоч жамияти диверсантлар албатта ҳарбий жиноятчи бўлиши шарт эмас дейди. Уларнинг ҳаракатлари уруш олиб боришнинг қонуний усули ҳам бўлиши мумкин. Юристлар фақат қуролли кучларнинг махсус тайёрланган ва қурол-аслаҳа билан таъминланган бўлинмалари қонуний диверсияни амалга ошириши мумкин, деб ҳисоблашади. Улар уруш олиб бориш таомиллари ва қоидаларига амал қилишлари, фақат қонуний нишон танлашлари шарт.
Диверсантлар узоқдан осон таниб олинадиган бўлиши, қуролини яшириб, ўзини тинч аҳоли вакилидек кўрсатишга уринмаслиги керак. Лекин диверсантларнинг «имтиёздан маҳрумлиги» тўқнашув томонларига улар ҳарбий жиноятчими-йўқми – фарқи йўқлиги билан ҳам тушунтирилади. Қўпорувчилар уруш қоидаларига минг риоя қилмасин, давлатлар улар ва террорчилар ўртасида фарқ кўрмайди.
Диверсиялар урушнинг боришига таъсир ўтказа оладими?
Афтидан, жуда камдан кам ҳолатларда.
Жанговар ҳаракатлар театрига диверсияларнинг таъсири ҳақида кенг миқёсдаги тадқиқотлар жуда кам.
Хитойлик ҳарбий стратег Сун-жи ҳарбий ёки фуқаролик етакчисининг намойишкорона ўлдирилиши душманнинг маънавий руҳини синдиради, деб ҳисоблаган. Бунда у жанговар ҳаракатлар театри ва урушнинг ортини фарқламаган. Сун-жининг фикрича, урушда олижаноблик билан эмас, алдамчи тактикалар: қопқонлар, душманнинг ожиз жойига зарба бериш, уруш чизиғи ортида ҳаракат қилиш ва ҳоказолар билан ғалаба қозонилади.
Диверсиялар баъзан мутлақо тескари натижаларга ҳам олиб келган. Биринчи жаҳон уруши даврида Германия АҚШдан Европага қурол-яроғлар ва отлар етказиб берилишига халақит бериш учун бир нечта йирик диверсияларни амалга оширади. Немис ҳарбий раҳбариятининг ўйлаганига кўра, ҳарбий омборлардаги портлашлар ва ёнғинлар АҚШни урушда иштирок этишдан бош тортишига олиб келиши керак эди. Лекин, тарихчиларга кўра, айнан улар Америка қўшинларининг Европа бўйлаб ёйилишига олиб келган.
Иккинчи жаҳон урушида ўрмонларга биқиниб ҳаракат қилган совет партизанларининг ҳаракати самарали бўлгани ҳақида ҳам бир-бирига зид маълумотлар кўп. СССР мактаб дарсликларида немислар томонидан оккупация қилинган ҳудудларда 40 мингдан зиёд партизанлар ҳаракат қилгани ҳақида маълумот келтириларди. Тадқиқотчиларнинг бир қисми душмант ортидаги қарама-қаршилик немис маъмурияти логистикасини самарали вайрон қилиб турганини қайд этади. Энг асосийси, улар вермахтнинг 10 фоиз қўшинини фронтдан чалғитиб турган.
Аммо бошқа версия ҳам бор: ёмон ташкилотчилик, қурол-яроғ етишмаслиги, шунингдек, СССР ҳарбий раҳбариятининг асир тушганлар ва оккупация остидаги ҳудудлар аҳолисига эътиборсизлиги туфайли партизанлик диверсиялари немисларнинг на стратегияси, на таъминотига сезиларли таъсир ўтказа олган.
Ҳарбий кемалар ва сув ости кемаларида юз берган диверсияларни ўрганиш ҳам ҳаттоки профессионал ҳарбийлар томонидан ўтказиладиган энг мураккаб операциялар ҳам доим самара беравермаслишини кўрсатган. Уларнинг аксар қисми тактик мақсадга эришишга олиб келмаган ва душманнинг стратегик режаларига деярли таъсир ўтказа олмаган.
Лекин, барибир, диверсиялар мутлақо бефойда бўлган, дейиш нотўғри. Масалан, Иккинчи жаҳон урушидаги энг муваффақиятли диверсиялардан бири «Ганнерсайд» операцияси ҳисобланади. 1941 йилда Британия разведкаси Германияга оғир сув – ядровий тадқиқотлар учун зарур кимёвий бирикма олиб кириш кўпайганини аниқлаган. Национал-социалистларнинг потенциал ядровий режаларига халақит бериш учун профессионал ҳарбийлардан иборат кўнгиллилар Норвегияда оғир сув ишлаб чиқарувчи зводни портлатиб юборишган.
Америка ҳарбий қўмондонлиги агар диверсия фронтдан қўшинларнинг маълум бир қисми олиб чиқилишига мажбур қила олсагина уни муваффақиятли деб баҳолайди. Иккинчи жаҳон уруши даврида МРБдан аввалги ташкилот – АҚШ стратегик хизматлар бошқармаси душман ҳудудида оддий диверсияларни амалга оширишга бағишланган махсус памфлет ҳам чоп этган эди. Идорадагилар пухта режалаштирилган нуқтали операциялардан кўра, фуқаролардан иборат аҳолининг қўпорувчилик борасидаги фаоллигини ошириб, душманнинг жанговар руҳини синдиришдан умид қилишган.
Яна бир мисол. ХХ аср охирларида Салвадорда ҳукумат ва коммунист партизанлар ўртасида фуқаролар уруши бошланган. Унинг биринчи босқичи стратегик объектлардаги нуқтали диверсиялар бўлган: масалан, қўзғолончилар армияга техника ва қурол-яроғ ташиш учун фойдаланилган Кускатлан кўпригини портлатишга муваффақ бўлган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, узоқ давом этган (14 йил) фуқаролар урушига қарамасдан, партизанларнинг диверсиялари марказий ҳокимиятнинг кучларини сезиларли даражада сусайтирган.
Сўнгги ўн йилликларда давлатлар диверсияларнинг янги турларига тўқнаш келишмоқда – киберпартизанлар томонидан критик инфратузилмаларга ҳакерлик ҳужуми уюштириш. Ҳарбий можаролар чоғидаги саботаж киберусуллари ҳақида илмий ишлар ҳам ёзилган. Украинада кенг миқёсли ҳарбий агрессия рўй берганининг бир йили ичида киберҳужумлар сони 80 фоизга ўсган. Ҳакерларнинг катта қисми давлат инфратузилмасига зарар етказган, бироқ «геосиёсий вазият ўзгаргани туфайли» хусусий компаниялар кўрган зарар ҳам қарийб 4 млрд долларга баҳоланмоқда.
Урушлар тарихида ҳеч ким майда-чуйда диверсиялар ҳисобига ғалаба қозона олмаган. Қадимги Хитойда ҳам, Украинадаги замонавий урушда ҳам зиддиятнинг у ёки бу томони аввало йирик операциялар – кенг миқёсдаги ҳужумлар, шаҳарларни эгаллаш ва шу каби ҳаракатлар билан стратегик устунликка эга бўлади.
Диверсиялар биринчи навбатда душманнинг асабига ўйнаш учун керак. Шу маънода Россия ҳудудидаги диверсиялар Украина учун жуда самарали. Бу ерда уни Украина қўмондонлиги амалга оширадими ёки бошқа бир мустақил тузилмалар – фарқи йўқ, муҳими улар Россияда катта асабийлик келтириб чиқаради, ва бу, албатта, Украина фойдасига ишлайди.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
10:23 / 28.05.2025
Давлат департаменти спикери: Россия Трампнинг сўзларини жиддий қабул қилиши керак
09:03 / 28.05.2025