«АҚШдан юборилган ҳарбий техникаларсиз урушда ютқазган бўлардик» – Ленд-лиз асосида СССРга берилган Studebaker US6 ҳамда «Виллис» тарихи
1941 йил март ойида АҚШ президенти Ҳитлер Германиясига қарши курашаётган давлатларга ҳарбий ёрдам кўрсатиш дастури – Ленд-лиз ҳақидаги актни имзолайди. 1941 йил 22 июнда Германия СССРга ҳужум қилгач, АҚШ советларга кенг миқёсда ёрдам кўрсатади. Америкадан юборилган ҳарбий техникалар орасида машҳур «Катюша» ўрнатилган юк машинаси ва пиёда аскарлар фойдаланган «Виллис» йўлтанламаси ҳам бор эди.
Иккинчи жаҳон уруши бошлангач орадан бир ярим йил ўтиб, 1941 йил 11 март куни АҚШ президенти Франклин Рузвелт томонидан Ленд-лиз дастури ҳақидаги қонун қабул қилинади. Унда АҚШ томонидан немисларга қарши урушаётган давлатларга кенг миқёсда ёрдам кўрсатилиши белгиланганди.
АҚШ бу дастур бўйича аввал Британияга, сўнг фашистлар Германияси бостириб киргач СССРга жуда катта ёрдам беради. Бу ёрдамни ўз вақтида совет раҳбарлари ҳам эътироф этишган.
Жумладан, 1943 йил 28 ноябрдан 1 декабргача Теҳронда СССР раҳбари Сталин, Британия бош вазири Уинстон Черчилл ва АҚШ президенти Франклин Рузвелт иштирокида конференция ўтказилади.
Бу пайтда Германиянинг СССРга босқини муваффақиятсизликка учраган, фашистлар Сталинградда ва Курск танклар жангида ютқазган, ортга чекинаётган эди.
Конференция давом этаётган пайтда 30 ноябр куни Британия бош вазири Уинстон Черчилл ўзининг туғилган кунини нишонлайди. Шу ерда Сталин Британия бош вазирини табриклаб нутқ сўзлайди ва Ленд-лиз ёрдами ҳақида гапиради.
«Мен сизга президент (АҚШ президенти назарда тутилмоқда) ва Қўшма Штатлар урушда ғалаба қозониш учун нималар қилганини айтмоқчиман. Бу урушда энг муҳим нарса турли ҳарбий техникалар бўлди. Қўшма Штатлар ойига 8 000 дан 10 000 тагача самолёт ишлаб чиқариши мумкинлигини исботлади. Россия ойига кўпи билан 3 000 та самолёт ишлаб чиқариши мумкин. Англия ойига 3 000-3 500 дона, асосан оғир бомбардимончи самолётлар ишлаб чиқаради. Шу жиҳатдан, Қўшма Штатлар ҳарбий техникалар мамлакатидир. Ленд-лиз дастури билан жўнатилган ҳарбий техникаларсиз биз бу урушда ютқазган бўлардик», дейди Сталин.
Кейинчалик, Теҳрон конферанциясида совет делегацияси таркибида бўлган Никита Хрушчев кейинчалик Сталин АҚШнинг ёрдами ҳақида нафақат Черчиллнинг туғилган куни тантаналарида, балки конференция давомида кўп марта гапирганини эслаб ўтганди.
Бироқ кейинчалик «совуқ уруш» даврида СССР ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар совиб кетгач советлар АҚШнинг ёрдамини «унута» бошлашади ёки бошқача талқин қилишади.
Ленд-лиз шартлари
Иккинчи жаҳон уруши тугагач янги ҳудудларни назорат қилиш масаласида ўзаро рақобат олиб борган СССР ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашади.
Шундан сўнг СССРда Ленд-лизни «АҚШ ўз манфаатлари учун амалга оширган», деб талқин қила бошлашади. Аслида эса ундай эмасди.
Франклин Рузвелт имзолаган қонунга кўра:
- АҚШ томонидан иттифоқчиларга етказиб берилган ва уруш вақтида фойдаланилган, йўқотилган ҳамда душманлар томонидан йўқ қилинган ҳарбий техникалар ва бошқа нарсалар учун ҳақ олинмайди;
- Ленд-лиз дастурига биноан берилган ва уруш тугагандан сўнг яроқли ҳолда сақланиб қолган турли техникаларни қарз олган давлат ўзида олиб қолишни хоҳласа, уларнинг ҳақи Америка бюджети ҳисобидан қопланади;
- АҚШ Ленд-лиз учун тўланган пулларни узоқ муддатли фоизсиз кредит қилиб расмийлаштиради ва қарздор давлат қарзларини вазиятга қараб тўлиқ ёки қисман тўлаб беради.
Мабодо АҚШ талаб қилган тақдирда уруш даврида яроқли ҳолда сақланган турли техникалар ва жиҳозлар урушдан кейин Америкага қайтарилиши шарт бўлади.
Ленд-лиз бу — беғараз ёрдам эмаслиги, турли ҳарбий техникалар ва бошқа ёрдамлар олган давлат бир кун келиб уларнинг пулини тўлаши лозимлиги ҳақидаги гапларга Франклин Рузвелт шундай деб жавоб берганди:
«Уйига ўт кетган қўшним резина шлангни сўраганда, унга «Резина шланг менга 15 долларга тушган. Марҳамат, уни олиб ишлатаверинг, кейин менга 15 доллар тўланг, демайман. Менга 15 доллар керак эмас, қўшним оловни ўчиргач резина шлангимни қайтариб берса кифоя».
СССРга кўрсатилган ёрдамлар ва уларнинг аҳамияти
Немис фашистлар 1941 йил кузида Москва остонасига яқинлашар экан, АҚШдан етиб келган ёрдам туфайли вазият бироз ўзгаради. Халқнинг душманга қарши жипслашуви ва АҚШдан юборилган ёрдам туфайли душман Москва остонасида тўхтатилади.
Уруш тугагунча, АҚШ умумий ҳисобда СССРга Ленд-лиз дастури орқали жами 11 млрд долларга тенг маҳсулотлар етказиб берган (бу маблағ ҳозирги ҳисобда 160 млрд доллардан ошади).
1941-1945 йилларда АҚШдан СССРга жуда кўп нарса етказилиб берилади. Улар орасида кийим-кечак, озиқ-овқат билан бирга турли металлар, портловчи моддалар, темирйўл релслари, самолётлар, танклар, юк машиналари ва пиёдалар учун махсус енгил машиналаргача бор эди.
Жумладан АҚШдан:
- 11 мингдан ортиқ самолёт;
- 12 мингта зирҳли техника;
- 2 мингта паровоз;
- 11 мингдан ошиқ вагон;
- 427 мингта турли русумдаги автомобиллар;
- 318 та турли русумдаги ҳарбий кемалар юборилади.
АҚШ томонидан юборилган техникалар орасида иккита машина алоҳида ажралиб турарди. Улардан бири ўша машҳур «Катюша»лар ўрнатилган юк машиналари бўлса, иккинчиси пиёда қўшинлар фойдаланган «Виллис» йўлтанламас машиналари эди.
Ўша пайтда СССРда «Катюша»ларни кўтарадиган юк машиналари ва қийин шароитда ҳам ҳаракатлана оладиган йўлтанламас машиналар ҳам бўлмагани инобатга олинса бу икки машинанинг немислар устидан қозонилган ғалабадаги ҳиссаси жуда катта бўлади.
«Виллис» тарихи
Халқ орасида «Виллис» номи билан танилган йўлтанламас енгил машиналари АҚШнинг Willys-Overland Motors компанияси томонидан тайёрланган.
1908 йилда Жон Уиллис томонидан ташкил этилган компания 1929-1932 йилларда давом этган иқтисодий инқироз пайтида банкрот бўлишдан зўрға қутулиб қолганди.
Компания Willys MB моделини иккинчи жаҳон уруши бошлангандан сўнг ишлаб чиқара бошлаган. Унинг ишлаб чиқарилиши тарихи қуйидагича:
1940 йилда АҚШ мудофаа вазирлиги пиёда қўшинларга мўлжалланган йўлтанламас машина сотиб олиш учун тендер ўтказади. Унда фақат Willys-Overland Motors ва American Bantam компаниялари иштирок этади. Кейинроқ бу ишга Ford компанияси ҳам қўшилади.
Willys-Overland Motors тендер комиссиясига Willys MB йўлтанламасини тақдим этади. Мазкур машина пиёда қўшинларнинг ҳаракатланиши учун жуда қулай бўлиб, ўша пайтда бу модел янги эди. Ҳарбийларга машина жуда маъқул келади ва ундан аввалига 1 500 дона буюртма берилади.
Кўп ўтмай АҚШ Германия билан урушаётган томонларга Ленд-лиз дастури асосида ёрдам беришини эълон қилади. Шундан сўнг Willys MB машинасига буюртмалар сони кескин оширилади.
Ўша пайтда Willys-Overland Motors компанияси ҳарбийларнинг буюртмасини белгиланган муддатда тайёрлаб бера олмаслиги ойдинлашгач маълум ҳақ эвазига Ford компаниясига ҳамкорлик таклиф қилинади.
Шундан сўнг Ford компанияси ҳам Мудофаа вазирлиги учун Willys MB машинасини ишлаб чиқара бошлайди.
Шу тариқа ҳар икки компания мазкур машинадан жуда катта миқдорда ишлаб чиқаради. Умумий ҳисобда Ford компанияси Willys MB машиналаридан жами 659 031 дона ишлаб чиқарган. Willys-Overland Motor Company ҳам қариб шунча тайёрлаб берган.
Ўша пайтда АҚШ денгиз-пиёда кучлари асосан шу машинадан фойдаланган. Бундан ташқари Willys MB машиналари фашистлар Германиясига қарши уруш қилаётган СССР, Британия ва бошқа давлатларга юборилган. Маълумотларга кўра ўшанда СССР бундай машиналардан 52 минг дона олган.
Уруш пайтида СССР армиясида пиёдалар фойдалана оладиган машинанинг ўзи йўқ эди. Шу сабабли Willys MB йўлтанламаси совет армиясига жуда асқатади.
Кейинчалик, немислар енгила бошлаганда буюртма анча камаяди. Компания раҳбарлари бундан тушкунликка тушмайди ва Willys MB модели асосида фуқаролар учун машина ишлаб чиқаришга киришади.
Кейинчалик бу моделга бошқа автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар қизиқиб қолишади. 1950-йиллар бошида Япониянинг Toyota, Nissan и Mitsubishi, Ҳиндистоннинг Mahindra & Mahindra, Жанубий Кореянинг SsangYong ва Kia компаниялари Willys-Overland Motor Companyʼдан Willys MB модели асосида йўлтанламас машиналарини ишлаб чиқариш учун лицензия олишади.
УАЗ машиналари ўғирланган «Виллис»ми?
Урушдан сўнг АҚШ билан тескари бўлиб қолган советлар «Виллис»ни ҳам ўзлаштиришади. Бу машина ҳам аввалига Горкий шаҳридаги автозаводда ГАЗ маркаси остида ишлаб чиқарилган бўлса, кейинчалик у Уляновск шаҳридаги заводда УАЗ номи билан ишлаб чиқарилади.
Бугун россиялик айрим тарихчилар, журналистлар ва блогерлар советлар ишлаб чиқарган УАЗ ва «Виллис» икки хил машина эканини айтади. Бироқ аксарият мутахассислар ҳар икки машинадаги фарқ жуда камлигини, советлар шунчаки Америка компанияси даъво қилмаслиги учун УАЗнинг айрим жойларини сал ўзгартириб ишлаб чиқарганини ёзишади.
Советлар ишлаб чиқарган УАЗ машиналари эркин савдода бўлмаган. Улардан фақат ҳарбийлар, райкомлар (ҳозирги туман ҳокими даражасидаги шахс), колхоз раҳбарлари, турли ташкилотларнинг партия қўмитаси котиблари ва бошқалар фойдаланишган.
Бундай машиналардан 1990 йилгача Ўзбекистонга ҳам жуда катта партия юборилган (албатта текинга эмас) ва ундан кўплаб мутасаддилар фойдаланишган.
СССР парчаланиб кетгандан сўнг Ўзбекистонда УАЗ машиналари олди-сотди қилина бошланган. Бугун мамлакатнинг барча ҳудудларида кўчаларда ҳаракатланиб юрган УАЗларнинг аксарияти совет даврида ишлаб чиқарилган. Одамлар ҳанузгача уларни америкаликлар қўйган ном билан «Виллис» деб атайди.
«Катюша» ўрнатилган юк машиналари
Германия бостириб кирган пайтда СССРда ишлаб чиқарилган юк машиналари жуда кучсиз бўлиб, уруш пайтида уларнинг юк кўтариш қуввати ва бошқа имкониятлари жуда пастлиги кўриниб қолади.
1942 йилдан бошлаб Ленд-лиз асосида АҚШдан Studebaker Corporation компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Studebaker US6 U3 юк машиналари етиб келгач совет армиясида юк машиналари билан боғлиқ муаммо ҳал бўлади.
19-асрда немис муҳожирлари томонидан ташкил этилган Studebaker Corporation компания илк автомобилини 1902 йилда ишлаб чиқаради. Улар электрда ҳаракатланарди. Ички ёнув двигателида ҳаракатланувчи машина 1904 йилда ишлаб чиқарилади.
1920 йилларга келиб Studebaker Corporation компанияси анча йириклашган, учта ҳудудда автомобил ишлаб чиқарувчи корхоналари бор эди. Улар Индиана штатидаги Саут-Бенде, Мичиган штатидаги Детройт ҳамда Канаданинг Уокервилле шаҳарларида жойлашган эди.
Компания корхоналарида 23 минг ишчи меҳнат қилар, бир йилда 180-200 минг дона машина ишлаб чиқарар эди.
1929-1932 йиллар содир бўлган иқтисодий инқироз даврида компания банклардан олинган қарзларни тўлай олмайди. Компания президенти муваффақиятсизликларга чидай олмасдан ўз жонига қасд қилади. Ўшанда Studebaker Corporation банкрот бўлишдан зўрға қутулиб қолади.
1935 йилга келиб компания яна фойда қилишга ўтади ва 1-2 йилда ўзини тиклаб олади. Энди компания енгил машиналар билан бирга юк автомобилларини ишлаб чиқаришни ҳам бошлаган эди.
Иккинчи жаҳон уруши бошлангач АҚШ мудофаа вазирлигидан компанияга жуда катта буюртма тушади. Шундан сўнг компания енгил машиналар ишлаб чиқаришни тўхтатиб фақат юк машиналари ва авиация двигателлари тайёрлай бошлайди. АҚШ Ленд-лиз дастурини эълон қилгач буюртмалар сони яна ошади.
Studebaker Corporation ҳарбийларга асосан Studebaker US6 юк машиналарини етказиб берган. Ўша пайтда АҚШдан СССРга 187 900 дона юк машинаси етказиб берилган бўлса, улардан 152 000 донаси Studebaker US6 эди.
СССРда Studebaker US6 машиналаридан аввалига пиёдаларни ва турли юкларни ташишда фойдаланишади. Кўп ўтмай унга машҳур «Катюша» ўт очиш тизимини ўрната бошлашади.
Ўша пайтда советлар томонидан тайёрланган юк машиналари «Катюша»ни кўтара олмасди. Америкаликлар юборган қувватли машиналар ёрдамида бу муаммо ҳал қилинади.
Уруш тугагандан сўнг компания яна енгил машиналар ишлаб чиқаришни бошлайди. Бироқ кейинчалик АҚШ, Европа ва Япониядаги бошқа автокомпаниялар билан рақобатда ютқазади. Натижада компаниянинг ишлаб чиқариш қуввати пасайиб, фойда камайиб кетади.
1960-йиллар бошида Studebaker Corporation машина ишлаб чиқаришни тўхтатади. АҚШдаги корхоналар сўнгги машинани 1963 йил 20 декабрда чиқаради. Канадаги корхона эса 1966 йилгача фаолият кўрсатади. Кейинчалик компания ўз номини ўзгартириб бошқа соҳаларга ўтиб кетади.
ГАЗ автомобиллари
Урушдан сўнг советлар америкаликлар етказиб берган юк машиналаридан мамлакатни қайта тиклашда фойдалана бошлашади. Бироқ СССРга янада кўпроқ юк машиналари керак эди.
Ўша пайтда урушдан аввал чиқарилган машиналар талабга жавоб бермас, янги моделлар лойиҳаси йўқ эди. Шунда советлар америкаликлар юборган Studebaker US6 моделини сал ўзгартириб ГАЗ-51 номи остида ишлаб чиқара бошлашади.
Урушдан сўнг янги ҳудудларни назорат қилиш масаласида АҚШ ва СССР ўртасида кескин сиёсий рақобат юзага келганди. Шу сабабли советлар Америка компаниясидан лицензия олиш ҳақида ўйлаб ҳам ўтиришмайди.
СССРда 1946 йилдан 1970-йилларгача ГАЗ-51 машинасидан қарийб 4 млн дона тайёрланади. 1970-йилларга келиб бу модел эскиргач унга бироз ўзгартириш киритилади ва ГАЗ-53 ҳамда шу турдаги бошқа машиналар ишлаб чиқарилади.
Ўз вақтида ГАЗ моделлари Ўзбекистонга ҳам юборилган ва улар турли соҳаларда ишлатилган. Бугун Ўзбекистон кўчаларида юрган ГАЗ маркасидаги юк машиналарининг аксарияти собиқ иттифоқ даврида ишлаб чиқарилган ва улар Studebaker Corporation уруш даврида ишлаб чиқарган Studebaker US6 моделининг бироз ўзгартирилган варианти ҳисобланади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024