Жаҳон | 11:34 / 04.06.2023
36154
12 дақиқада ўқилади

«Самолётга чақмоқ текканда онам ҳаммаси тамом деганди» — авиаҳалокатдан сўнг 3 минг метрдан қулаган қиз қандай тирик қолганди?

Юлиана Кёпке 17 ёшда эканида таътил пайтида онаси билан Перунинг пойтахтдан узоқ шаҳрида ишлаётган отасининг олдига жўнайди. АҚШда ишлаб чиқарилган турбо парракли самолёт манзилга етмасдан ҳалокатга учрайди. Оқибатда унинг бортида бўлган барча ҳалок бўлади. Фақат Юлиана тирик қолади. Қалин ўрмонда адашиб қолган қиз 10 кун деганда оч-наҳор ҳолда аҳоли манзилини топиб боради.

Фото: Getty Images

1971 йил декабр ойининг учинчи ўн кунлигида Мария Кёпке қизи Юлиана билан Перудаги Пукалпа шаҳрида ишлаётган эрини кўриб келиш учун йўлга чиқади.

Бу оила Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Германиядан Перуга кўчиб кетган, Юлиана 1954 йилда туғилган эди. Ўшанда она ва қиз Юлиананинг мактаб таътили тугагунча Пукалпада қолишни режа қилишади.

Мария ва Юлиана 24 декабр куни пойтахт Лимадан 11 км узоқликда жойлашган Каляо шаҳарчасидаги халқаро аэропортдан самолётга ўтиришади. Пойтахт Лима шаҳри учун шу аэропорт хизмат кўрсатади.

Улар ўтирган самолёт Лима-Икитос йўналиши бўйича парвоз қилиши ва Пукалпада қўниб ўтиши керак эди. Она ва қиз чиққан Lockheed L-188 Electra самолёти 1959 йилда АҚШда ишлаб чиқарилган бўлиб, турбо парракли двигател ёрдамида парвоз қиларди.

Перунинг LANSA авиакомпаниясига қарашли ушбу самолёт 80 ўринга эга бўлиб, ўша куни унинг бортида ёш болалар билан бирга 86 нафар йўловчи бўлган. Самолётга 6 нафар экипаж аъзолари хизмат кўрсатган.

Lockheed L-188 Electra турбопарракли

Самолёт ҳавога кўтарилган куни ҳаво булутли, чақмоқ чақиб ёмғир ёғиб турганди. Охир-оқибат ана шу нарса ҳалокатга сабаб бўлади.

Қизиғи шундаки, бир йил аввал, 1970 йилда ҳам LANSA авиакомпаниясига қарашли Lockheed Electra самолёти ҳалокатга учраган ва 101 киши ҳалок бўлганди.

Ўшанда Перу ҳукумати ҳалокатда экипаж аъзоларини айбдор деб топади ва 90 кунга авиакомпаниянинг фаолият кўрсатишини тўхтатиб қўяди. Авиакомпания фаолиятини тиклагач бир неча ойдан сўнг Lockheed L-188 Electra билан бу ҳалокат содир бўлади.

Ҳалокат

1971 йил 24 декабр куни маҳаллий вақт билан соат 12:00 да Каляо шаҳридаги аэропортдан парвоз қилган самолёт 6 400 метр баландликка кўтарилади ва тоғлар устидан уча бошлайди.

Ўша куни ҳаво булутли, чақмоқ чақиб ёмғир ёғиб турганди. Парвознинг дастлабки 25 минути бир маромда кечади. Шундан сўнг самолёт Анд тоғлари устидан уча бошлайди. Кўп ўтмай чақмоқлардан бири келиб самолётга урилади.

Чақмоқ самолётнинг қанотларидан бирига паррак ва ёқилғи баки ўртасига урилганди. Оқибатда ёқилғи баки портлайди ва самолётнинг ўша қаноти узилиб тушади.

Шундан сўнг самолёт мувозанатни йўқотади ва силкиниб уча бошлайди. Учувчилар ҳарчанд уринмасин бу ҳолатда ҳеч нарса қила олмас эди. Кўп ўтмай самолёт двигателлари ўчади ва диспетчерлар учувчилар билан алоқани йўқотишади.

Юлиана Кёпке онаси билан учган маршрут

Каляо шаҳридан Пукалпагача 700 чақирим бўлиб, парвоз вақти 50 дақиқа эди. Бироқ бир неча соат ўтиб кетса ҳам самолёт Пукалпага етиб бормайди. Шундан сўнг ҳавога самолётни қидириш учун қутқарувчиларнинг самолётлари кўтарилади.

Юлиана ва онаси ўтирган самолёт бу пайтда Пукалпадан бироз узоқликда жойлашган қалин ўрмонга қулаб тушганди.

Қутқарувчи самолётлар ҳалокатга учраган самолётни топа олишмайди. Lockheed L-188 Electra бўлаклари қалин ўрмон билан қопланган ҳудудга сочилиб кетган ва тепадан улар кўринмасди. Шунингдек, самолёт қулаб тушганда ёниб кетган бироқ сал ўтмай кучли ёмғир оловни ўчирганди.

Кейинчалик Юлиана самолётнинг қулаб тушишини эслар экан шундай деганди:

«Самолётга чақмоқ урилганда у бир силкиниб тушди ва мувозанатни йўқотди. Ана шу пайтда онам «ҳаммаси тамом» деди. Кўп ўтмай самолёт двигатели ўчди ва салон одамларнинг йиғлаб бақирган овозлари билан тўлди. Сал вақт ўтмай қаттиқ зарб билан ерга урилдик. Кўзимни очганимда қалин ўрмонда самолёт ўриндиғида камар тақилган ҳолда ўтирардим. Ёнимда ўтирган онам йўқ эди».

Юлиана ҳалокат содир бўлгандан бир сутка ўтиб ўзига келади. Қиз ерга самолётнинг ўриндиғида ўтирган ҳолда келиб тушган ва шу унинг ҳаётини сақлаб қолганди.

Юлиана Кёпке ота-онаси билан

Юлиана ҳушига келганда мияси чайқалган, танасининг айрим қисмлари жароҳатланган ҳолда бўлади. Қизнинг кўриш қобилияти пастроқ бўлиб, у кўзойнак тақарди. Бироқ у ўзига келганда кўзойнаги ўзида эмаслиги маълум бўлади.

Шу пайтда қиз осмонда ҳалокатга учраган самолётни қидираётган қутқарувчи самолётлар овозини эшитади. Бироқ қалин чангалзор ўрмонда уларга ўзининг тирик экани ҳақида хабар беришнинг иложи йўқ эди.

Шундан сўнг қиз бир неча марта ҳушини йўқотади ва анча пайтгача ўрнидан туролмайди. Шу тарзда тўрт кун ўтгач Юлиана амаллаб ўрнидан туради ва онасини қидира бошлайди. Бироқ жасадлар ва самолёт бўлаклари турли томонга сочилиб кетган қалин ўрмонда у на онасини на бошқа жасадларни топа олмайди.

Кейинчалик ўтказилган текширувларда самолёт қулаб тушган пайтда Юлианадан ташқари яна 14 нафар йўловчи тирик бўлгани ва улар олган тан жароҳатлари туфайли кейин ҳалок бўлгани маълум бўлади.

Юлиана Кёпке самолёт қулаган жойда

Тирик қолиш учун кураш

Онасини қидириб топа олмаган Юлиана яқин атрофдан аҳоли манзилларига етиб олиш учун йўлга тушади. Қиз отасининг олдига тез-тез келиб турган ва жунгли ўрмонларида кўп марта бўлганди. Шу учун у ўрмон оралаб юраётганда умуман қўрқмайди.

Ўша пайтда қизда озиқ-овқат мутлақо йўқ эди. Шу сабабли Юлиана йўлда кетаётиб турли қурт-қумурсқалар ва чувалчанглар билан озиқланади. Шу ҳолатда у қалин ўрмон оралаб олти кун юради.

Ўшанда самолёт бўлаклари ва жасадлари қалин ўрмонда 15 километр радиусга тушганди. Қиз кетаётиб йўлда бир қанча жасадларга дуч келади ва уларнинг ёнида бўлган озроқ егуликларни олади.

Қиз одамларни қидириб юрар экан узоқдан дарёдаги сувнинг оқишини эшитиб қолади. Шунда отасининг дарё бўйларида ҳар доим дарахт кесувчиларнинг ёки овчиларнинг маконлари бўлиши ҳақидаги гапи эсига тушиб, ўша томонга қараб юради.

Олтинчи кунда у ўрмон орасида оқаётган кичик дарёга чиқади. Сўнг оқим бўйлаб кета бошлайди. Тўққизинчи кунда у йирик дарёга етиб боради қирғоқ яқинидаги тепаликда чайла борлигини кўриб қолади. У қийинчилик билан тепаликка чиқиб ҳолсизликдан ухлаб қолади.

Қарийб 1 сутка ухлаган қиз 4 январ куни одамлар товушидан уйғониб кетади. Кейинчалик маълум бўлишича, уни уйғотганлар яқин орадаги қишлоқда яшовчи ўрмон кесувчилари бўлиб, чайла уларга қарашли экан.

Ўрмон кесувчилари қизни дарҳол қишлоққа олиб боришади. Уни овқатлантириб яраларини боғлаб қўйишади. Кейинги кунда қизни қайиққа ўтқазиб қишлоқ яқинидаги шаҳарчага олиб боришади.

Юлиана Кёпкега тиббий ёрдам кўрсатишаяпти.

Шаҳарчадаги шифохонада қизга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилади. Сўнг уни Пукалпа шаҳридаги шифохонага олиб бориб ётқизишади. Юлиананинг отаси қизини шу ердан топади.

5 январ куни қутқарувчилар қиз берган маълумотлар асосида ҳалокат содир бўлган жойни осонгина топиб боришади. Бироқ бу пайтда тирик қолган йўловчиларнинг барчаси вафот этиб бўлганди.

Кўп ўтмай Юлиана Германияга бориб даволанади. Сўнг Килск университетида биология бўйича таҳсил олади. 2000 йилда Юлиана отасининг вафотидан сўнг Перуга қайтади, отаси раҳбарлик қилган тадқиқот марказига директор бўлади.

Ҳалокат юзасидан текширувлар

Юлиана берган маълумотлар бўйича қутқарувчилар ҳалокат содир бўлган жойни топиб боришади. Сўнг ҳалокат сабабларини аниқлаш учун мутахассислар иш бошлайди.

Жасадлар текшириб кўрилганда самолёт ерга келиб урилганда Юлианадан ташқари яна 14 киши тирик қолгани, улар турли жароҳатлардан қон кетиши ва очлик туфайли бир неча кундан сўнг ҳалок бўлгани аниқланади.

Мутахассислар ҳалокатга сабаб бўлган яна бир ҳолатни аниқлашади. Анд тоғларида ноқулай ҳаво ҳукм сурганда, ёмғир ва чақмоқлар содир бўлганда учувчиларга иложи борича бундай ҳудудларни айланиб ўтиш кўрсатмаси берилади.

Бироқ ўша куни Lockheed L-188 Electra экипажи вақт ва ёқилғи тежаш мақсадида чақмоқ чақаётган ҳудудни айланиб ўтишни хоҳламайди. Вазиятни била туриб ўз тажрибасига ишонади ва самолётни хавфли ҳудуддан олиб ўтишга уринади. Оқибатда самолётга чақмоқ келиб урилади ва унинг асосий ускуналарини ишдан чиқаради.

Шу тариқа ҳалокатга ноқулай об-ҳаво билан бирга учувчиларнинг ўзбошимчалиги ҳам сабаб бўлгани маълум бўлади. Шундан сўнг LANSA авиакомпаниясининг лицензияси яна бекор қилинади.

Юлиана Кёпке самолёт қулаган жойда

Ҳалокат ҳақида филм

Юлиананинг мўъжизали тирик қолиши ўша пайтда ОАВ орқали бутун дунёга тарқалади. Кўп ўтмай келиб чиқиши итальян бўлган америкалик режиссёр Жузеппе Скотезе Юлиана ҳақида филм олишга қарор қилади.

Филм 1974 йилда суратга олинади. Режиссёр унга «Мўъжизалар давом этади» деб ном беради. Филмнинг бир қисми Италиянинг Чинечитта киностудияси павильонларида, қолган қисми Перуда айнан Юлиана ва унинг онаси ўтирган самолёт қулаб тушган ўрмонда олинади.

Режиссёр томошабоп бўлишини инобатга олиб филмнинг саргузаштларга бой бўлишини хоҳлайди. Шу сабабли филмга Юлиана дуч келмаган ҳодисалар ҳам қўшилади. Айрим зерикарли деб ҳисобланган кадрлар кесиб ташланади.

Режиссёр Юлиана ролига ўша пайтда ҳали унча танилмаган британиялик актриса Сюзан Пенхалигонни таклиф этади. Ўша пайтда Сюзан 25 ёшда эди. Филмдаги хавфли саҳналарнинг аксариятини унинг ўзи ижро этади.

Чап томонда Юлиана Кёпке ролини ижро этган актриса Сюзан Пенхалигон

Филм ўша пайтда танқидчилар томонидан ижобий кутиб олинади. Кўплаб хориж давлатларида намойиш этилади. Шу жумладан рус тилига таржима қилиниб, СССРда ҳам намойиш этилган.

1981 йил СССРда содир бўлган авиаҳалокатдан сўнг 5 минг метрдан қулаб тирик қолган қиз Лариса Савицкая айнан «Мўъжизалар давом этади» филмида кўрган саҳнасини такрорлаб тирик қолганини айтганди.

«Мўъжизалар давом этади» филмида Юлиана самолёт ўриндиғи билан қулаб тирик қолгани кўрсатилган. Лариса ҳам қулаб тушишдан аввал ўриндиқ ва унинг суянчиғи орасига кириб олади ва ана шу унинг жонига ора киради.

Бироқ 2000 йилда Юлиана билан содир бўлган ҳодиса ҳақида ишланган ҳужжатли филмда унинг ўзи «Мўъжизалар давом этади» филмини танқид қилиб чиқади.

Юлиананинг айтишича, филм қаҳрамони қалин ўрмонда одамларни қидириб юрар экан, тинимсиз ёрдам сўраб бақириб юради. Юлиана ҳалокатдан сўнг умуман ёрдам сўраб бақирмаганини, қийинчиликларга бардош бериб фақат олға интилганини, филм шу жиҳатдан ўзига ёқмаслигини айтади.

Шунингдек, Юлиана қалин ўрмонда турли қурт-қумурсқалар ва турли ҳайвонларга дуч келганда қўрқмаганини ва қочмаганини, аксинча улар ўзидан қўрқиб қочишганини айтади. Филмда эса Юлианани қўрқоқ қилиб тасвирлашган.

Юлиана Кёпке ҳозир 69 ёшда. У ҳалокатдан сўнг биология соҳасида ўқиб мутахассис бўлади. Отасининг вафотидан сўнг айнан унинг ишини давом эттиради.

Юлиана Кёпке ҳозирги кунларда

У 2011 йилда ҳалокат тафсилотлари ҳақидаги асарини китоб ҳолида чоп эттиради. «Осмондан қулаганимда жунгли ҳаётимни қандай асраб қолганди?» деб номланган китобда ҳалокатдан сўнг қандай қилиб тирик қолганини ҳикоя қилган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид