Мирзиёевнинг сайловолди дастури, узоқ кутилган орган ва терговдаги яна бир ўлим — ҳафта дайжести
Шавкат Мирзиёев агар қайта сайланса, 7 йил давомида – 2030 йилгача нималар қилмоқчи эканини эълон қилди. Ниҳоят, аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан алоҳида орган шуғулланадиган бўлди. Чилонзор ИИБга олиб келинган ёш йигит шубҳали равишда вафот этди. Ҳафтанинг шу ва бошқа асосий воқеалари – Kun.uz дайжестида.
Ўзбекистон 2030 йилгача: Мирзиёев нутқидаги асосий нуқталар
Ўзбекистон президентлигига асосий номзод Шавкат Мирзиёев сешанба куни ЎзЛиДеП сьездидаги чиқишида сайловолди дастурини эълон қилди. Келгуси 7 йиллик муддати ичида, яъни 2030 йилгача эришилиши кўзда тутилган мақсадлар дастурда бешта йўналишга бўлинган.
Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, боғчаларга бўлган эҳтиёж 2030 йилгача 100 фоизга қондирилади. Мактаб етишмовчилиги муаммоси эса 7 йил давомида ҳар йили 500 мингтадан ўқувчи ўрни, жами 2,5 миллионта қўшимча ўрин яратиш орқали ҳал қилиниши айтиляпти. Ўзбекистондаги боғча ва мактабларнинг ҳаммаси филтрланган ичимлик суви билан таъминланиши ваъда қилинди.
Президентликка номзоднинг сўзларига кўра, кейинги 7 йилда ҳар битта боғчада компютер синфи, ҳар битта мактабда эса бошланғич синф ўқувчиларининг ҳаммасига етадиган таълим планшетлари бўлади. Информатика фанини ўқитиш 1-синфдан бошланади. Барча мактабларга чет элдан чет тили ўқитувчилари олиб келинади. Чекка ҳудудларда бепул мактаб автобуслари қатнай бошлайди.
Инфратузилмани яхшилаш бўйича режалар ҳам анча катта. 2 йил ичида қишлоқлар ва овулларнинг ҳаммаси интернет билан қамраб олиниши, 2030 йилгача 100 фоиз аҳоли пунктлари тоза ичимлик суви билан таъминланиши, туман марказларидан ҳар бир қишлоққача цемент-бетон йўллар қуриб, автобуслар қатнови йўлга қўйилиши айтиляпти.
Иқтисодий йўналишда, 2030 йилгача жон бошига ялпи ички маҳсулотни ҳозиргидан 2 баробарга ошириб, 4 минг долларга етказиш мақсади қўйилгани яна бир бор айтиб ўтилди. Агар бу амалга ошса, Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиши мумкин.
Шавкат Мирзиёев 17 турдаги давлат монополияси бекор қилинишини айтди. Кўпчиликни қизиқтирадиган автосаноат бўйича, 4 та нуфузли хорижий компаниянинг автомобил заводлари очилиши ва “соҳада ҳақиқий рақобат пайдо бўлиши” таъкидланди. Автомобил ишлаб чиқариш даражаси йилига ҳозирги 350 мингтадан 1 миллионтага етказилиши эълон қилинди. Божларни пасайтириш масаласи эса фақатгина Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлинганидан кейин, ташкилот томонидан Ўзбекистонга бериладиган имтиёзли давр охирига борибгина ҳал бўладиганга ўхшаяпти. Бу эса автомобиллар учун божлар кескин пасайишига ҳали камида 5 йил вақт бор дегани.
Президентнинг сўзларига кўра, кенг кўламли хусусийлаштириш натижасида давлат иштирокидаги компанияларнинг сони ҳозирги 2300 тадан 360 тага камаяди. Миллийбанк, Халқ банки ва Агробанкдан ташқари қолган ҳамма банклар хусусийлаштирилади. “Келгуси йилларда фақат магистрал энергия ва транспорт тармоқлари, давлат бошқаруви ва хавфсизлиги билан боғлиқ соҳалар давлат тасарруфида қолади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Муҳим янгиликлардан яна бири – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши бўлди. Фаоллар бундай агентликка катта эҳтиёж борлиги ҳақида бир неча йилдан бери гапириб келаётган эди. Президентнинг сайловолди нутқида айтилишича, агентлик ҳозирда 6 та вазирликда тарқоқ бўлган ижтимоий хизматларни бирлаштиради. Янги орган кексалар, ўзгалар парваришига муҳтож одамлар, кам таъминланган оилалар, зўравонликка учраган шахслар, ногиронлар, етимлар, қариялар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга ижтимоий хизматларни кўрсатади. Бунинг учун профессионал ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳукуматдан мустақил равишда, президент ҳузурида фаолият юритади, унинг директори бир вақтнинг ўзида президент маслаҳатчиси ҳам ҳисобланади. Бу лавозимга администрацияда департамент раҳбари ўринбосари сифатида ишлаб келган Мансурбек Оллоёров тайинланди.
“Фуқаролар ўз дини таълимотларини ўрганиш ҳуқуқига эга”
Ўзбекистонда эътиқод эркинлиги кафолатланган. Фуқаролар ўзи эътиқод қиладиган диннинг таълимотларини ўрганиш ҳуқуқига эга. Бу – виждон эркинлиги тўғрисидаги қонунда ёзиб қўйилган. Қонундаги бу талабни Ўзбекистон мусулмонлари идораси шу ҳафта эълон қилган баёнотида эслатиб ўтди.
Идора ўз баёноти билан “энди ҳатто жума табригини ҳам юбориб бўлмайди” деган мазмундаги хавотирли гап-сўзларни рад этди. Telegram'дан жума табригини юбориш, оят-ҳадисларни улашиш ва ўзбекистонлик уламолар ва имомларнинг маърузаларини тарқатиш энди мумкин эмас, деган мазмундаги огоҳлантиришларни Мусулмонлар идораси асоссиз ва ёлғон деб атади.
Лекин таъкидлаш керак, текширилмаган диний материалларни тарқатишга доир қонуний тақиқни ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Охирги пайтлардаги воқеалардан келиб чиқиб, бундай материалларни интернет орқали улашишда ҳушёр бўлавериш керак. Мусулмонлар идорасининг баёноти эса, юқоридаги қонун талабини эслатишдан ташқари, диний электрон манбалар рўйхати тақдим қилингани билан аҳамиятли. Фуқаролар бу рўйхатдаги ресурсларда келтирилган диний материаллардан фойдаланишлари ва яқинларига улашишлари мумкин.
Идоранинг қўшимча қилишича, бузғунчи оқимлар ўз ғояларини тарқатишда ўзига жалб қилувчи мусиқалар, суратлар ва рамзлардан фойдаланяпти. Экстремистик ғояларни тарқатиш, сақлаш ва фойдаланишнинг ҳар қандай шакли эса қонунан тақиқланган.
Тергов вақтидаги навбатдаги нохуш ҳодиса
Чилонзор туман ИИБда тергов қилинаётган 21 ёшли йигит шубҳали тарзда вафот этди. Сурхондарёлик Ҳафизуллоҳ Турғунбоев бир неча йилдан бери оиласидан узоқда, Тошкентда яшаб, ишлаётган бўлган. Расмийлар изоҳига кўра, у сўроққа олиб кетилаётган пайтда ҳожатхонага чиқиб келишни сўраган ва қочмоқчи бўлиб, бинонинг 4-қаватидаги ҳожатхона ойнасидан ўзини ташлаган. Натижада оёғи синиб, шифохонада вафот этган. Лекин бу изоҳга йигитнинг яқинлари ишонмаяпти. Уларни ва умуман кўпчиликни шубҳалантираётган айрим сабаблар бор.
Турғунбоевнинг отаси суҳбатлашган шифокорлар унинг ўғлида 4-қаватдан йиқилиш аломатлари бўлмагани, йигитнинг ҳеч қаери синмаганини айтган.
“Доктор ҳам оёқ-қўли синмаган, ҳеч нарса бўлмаган, деди. Шунга шубҳам бор, ўғлим бақувват ва ёш эди, қамоқдан қўрқадиган бола эмасди. Менинг биттагина ўғлимни уриб ўлдиришган деб ўйлайман. ИИБ биноси ойналарида панжаралар бўлади, у сиғмайди-ку. Агар ташлаган бўлса, камералар бўлади – ташлаганини кўрсатишсин ёки бармоқ изларини кўрсатишсин”, – деди Kun.uz билан суҳбатда йигитнинг отаси Эркин Холбоев.
Kun.uz суҳбатлашган шифокорлар ҳолатга изоҳ беришни истамай, ўз кўрсатмаларини тергов ва судда айтишларини билдирди. ИИБ биносининг 4-қаватидаги ҳожатхона ойнасини кўриш ҳақидаги сўровимиз эса тергов сири дея рад этилди. Ҳолат бўйича Чилонзор тумани прокуратураси терговга қадар текширув ўтказяпти. Суд-тиббий экспертизаси ҳам тайинланган.
Тошкент: Ҳимоясиз дарахтлар, ҳимоясиз одамлар
Ҳафта давомида Тошкентдаги бошқа айрим ҳолатлар ҳам жамоатчилик диққат марказига тушди. Чилонзорда ўнлаб дарахтларнинг илдизлари кесиб ташлангани катта резонанс чиқарганига бир йил ҳам бўлмай, Бўзсув каналининг шу туман ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида, кўп йиллик дарахтларнинг илдизларига зарар етказилди. Илдизларнинг қўпориб ташланиши натижасида азим дарахтларнинг яшаб кетиши сўроқ остида қолди. Ҳолат электр тармоқларини ўтказиш учун қазиш ишлари олиб борилаётган пайтда рўй берган. Масъуллар ҳолат бўйича ўрганиш ишлари бошлаганини билдирди.
Яшнободда эса аҳоли вакиллари ва ҳокимлик ходими ўртасида жанжал юзага келди. Фуқаролар ўзлари яшайдиган маҳалланинг тор кўчасига юк машиналари кириши тақиқлангани ҳақидаги белги қўйилган бўлса ҳам, ҳар куни юк машиналари кириб-чиқиб юрганидан шикоят қилган, лекин бу шикоятлари натижа бермаган. Шундан кейин аҳоли вакиллари кўчага қўлбола арка ясаб қўйишган. Тор кўчадан юк машиналари қатнашидан манфаатдор бўлган тадбиркор эса бу аркани олиб ташлашни сўраб мурожаат қилган. Аҳолининг мурожаати пайсалга солиниб ётган бир пайтда, тадбиркорнинг мурожаати зудлик билан кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган.
Ҳокимлик ва бошқа ташкилотлар вакиллари аркани бузиш учун келганида, аҳоли вакиллари билан жанжал юзага келган. Бу жанжалда расмий шахслар жамоасига Яшнобод тумани ҳокимлиги бош мутахассиси бошчилик қилган. Бу барзанги эркакка аёллар жароҳат етказган деган важ билан кейинроқ жиноят иши ҳам очилган. Ваҳоланки, видеоларда ҳокимлик ходими фуқаронинг юзига тош билан зарба берганини ҳам кўриш мумкин. Натижада аёл мия чайқалиши жароҳатини олган.
Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган органлар нега уларга қарши иш тутаётганини изоҳлаш қийин. Давлат хизматчиси бўлган эркак аёл фуқаронинг юзига тош билан уришини эса умуман изоҳлаб бўлмайди. Бу вазиятда ҳокимлик юк машиналари кириши тақиқланган кўчадан юк машиналари қатнаши учун шароит яратиб бериш ўрнига, саноат зонасига олиб борадиган бошқа йўллар нега ёпиб қўйилгани билан қизиқса, тўғрироқ бўларди.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Тошкент метросида бир қизга шилқимлик қилган икки талаба 5 суткага қамалди. Йигитлардан бири вагонда кетаётган қизнинг қўлига тегиниш билан унга шилқимлик қилган, шериги эса бу ҳолатни видеога олган. 22 ёшли талабалар видеони пранк сифатида интернетга жойлаши ортидан, Чилонзор туман суди уларга 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.
Қишдаги газ муаммоларидан кейин, Ўзбекистонда бензинга талаб кескин ошиб кетгани маълум бўлди. 2023 йилнинг дастлабки 4 ойида бензин ишлаб чиқариш ҳажми 32 фоизга, импорт ҳажми эса салкам 2 баробарга ошган. Импорт бензиннинг деярли ҳаммаси Россиядан олиб келиняпти. Шу ҳафта мамлакатдаги энг катта бензин шохобчалари тармоғи – UNG Petro АЁҚШларини хусусийлаштириш жараёни бошланди. Айни пайтда хусусийлаштириш учун консалтинг компанияси қидирилмоқда.
Экологияга масъул давлат органининг номи ярим йил ичида иккинчи марта ўзгарди. Декабр ойидаги маъмурий ислоҳот вақтида Табиат ресурслари вазирлиги деб ном берилган орган бундан буён Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб аталади. Биз вазирлик номи бўйича бир тўхтамга келолмаётган бир пайтимизда, экологик муаммолар оғирлашишда давом этяпти. Охирги хабарларга қараганда, Туямўйин сув омборидаги сув сатҳи 2,3 куб километргача камайиб кетган.
Ёз билан бирга, унинг жазирамаси ва аномал иссиқлар ҳам бошланяпти. Душанбадан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво оқими кириб келади. “Ўзгидромет” прогнозига кўра, 2023 йилнинг июнида ҳарорат кўп йиллик ўртача меъёрлардан 2-3 даражага юқорироқ бўлади. Аввалроқ хабар берганимиздек, дунё олимлари ҳам яқин 5 йилда рекорд даражадаги глобал исишдан огоҳлантирган.
Мавзуга оид
20:00 / 16.11.2024
Пискентдаги кўргилик, панел импортига чеклов ва Европани ёритадиган Ўзбекистон — ҳафта дайжести
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024