Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Газ уруши. Россия Европага газ етказиш ҳажмини рекорд даражада қисқартирмоқчи. Бундан наф бўладими?
Россия газининг Европага етказиб берилиши шу ҳафтада тарихий минимал даражага тушади, чунки ҳозиргача ишлаб турган иккита газ қувуридан бири — Туркия орқали ўтувчи қувурда таъмирлаш ишлари бошланди. Россия газини Европа Иттифоқига етказиб беришнинг ягона йўналиши Украина орқали ўтувчи транзит бўлиб қолади.
Кремлнинг Европа билан газ урушининг кескинлашуви 2022 йил кузида тахминан худди шу тарзда бошланганди. Ўшанда «Газпром» Европа Иттифоқига газ етказиб берувчи «Шимолий оқим» магистрал газ қувурини профилактика учун ўчириб қўйган ва кейин уни қайта ишга туширишдан бош тортган эди. Шундан бери Европа Иттифоқи Россия газини фақатгина Украина ва Туркия орқали ўтган қувурлардан олаётганди.
Газ урушининг янги босқичи бошланиши мумкинми? Эҳтимоли кам. Учта сабабга кўра.
Биринчидан, Европа «Газпром»сиз ҳаётга кўникмоқда ва улар бошқа муқобил йўлларни топди. Қатар ёки АҚШдан суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича имзоланган ҳар бир шартнома европаликларнинг хавотирларини камайтирмоқда. Европа Иттифоқи аллақачон Россия газининг тўлиқ узилишига тайёрланди ва газни тежашни ўрганди.
Иккинчидан, «Газпром» ҳеч қачон йирик, яқин ва бой Европа бозорисиз ҳаётга кўника олмайди, унга муқобил бозорни яқин йилларда, ҳатто ўн йилликда ҳам топа олмайди.
Учинчидан, Кремл шу пайтгача Полша (Ямал-Европа) ва Германия (Шимолий оқим) каби тўғридан тўғри душманларга газ етказиб берувчи газ қувурларини ўчириб қўйган бўлса, «Турк оқими» Украина босқинидан кейин ривожланган дунёдан ажралиб қолган Россия президенти Владимир Путиннинг саноқли шерикларидан бири бўлган Туркия орқали ўтади.
Европа қандай қилиб газ урушида ғалаба қозонмоқда?
Путин қўшни Украинани эгаллаш учун армиясини юборишдан бир ярим йил олдин Европага қарши газ урушини бошлаб юборганди. Ва 2022 йил кузигача бу газ урушининг барча фронтларида Россия ҳужум қилди, Европа эса ҳимояланди.
«Газпром» йил давомида Европа Иттифоқига газ етказиб бериш ҳажмини деярли 80 фоизгача қисқартирди. Европа инфляцияни кучайтириб, иқтисодий ўсишни секинлаштирган энергетик инқирозга учради. Европа Иттифоқи давлатлари аҳоли ва саноатни қўллаб-қувватлаш учун 750 миллиард евродан кўпроқ маблағ сарфлади.
Аммо Украинага қарши катта урушда бўлгани каби, Кремлнинг газ блицкриги ҳам барбод бўлди. Европа Иттифоқи оёқда қолди ва энди «қарши ҳужум» ҳақида ўйламоқда.
Ҳозирга қадар Россия гази Украинадаги уруш учун Россияга қарши жорий қилинган кенг кўламли Европа санкцияларига дучор бўлмади, чунки босқин пайтида ЕИ Россиянинг «газ игнаси»га ўтирган эди.
Европа ўзининг газга бўлган эҳтиёжининг 40 фоизини Россиянинг арзон қувур газлари билан қоплайди.
Аммо орадан ярим йил ўтиб, иттифоқнинг 27 давлатидан баъзилари аллақачон Россия ўчириб қўйган газ қувурларидан бутунлай воз кечишни таклиф қилмоқда. Ушбу таклиф G7’нинг сўнгги йиғилишида муҳокама қилинди, бироқ ҳозирча бир овоздан қўллаб-қувватланмади.
Европаликларга жасорат бахш этган нарса шуки, ўтган қишда Европа Россиянинг энергия таъминотига қарам бўлмаган янги реалликка ўрганди. Ва энди урушдан олдинги даврга қайтиш ниятида эмас.
Бундан ташқари, Европа келажакда нафақат Россия, балки АҚШ ва Қатар газидан ҳам деярли бутунлай воз кечишга тайёрланмоқда. Шунинг учун иттифоқ суюлтирилган газни сотиб олиш бўйича қарийб умуман узоқ муддатли шартномалар имзоламаяпти ва жорий нархларда спот бозордан (олди-сотди дарҳол, «жойида» амалга ошириладиган бозор) сотиб олишни афзал кўрмоқда. Европаликлар қайта тикланувчи ва атом энергиясига эътибор қаратяпти.
Россия блокадаси туфайли газ нархи рекорд даражада ошиши ортидан газ истеъмоли ҳам ўз-ўзидан пасайиб бормоқда.

Россия қандай қилиб ўзининг газ урушида ютқазмоқда ҳамда АҚШ ва Хитой бундан фойда кўрмоқда?
Европа ҳам йўқотишларга учради. Унинг саноат мотори — Германия бир неча ойдан бери оқсамоқда. Бироқ, Россия кўпроқ зарар кўрмоқда.
2022 йил мамлакатда газ қазиб олиш 90 миллиард куб метрга ёки 12 фоизга қисқарди, 2023 йилда эса яна 50 миллиард куб метрга камаяди. Шундай қилиб, IEA ҳисоб-китобларига кўра, икки йил ичида Россия деярли 20 фоиз газ қазиб олиш салоҳиятини йўқотди.
Ва агар шу пайтгача ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми пасайиши рекорд нархлар ва даромадлар ҳисобига қопланган бўлса, сўнгги ойларда Европада газ нархи, Кремль ЕИга қарши газ урушини бошлаган 2021 йил ёзидан бери кузатилмаган даражага тушиб кетди.
2023 йил июн ойига келиб, Европада газ йил бошидаги нархнинг учдан бир қисмига арзонлади.
Нархлар тушиши туфайли «Газпром»нинг даромадлари камайиб бормоқда, аммо компания Европа бозорини алмаштирадиган муқобилга эга эмас. «Газпром» Ғарбга газни шарқий қувурлар тизимига уланмаган Ғарбий Сибир конларидан етказиб берган. Бу газни шарққа йўналтириш учун янги сармоя ва харидорлар керак.
Европа бозори ўрнини боса оладиган ягона йўналиш — бу Хитой. Бироқ у ерга ётқизилувчи янги «Сибир кучи 2» газ қувури қурилиши ҳали ҳам секин кетмоқда.
Владимир Путин ва «Газпром» бу қувурни қанчалик баланд овозда реклама қилса, хитойликларнинг жавоб сукунати шунчалик сассиз бўлмоқда. Вақт улар томонда: сукут қанчалик узоқ давом этса, Путин қувур газининг нархи масаласида шунчалик мослашувчан бўлади, чунки унда бошқа харидорлар йўқ.
Агар «Сибир кучи 2» газ қувури охир-оқибат қурилса ҳам, у Хитойга Кремль Европага етказиб беришдан бош тортган Ямал газининг бир қисминигина сотишга имкон беради. «Газпром»нинг даромади эса Хитойдаги арзон нархлар ва янги газ қувурини қуриш учун бир неча миллиард доллар сарфлагани сабабли аввалгидан анча паст бўлади.
Айни пайтда, Россия бой берган Европа газ бозорининг катта қисмини АҚШ эгаллади, чунки Европа энди суюлтирилган газ сотиб олишга ўтди. Бу газ эса қувурлар орқали эмас, балки денгиз орқали етказиб берилади.
2023 йилда америкаликлар дунёдаги суюлтирилган газнинг ярмидан кўп қисмини ишлаб чиқаради ва АҚШ унинг асосий экспортчисига айланади, деб тахмин қилмоқда IEA.
Қўшма Штатлар аллақачон Россияни дунёдаги энг йирик газ ишлаб чиқарувчилар рейтингида биринчи ўриндан сиқиб чиқарди. Америкаликлар Путиннинг Европани Украинани қўллаб-қувватлашдан воз кечишга мажбур қилиш учун газ қазиб олишни қурбон қилиш қароридан фақатгина фойда кўрди.
Ҳозир Россия газ қазиб олишни камайтирар экан, АҚШ уни оширмоқда. Урушгача Вашингтон йилига 984 миллиард кубометр газ ишлаб чиқарган бўлса, 2022 йил бу миқдор 1020 миллиардга етказилган, 2023 йил эса 1040 миллиард кубометр ишлаб чиқариш режалаштирилган. Россия бу вақтда газ ишлаб чиқаришни 620 миллиард куб метргача қисқартирмоқда.
Путинда қандайдир «кузир» қолганми?
Мутахассислар огоҳлантиришича, ҳатто европаликлар келаси қишда қийналишига тўғри келса ҳам, ҳозирги вазиятда Россия аста-секин Европа бозорини бутунлай йўқотади.
Агар ҳаммаси мағлубият томон кетаётган бўлса, Путин битта ҳал қилувчи зарба билан газ урушининг боришини ўзгартиришга уриниб кўриши ва ва-банкка бориб, Европага газ етказиб беришни бутунлай тўхтатиши мумкинми?
Бу ҳолда Европа Иттифоқи Россия газини алмаштира олмайди. Ҳатто ҳозирги таъминот даражаси билан ҳам, Европанинг энергия инқирози янада кучаяди, дея огоҳлантиради IEA.
«Агар Россия Европа Иттифоқига етказиб бериладиган газ ҳажмини жорий йилнинг биринчи чораги даражасида ушлаб турса, 2023 йилда Европа Иттифоқининг ривожланган мамлакатларига газ етказиб бериш 2022 йилга нисбатан 45 фоизга (35 миллиард куб метрдан кўпроқ) қисқаради», дейилади IEA’нинг сўнгги ҳисоботида.
Европага газ етказиб берувчи бошқа газ қувурлари қурилмайди, суюлтирилган газ эса ҳатто ҳозирги вазиятда ҳам етарли бўлмайди.
«Жаҳон бозорида LNG етказиб бериш 2023 йилда атиги 4 фоизга (тахминан 20 миллиард куб метр) ўсиши кутилмоқда. Бу Россиядан Европага қувур орқали газ етказиб беришнинг кутилаётган қисқаришини қоплаш учун етарли эмас», дейди IEA ва бошқа масалаларга, жумладан, совуқ қиш ёки иссиқ ёз, Осиёда талабнинг ошиши ва аварияларига эътибор қаратади.
Уларнинг ҳар бири газ нархининг янги сакрашига ва Россиянинг Ғарбга қарши энергия урушининг янги босқичи бошланишига олиб келиши мумкин.
Мавзуга оид
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
15:45 / 27.05.2025
Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларни АҚШ билан биргаликда қўлламоқчи
20:02 / 24.05.2025
G7 саммити ва Трампнинг божлари: музокараларда аниқ натижалар кўринмади
16:42 / 24.05.2025