Жаҳон | 21:05 / 09.06.2023
21948
9 дақиқада ўқилади

Сузиб юрган миналар. Каховка ГЭСдаги фалокатдан кейин Херсон атрофида нималар бўлмоқда?

Херсон областининг Россия назоратидаги қисмида ўндан ортиқ киши ҳалок бўлган. Кўнгиллилар қурбонлар сони ўнлаб бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Фото: Stas Kozliuk / EPA / Scanpix / LETA

Халқаро ташкилотлар Каховка ГЭС тўғони бузилиши туфайли туташ ҳудудларга тошиб чиққан сув оқимларида кўплаб миналар ҳам сузиб юргани ҳақида огоҳлантирмоқда.

Россиялик ҳарбийлар томонидан назорат қилинган тўғон атрофи тиғиз миналаштирилганди ва бундан халқаро мутахассислар яхши хабардор. Энди бу миналар сув оқими бўйлаб сузмоқда, бу эса уларни аниқлаш ва зарарсизлантириш имкониятларини кескин даражада қисқартиради, дея огоҳлантиради Қизил Хоч ва Care International.

Пайшанба куни тонгда Херсон областида сув тошқинининг ўртача даражаси 5,61 метрни ташкил этаётганди. Херсон области ҳарбий маъмурияти маълумотига кўра, областнинг 600 квадрат километр ҳудудини сув босган, шундан учдан бир қисми Украина назоратидаги ўнг соҳилда жойлашган, учдан икки қисми эса - Россия томонидан вақтинча оккупация қилинган чап соҳилда.

Украина ҳукумати сув босган қишлоқлар ва Херсон шаҳрининг Днипрога яқин жойлашган қисмидан роппа-роса 2000 кишини эвакуация қилган. Россия давлат нашрлари чап соҳилда жами 4300 киши эвакуация қилингани тўғрисида маълумот берган.

Президент Володимир Зеленский чоршанба куни Херсон области бўйлаб юз минглаб кишилар ичимлик суви таъминотисиз қолганини хабар қилганди.

Украина  маъмурияти Россия оккупация ҳукумати чап соҳилдаги аҳолини эвакуация ва ичимлик суви билан таъминлашга ёрдам бермаётгани ҳамда у ерга кўнгиллиларни киритмаётганидан хавотир билдирмоқда, у ердаги одамлар чап соҳилдан ўнг соҳилга ўтишга уринганида россиялик ҳарбийлар қайиқларни ўққа тутган.

Чап соҳилда Россия оккупацияси остидаги бир қанча аҳоли яшаш манзилларида юзлаб кишилар том ва чердакларда қолиб кетгани ҳақида Россиянинг бир қанча мустақил нашрлари кўнгиллилар ва маҳаллий онлайн-гуруҳларга таяниб хабар берган.

Буюк Британия разведкаси маълумотида ҳам сув босган ҳудудлардаги аҳоли эвакуацияси россияликларнинг ўт очиши туфайли қийинлашаётгани айтилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Россия босиб олган Олешкида сув тошқини оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда шаҳарнинг қонуний сайланган мэри Евгений Ришчук маълум қилган. У «Суспильне»га берган интервюсида қурбонлар сони ортишини таъкидлаган.

Оккупация қилинган Нова Каховка шаҳрида (вайрон бўлган тўғонга беш километр масофада) эса маҳаллий расмийлар беш кишининг ўлимини тасдиқлаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонларнинг аксари - чўпонлар бўлган, улар катта эҳтимол билан чорвасини қутқаришга уриниб, ўз вақтида хавфсиз жойга кетишга улгурмаган.

Олешкида ишловчи кўнгиллилар «Агентство» ва The Insider нашрларига айтишича, ФВВ ходимлари уларни одамлар ҳалок бўлгани тахмин қилаётган кўчага ўтказишмаган. Бу кўча пастроқда жойлашган, шу туфайли у ердаги сув сатҳи жуда юқори бўлган. Маҳаллий аҳоли вакиллари бу кўчада 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигини айтишган.

«Бизни нормал ишлашга қўйишмаяпти, барчаси тартибсизлик билан кечмоқда, маълумотлар йўқ. Биз қутқарилганларнинг рўйхатини юритмаяпмиз, чунки бунга ортиқча қўл ҳам, вақт ҳам йўқ. Ҳалок бўлганлар — юзлаб», — деган эвакуация бўйича чат очган Ярослав Васильев «Важные истории» мухбирига.

Олешки шаҳри раҳбари маълумотига кўра, шаҳарнинг 90 фоиз қисмини сув босган. Унинг сўзларига кўра, 8 июн куни «сув кўтарилиши тўхтаган ва афтидан, сув чекина бошлаган».

Сузиб юрган миналар

Қизил Хоч жамиятининг ҳудудларни миналардан тозалашга ихтисослаштирилган бўлими раҳбари Эрик Толлефсеннинг сўзларига кўра, унинг ташкилоти миналар билан боғлиқ вазиятдан қаттиқ хавотирда. У AFP агентлиги билан суҳбатда айтишича, миналар маҳаллий аҳолига ҳам, уларга ёрдам бермоқчи бўлаётганларга ҳам хавф туғдирмоқда.

«Аввал биз хавфли объектлар қаерда жойлашганидан хабардор эдик. Энди биз буни билмаймиз. Бизга маълум бўлган бор нарса шуки, улар энди дарёнинг қуйи оқимидаги қаерларгадир сузиб борган», деган Толлефсен.

Бундан аввалроқ Care International халқаро хайрия ташкилоти ҳам шу каби огоҳлантириш билан чиққанди.

«Каховка тўғони жойлашган ҳудудда жуда кўп миналар ўрнатилганди, ҳозир улар сувда сузиб юрибди ва улкан хавф туғдирмоқда», деган Care International ташкилотининг Украинадаги бўлими раҳбари Фабрис Мартен.

У шунингдек, тўғоннинг вайрон бўлиши атроф-муҳит учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини қўшимча қилиб, Днипро дарёсига аллақачон камида 150 тонна машина мойи тўкилгани ва яна 300 тонна тўкилиш хавфи борлигини қайд этган.

Маҳаллий аҳоли уй жониворларини қутқармоқда. Фото: RONALD GRANT

Украина ҚК «Жануб» ҳарбий қўмондонлиги расмийси Наталья Гуменюк ҳам сувдаги миналар хавфи ҳақида огоҳлантирганди.

«[Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда] кўплаб миналар ўз жойидан силжиб, сузувчи миналарга айланган. Улар катта хавф туғдиради», деган у ва бу миналар бир-бири билан тўқнашса ёки нимагадир бориб урилса портлаб кетиши мумкинлигини айтган.

Эвакуациядаги қийинчиликлар

Херсон областининг Россия томонидан босиб олинган қисмида жойлашган Нова Каховкадаги гидроэлектрстанциянинг юқори қисми 6 июнга ўтар кечаси бузилиб кетди ва сув назоратсиз оқиб чиқа бошлади. Украина ва Россия бир-бирини ГЭСни портлатишда айбламоқда. Украина тўғон бир йил олдин россиялик ҳарбийлар томонидан миналаштирилганини даъво қилмоқда, Россия эса у украинларнинг зарбаларидан вайрон бўлганини айтмоқда.

Тўғон бузилиб кетишидан кейин Днипронинг қуйи оқимида сув сатҳи кескин кўтарила бошланди ва дарё ёқасида яшовчи аҳолини ёппасига эвакуация қилишга киришилди.

Маҳаллий аҳоли ўзини қутқариш баробарида уй жониворлари ва қорамолларини ҳам сув босган ҳудудлардан олиб кетишга уринган.

Сешанба кунидан қутқарувчилар ва кўнгиллилар Херсон областида аҳолини хавфсиз жойларга олиб чиқишга киришди

Расмийларга кўра, дарё бўйидаги 30 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқларни сув босган, Херсонда қарийб 2000 уй сувга ғарқ бўлган.

BBC мухбирлари дарёнинг шарқий соҳилидаги Россия томонидан оккупация қилинган ҳудуддан қутқарув қайиғи орқали Херсонга ўтиб келган аёл билан гаплашишган. У сешанба тонгида ҳалокат ҳақида эшитиши билан вазият тезда кескинлаша бошлаганини гапириб берган.

«Биз нарсаларимизни йиғишга муваффақ бўлдик, аммо сув кўтарилишда давом этди. Мен овқат қилаётганимда оёғим сувда эди. Сув жуда тез кўтарила бошлади», деган 40 ёшли Катерина Крупич.

«Шундай ҳиссиёт пайдо бўлдики, биз бутун ҳаётимизни бир кунда яшаётгандек эдик», дейди у.

Бу аёл Херсоннинг сув босган қисмидан эвакуация қилинмоқда.

Украина ички ишлар вазири Игор Клименконинг айтишича, украинлар Днипронинг икки томонидаги одамларга ҳам ёрдам кўрсатиш режасини ишлаб чиқишган.

«Биз ўнг соҳилдаги барчани [Украина назоратидаги]қутқарамиз ва чап соҳилдаги [Россия босиб олган ҳудудлар] одамларга ёрдам кўрсатамиз, деган у.

Вазирнинг сўзларига кўра, сув босган 30 та аҳоли яшаш манзилларидан 20 таси Украина томонидан назорат қилинмоқда, 10 таси Россия томонидан вақтинча оккупация қилинган.

Клименко шунингдек россияликларни одамларни тақдир ҳукмига ташлаб қўйишда айблаган.

«Россия 24» телеканали эфирида Херсон областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти вакили Алла Бархатнова тўғон бузилишидан кейин 41 киши шифохонага тушганини айтган.

Расмий шахслар дастлабки куни 40 мингдан ортиқ киши (Украина назоратидаги ғарбий ҳудудлардаги 17 минг киши ва Россия назоратидаги шарқий ҳудудлардаги 25 минг киши) хавфсиз жойларга кетиши кераклигини айтишганди.

«Верстка» кўнгиллиларга таянган ҳолда хабар беришича, Каховка ГЭСдаги ҳодисадан уч кун ўтганидан кейин ҳам Днипронинг чап соҳилида сув босган ҳудудларда олти мингга яқин киши эвакуация қилишларини кутаётганди. Бу борада энг кўп мурожаатлар Олешки шаҳридан келган. 

Мавзуга оид