Ўзбекистон | 14:15 / 09.06.2023
38354
2 дақиқада ўқилади

Ургутда ЙТҲ оқибатида 4 киши ҳалок бўлди

Cobalt қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб «Камаз»га урилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

2023 йил 8 июнь куни соат 19:30 ларда Ургут тумани Омонқўтон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобил йўлининг 1121-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Самарқанд вилояти ИИБ хабарига кўра, ҳайдовчи ўз бошқарувида бўлган Cobalt русумли автомашинани Ургут-Қарши йўналиши бўйлаб бошқариб кетаётиб, бошқарувини йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши томонидан ҳаракатланиб келаётган «Камаз» русумли юк автомашинаси билан тўқнашган.

Оқибатда, Cobalt ҳайдовчиси ва 3 нафар йўловчиси олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этган. «Камаз» ҳайдовчиси Ургут туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилиб, унга шифокорлар томонидан тез тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ

Мазкур ҳолат юзасидан 8 июн куни туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан (одамлар ўлими; ҳалокат; бошқа оғир оқибатлар) жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ

Мавзуга оид