Ўзбекистонликлар Германия визаси учун учрашув белгилаши қийинлашиб кетди
Германиянинг Тошкентдаги элчихонасига бириктирилган Visametric ташкилоти орқали шенген визаси учун учрашув белгилашнинг иложи бўлмай қолгани айтиляпти. Kun.uz'га мурожаат қилган Германиядаги ватандошлар тизим яхши ишламаётгани ва навбат олиш имконияти йўқлигини айтди. Талабгорлар сони ошгани Германия ўзбекистонликларга кўпроқ иш таклифларини бераётган бир вақтга тўғри келмоқда.
Ўзи нима гап?
Германияга шенген виза олиш учун элчихона билан учрашув белгилаш фақатгина Visametric виза маркази орқали онлайн амалга оширилади. Visametric виза аризаларини қабул қилиш учун Германия томонидан рухсат берилган ягона хизмат кўрсатувчи ҳисобланади.
Kun.uz'га мурожаат қилган бир нечта ўзбекистонликларнинг айтишича, Visametric ташкилоти орқали шенген визаси масалаларида элчихона билан учрашув белгилаш жараёнида тўсиқлар юзага келяпти.
“Visametric'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Германия ва Швеция давлатларига виза топшириш учун ҳужжатларни қабул қилади. Муаммо иккала мамлакатга ҳам тааллуқли. Лекин Германияга боришга эҳтиёжмандлар сони Швецияга борувчилардан анча кўп, шунинг учун Германиядаги ва Ўзбекистондан Германияга келмоқчи бўлаётган Ўзбекистон фуқаролари муаммога ечим топишга астойдил киришган. Ватандошларимиз 2021 йилнинг ярмидан бошлаб муаммога жиддий рўбарў бўла бошлашди.
Visametric сайтига кирганда аризачига бўш сана борасида аниқ маълумот берилмайди. Онда-сонда пайдо бўлиб қолган бўш саналарни эгаллашга ҳаракат қилинганда, тизим ҳаракатсиз ҳолда қотиб қолади”, – дейди биз билан суҳбатда мурожаатчилардан бири.
Германиядаги ўзбекистонликларнинг айтишича, аввалига ГФРнинг Тошкентдаги элчихонаси Visametric орқали навбат олишнинг имконияти бўлмаса, тўғридан тўғри элчихонага мурожаат қилиш мумкинлигини билдирган.
“Аммо ҳозир элчихонага мурожаат қилиб, жой банд қилишнинг ҳам имкони йўқ. Аввал Андижон ва Бухоро шаҳарларида Visametric офиси бор эди, ҳозир негадир улар ёпилган. Бу филиаллар ишлаганда навбат олишда муаммо йўқ эди, узоғи билан келаси 2-3 ҳафтага имконли бўлган”, – дейди яна бир мурожаатчи.
Элчихона ва Visametric сайти орқали жой банд қилишнинг имкони бўлмагани сабабли одамлар турфирмалар орқали навбат олишга тўғри келаётганини айтяпти.
“Турфирмалар сиз учун элчихонага суҳбатга киришга сана банд қилиб беради, бу бир киши учун 200 доллар атрофида. Visametric орқали жой банд қилиш бепул эди. Бепул хизматдан фойдаланиш мураккаблиги ва баъзида умуман имконсизлиги учун турфирмалар хизматидан фойдаланишга мажбур бўляпмиз”.
Ўтган ойда бир гуруҳ ўзбекистонликлар немис элчиси Тило Клиннер номига муаммони бартараф этишни сўраб хат ёзишган, аммо ҳамон жавоб келмагани айтиляпти.
“Элчихона муаммодан хабардор”
Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси расмий веб-сайтида маълум қилинишича, меҳнат ресурслари танқислиги сабабли виза аризаси ҳолатига оид сўровларга жавоб берилмайди. Шу билан бирга, элчихона муаммодан хабардор.
Расмий хабарда Visametric орқали фақатгина виза ҳужжатларини топшириш мумкинлиги, аммо у аризаларни кўриб чиқмаслиги, қарор қабул қилмаслиги ва виза этикеткаларини чоп этмаслиги ҳақида сўз боради.
“Visametric қабулга ёзилиш вақтларини мунтазам равишда янгилаб боради. Ҳужжатларни топшириш учун қабул вақтлари ҳар доим элчихонанинг Visametric виза марказига нисбатан талабларига мувофиқ амалга оширилади. Элчихона ушбу қабул вақтлари ҳозирда сайёҳлик агентликлари томонидан жуда тез банд қилинаётганидан хабардор.
Учинчи хизмат кўрсатувчилар, масалан, сайёҳлик агентликларининг виза аризаларини топшириш билан боғлиқ таклифлари ташқи хизмат кўрсатувчи Visametric виза марказининг таклифи билан умуман боғлиқ эмаслигига элчихона эътиборингизни алоҳида қаратади.
Бундан ташқари, ташқи хизмат кўрсатувчи томонидан қабулга ёзиш тизимидан фойдаланишда суиистемолчиликка йўл қўймаслик ва сунъий равишда қабул вақтлари танқислигини юзага келтириш ҳолатларига чек қўйиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда”, – дейилади баёнотда.
Элчихона учинчи томонлар – турфирмалар орқали қабулга ёзилмасликни тавсия қилган.
“Аризачилар сони ошган” — Visametric
Kun.uz суҳбатга ёзилиш қийинлашиб кетганига нима сабаб бўлаётгани борасида Visametric'нинг Ўзбекистондаги офисидан изоҳ олишга уринди. Биз билан суҳбатлашган операторнинг айтишича, бу – суҳбатга талабгорлар сони ошгани билан боғлиқ.
“Талабгорлар сони ўтган йиллар билан таққослаган ҳолда қанчага ошгани ҳақида аниқ рақамларни бера олмайман. Талабгорлар кўп. Бизда ҳозир август ойи учун жойлар бор. Яқин бир ойга эса йўқ”, – деди у.
Биз билан гаплашган сайёҳлик фирмаси ходимининг айтишича, 2 ойдан бери Германияга шенген виза учун умуман навбат олишнинг имкони бўлмаяпти.
“18 июндан система ишлайди деган гаплар бор. Агар ишлаб қолса, иложи бўлади, аммо ваъда бера олмайман. Миллий визага 100 долларга навбат олиб бера оламиз. Лекин шенген визанинг иложи йўқ ҳозир”, – дейди у.
Визага талабгорлар кўпайганини Visametric офиси билан телефон орқали боғланганда ҳам пайқаш мумкин. Kun.uz мухбири 8 июн куни соат 10:00-11:00 орасида Visametric операторлари билан боғланиш учун 45 минут кутишига тўғри келди.
Талабгорлар нега кўпайди?
Германия ҳукуматининг Европа иттифоқидан ташқаридаги мамлакатлардан тажрибали мигрантларни жалб қилишга оид узоқ муддатли режаси бор. Россияга боғлиқликни камайтиришдан манфаатдор бўлган Ўзбекистон ҳукумати учун Германия янги манзиллардан бири бўлган бўлиши мумкин.
Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон ва Германия ҳукуматлари миграция бўйича келишув устида ишлаётгани маълум бўлди. Бу келишув ўзбекистонлик талабалар ва ишчиларга Германияда таълим олиш ва ишлаш имкониятини бериши таъкидланди.
Бироқ бунгача ҳам ўтган йилдан бошлаб Германия ўзбекистонликлар учун жозибадор иш таклифларини бера бошлади.
2022 йил октябр ойида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистон фуқароларини Германияга бир нечта лойиҳалар бўйича ишга таклиф қилишни бошлади .Агентлик Германияга фуқароларни ишга жалб қилиш борасида ушбу давлатнинг бир нечта ташкилотлари билан қатор лойиҳалар йўлга қўйилганини эълон қилди.
Биринчи лойиҳада ҳамшираларни тайёрлаш, немис тилига ўқитиш ва “Asklepios” тиббиёт муассасасига меҳнат фаолиятига жалб қилиш ва иккинчи лойиҳада умумий касалликлар ҳамшираларини тайёрлаш, немис тилига ўқитиш ва “Aachen Universitatsklinikum” тиббиёт муассасасида иш билан таъминлаш кўзда тутилганди.
Шунингдек, юк ташиш автомобили ҳайдовчиларини касбий таълим бўйича ўқитиш ва Германияга ишга жалб қилиш юзасидан келишувга эришилганди.
Бундан ташқари, Германиянинг “SPA GmbH” компанияси 100 нафар Ўзбекистон фуқароларини Германия ҳудудида дуал тизими асосида касб-ҳунарга ўқитиш ва тиббиёт, қарияларни парвариш қилиш, металл конструкциялари ҳамда бошқа техник соҳаларда ишга жойлаштириш бўйича ҳам келишув имзоланган.
2022 йил декабр ойида агентлик масъуллари журналистларга фуқароларни бошқа давлатларга ишга юбориш географияси кенгайтирилаётгани ва Германияга ишга жалб қилиш учун тил курслари ташкил қилинганини айтганди.
2023 йил март ойида Ўзбекистон ва Германия томон Ўзбекистон фуқароларини Германияга ҳамширалик ва қарияларни парваришлаш соҳасида ишга жалб қилиш юзасидан шартнома имзолашга келишиб олингани хабар қилинди.
Май ойида эса томонлар Саксония-Анҳалт федерал ерида мавжуд бўлган 5 мингта таълим соҳасидаги вакант жойлар ҳамда бўш иш ўринларини тўлдириш масалаларини муҳокама қилди. Бу иш ўринларини 2024 йил 1 январдан 2028 йил 31 декабрга қадар ўзбекистонлик ёшлар ва меҳнат мигрантлари томонидан тўлдириш кўзда тутилган.
Мадина Очилова
Мавзуга оид
20:08
Россияда Марказий Осиё давлатлари билан виза режими жорий этилиши кутилмаяпти
08:43 / 26.11.2024
Ўзбек дипломатлари Хитой расмийлари билан визасиз режим масаласида музокара ўтказди
22:02 / 25.11.2024
НАТО раҳбарияти ғарбдаги йирик компанияларни урушга тайёргарлик кўришга чақирди
15:13 / 23.11.2024