Жаҳон | 21:46 / 05.06.2023
38487
7 дақиқада ўқилади

Россия Украинанинг «кенг кўламли ҳужуми» бошланганини эълон қилди. Бу тўғрими?

Вазият жуда тез ўзгармоқда.

Фото: Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA

Фронтда амалда нималар бўлмоқда?

4 июн куни ва 5 июнга ўтар кечаси Украина қуролли кучлари Жанубий Донецк йўналишида, яъни Украинанинг Донецк ва Запорижжя областлари маъмурий чегарасида, Вуҳледар атрофида ҳужумга ўтган. РФ мудофаа вазирлиги буни «кенг кўламли ҳужумнинг бошланиши» деб баҳолади ва ҳужумда украинларнинг саккиз батальони (тўрт-беш минг киши) иштирок этганини маълум қилди. Аммо дрондан олинган ва Россия мудофаа вазирлиги ва россиялик ҳарбий мухбирларнинг телеграм-каналларида тарқатилган видеоёзувда таркиби сон жиҳатдан битта ротаникидан ортиқ бўлмаган (юз киши атрофида) кучлар иштирокидаги бир неча ҳужум қайд этилган. Ёзувга кўра, Украина қуролли кучлари бўлинмаларининг фронт чизиғидан максимал илгарилаши бир ярим километрни ташкил этган. Видеода акс этган жанг майдони мана бу ҳаволадаги жойга тўғри келади.

Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари чиндан ҳам бир қанча техникаларидан айрилган: Россия томони эълон қилган видеода украинларнинг ёнаётган зирҳли машиналари акс этган; жангдан кейин россиялик ҳарбийлар зарбага учраган ва жанг майдонида қолдирилган International MaxPRO русумли бешта автомобилни видеога олишди (бошқа сўз билан айтганда, Донецк областининг Великая Новоселка қишлоғи атрофидаги камида битта участкада жанг майдони РФ қуролли кучлари назорати остида қолган).

Шу билан бирга, «ДХР»даги кўзга кўринган ҳарбий арбоблардан бири, Владимир Путин томонидан Росгвардия раҳбарининг оккупация остидаги ҳудуд бўйича ўринбосари Александр Ходаковскийнинг айтишича, Украина қуролли кучлари йўналишлардан бирида «муваффақиятга эришган» — Великая Новоселка ва Вуҳледар ўртасида (ҳозирча томонлардан ҳеч бири бу ҳудуддан видео эълон қилгани йўқ). Ходаковскийнинг сўзларига кўра, украинлар радиоэлектрон уруш ва бостириш воситалари билан Россия бўлинмаларининг алоқаларини маълум вақтга ўчириб қўйган, шундан кейин улар РФ қуролли кучлари сафларини бузишга муваффақ бўлган.

Украина томони қарши ҳужум бошланганини инкор этмоқда

Украина қуролли кучлари стратегик коммуникациялар бошқармаси бу масалада берган баёнотда Россия қўшинлари «ахборий-психологик операцияларни фаоллаштиргани» айтилади. Украина армияси расмийлари Украина ва РФ қуролли кучлари ҳаракатлари бўйича «ишончсиз маълумотлар тарқатилиши» мумкинлигидан огоҳлантирган. «Украинларнинг руҳини чўктириш ва жамоатчиликни (шу жумладан ўз аҳолиси орасида) чалғитиш учун россиялик пропагандачилар қарши ҳужум, унинг йўналишлари ва украин армияси йўқотишлари тўғрисида ёлғон маълумотлар тарқатишади. Ҳатто қарши ҳужумнинг ўзи бўлмаса ҳам. Бунинг учун зарбага учраган техникалар, жасадлар ва асирлар акс этган эски видео ва фотоларни тайёрлашган. Шунингдек, бошқа сохта материалларни», — дейилган хабарда.

Демак, бу Украина қуролли кучларининг йирик қарши ҳужуми бошланишими — ёки ҳали ҳам йўқми?

Ҳозирча бу асосий зарба эмаслиги аниқ. Аммо, бу битта шундай ёки давомли зарбалар бериш арафасида олиб борилаётган разведка жанглари бўлиши мумкин. Бўлаётган ишларни тушунтириши мумкин бўлган яна бир изоҳ шундан иборатки, бу — «дастлабки чора-тадбирлар»нинг бир қисмидир, шу кунларда бутун фронт бўйлаб (Бахмут атрофи ва Белгород областининг Шебекино шаҳридан тортиб Херсон областида Днипро дарёси бўйларигача бўлган ҳудудда) шундай тадбирлар ўтказилмоқда. Уларнинг мақсади — россияликларнинг захираларини банд қилиш ва мудофаа чизиғини чўзиш.

РФ мудофаа вазирлиги иддаосига кўра, Украина қуролли кучлари Великая Новоселка атрофида 2023 йилги катта юриш учун махсус шакллантирилган ва ғарбнинг замонавий техникалари билан қуроллантирилган 20 та бригададан иккитасини ҳаракатга келтирган. Бу бригадалар жанг майдонида пайдо бўлиши катта юриш бошланганининг яққол белгиси бўлиши мумкин. Аммо бу чиндан ҳам рўй берганига ҳозирча далил келтирилмади: Россия томони тарқатган видеода Украина қуролли кучлари аввал ҳам бошқа йўналишларда ишлатган ғарб техникаларини кўриш мумкин (Пентагоннинг сиздирилган ҳужжатларига кўра, бундай техникалар нафақат янги, балки эски бригадаларда ҳам мавжуд).

«Янги бригада»нинг яққол белгиси бўлиши мумкин бўлган ғарбнинг замонавий танклари, «Брэдли» русумли пиёдаларнинг жанговар машиналари ва «Страйкер» русумли зирҳли транспортёрлар бу видеода кўринмаган.

Шу билан бирга, Великая Новоселка ҳудудидан ҳужум Волноваха ва кейин Мариуполгача қилинадиган асосий юришнинг бир қисми бўлиши мумкин. Бундай зарба беришнинг аниқ афзалликлари мавжуд: фронт чизиғидан 90 километр масофада турган Мариупол шаҳри озод этилиши, шубҳасиз сиёсий нуқтайи назардан муҳим ҳисобланади; шунингдек, Азов денгизи соҳилларига чиқиш РФ қуролли кучларининг Таганрог — Мариупол — Бердянск автойўли бўйлаб амалга ошириладиган асосий таъминот йўлини қирқиб қўйиш демакдир. Минуслар ҳам бор: Великая Новоселка ва Вуҳледардан жануб томон ҳаракатланар экан, юриш қилаётган гуруҳнинг шарқий қаноти узая боради ва Донецк ва Россия чегараси томонидан зарба бериш учун очиқ қолади.

Бу ҳудуддаги рельеф ҳам ҳужум қилувчи томон учун қулай бўлмайди, айниқса Россия авиациясининг ҳаводаги устунлиги шароитида: Мариуполгача бўлган 90 километр яланғоч даштлардан иборат. 2022 йил кузида ҳам Украина қуролли кучларида Херсон областининг Днипронинг ўнг соҳилидаги шу каби ландшафт бўйлаб ҳаракатланишда жиддий муаммолар кузатилганди.

Великая Новоселка атрофидаги ҳужум ушбу йўналишда тайёрланган юришнинг даракчиси экани ёки йўқлигини аниқ айтиб бўлмайди. Аммо бу ҳужум асосий юриш билан боғлиқлиги аниқ — худди сўнгги ҳафталарда Мариупол ва Бердянскка берилган ракета зарбалари каби. Шу билан бирга, якунда асосий зарба бутунлай бошқа жойдан берилиши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди.

Мавзуга оид