Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Жаҳлим чиққанда сотувчиларнинг маҳсулот солинган қопи ва тоғорасини тепиб ағдарардим» – собиқ паттачининг надоматлари
«Бир неча кун олдин Тошкентдаги бозорлардан бирида директор ёрдамчиси сотувчини сўкиб, унинг нарсаларини тепиб сочаётгани тасвирланган видеони кўриб қолдим. Шунда бундан анча йиллар аввал шу бозорда паттачилик қилиб юрган пайтим эсимга тушди. Ўша пайтларда мендан ҳам инсоф ва диёнат қочган, сал нарсага сотувчиларнинг турли маҳсулотлар солинган тоғораларни тепиб ағдарар эдим».
Электрон почтамга юборилган навбатдаги мактуб собиқ бозор паттачисидан экан. Пойтахтдаги йирик бозорлардан бирида узоқ йиллар паттачилик қилганини ёзган бу одам ўша пайтда жуда ноинсофлик билан ишлагани ва кўпчиликнинг қарғишини олганини ёзади:
«Энди эсласам ўша пайтда савоб ишларни қилса бўладиган ҳолатда ўз нафсимни ўйлаб жуда ҳаддимдан ошган эканман. Одамларга ёрдам бериш ўрнига уларни қон қақшатган эканман».
Собиқ паттачи менга мактуб йўллашига яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видео сабаб бўлганини ёзган.
«Бир неча кун олдин Тошкентдаги бозорлардан бирида директор ёрдамчиси сотувчини сўкиб, унинг нарсаларини тепиб сочаётгани тасвирланган видеони кўриб қолдим. Шунда бундан анча йиллар аввал шу бозорда паттачилик қилиб юрган пайтим эсимга тушди. Ўша пайтларда мендан ҳам инсоф ва диёнат қочган, сал нарсага сотувчиларнинг турли маҳсулотлар солинган тоғораларни тепиб ағдарар эдим», дейди мактуб эгаси.
Мактуб соҳиби кейинчалик кўзи очилгани ва нотўғри йўлдалигини тушуниб етганини, бироқ унда кеч бўлганини ёзади. Мактубни ўқирканман, ноинсофлик, ўғрилик, бировнинг ҳақини ўзлаштиришнинг охири барибир вой бўлишига яна бир бор амин бўлдим.
«1980-йиллар охирида мактабни битиргач икки йил армия хизматига бориб келдим. Сўнг икки-уч йил уриниб ўқишга кира олмагач отам Тошкентдаги энг номдор бозорлардан бирида паттачи бўлиб ишлайдиган қариндошимиз билан гаплашиб мени ўша ерга супурувчи қилиб ишга жойлаб қўйди.
Кўп ўтмай СССР парчаланиб кетди ва биз мустақил бўлдик. Шундан сўнг совет давридаги қонун-қоидаларнинг аксарияти бекор бўлди.
Бир пайтлар одамларни олибсотарликда айблаб жазолаган ОБХСС (совет даврида милициянинг социалистик мулкни талон-торож қилувчиларга қарши курашувчи бўлимини шундай деб аташарди) тугатилди.
Одамлар томорқаларида етиштирган турли маҳсулотларни хоҳлаган жойларида эркин сотадиган бўлди. Натижада бозорда сотувчилар билан тўлиб, сиғмаганлар раста ўртасига қўлбола пештахталар қўйиб савдо қила бошлади.
Шу тарзда 3-4 йил ишлагач қариндошимиз нафақага чиқди ва ўрнига мен қуруқ мева растасига паттачи бўлдим. Бу пайтда мустақилликнинг учинчи ёки тўртинчи йили ўтиб бораётганди.
Бозорда сотувчилар кўпайгани биз паттачиларнинг фойдамизга эди. Сабаби бозордаги барча жойлар рақамланган, патта пули режаси асосан шунга қараб белгиланарди. Биз раста ўртасига қўшимча пештахта қўйишга рухсат берардик. Улар ҳисобга кирмас ва патта пулининг бир қисми чўнтагимизга тушарди.
Паттачи бўлиб ишлар эканман, «тушум» кўпайган сари негадир инсоф-диёнатимни йўқотиб борардим. Бироқ худди шундай бўлиши керакдай бунга парво қилмасдим.
Ҳар куни мамлакатнинг турли бурчакларидан одамлар сотиш учун нимадир олиб келар экан, аксарияти биздан жой сўрарди. Мен ҳар доим қўлимда ўлчов буюми (метр) билан юрардим ва жой сўраганларга 80 сантиметр жой ўлчаб бериб, битта патта тўлашини тайинлардим.
Кимдир иккита жой олмоқчи бўлса унга 1 метр 60 сантиметр жойни ўлчаб берардим-да, ҳар кун иккита жойга патта олардим.
Ҳар бир 80 сантиметр жой менга салмоқли пул олиб келар экан, сотувчилар ўзларига ажратилган жойни ими-жимида кенгайтириб олмасликлари учун жуда эътиборли бўлардим.
Қўлимда ўлчов буюми билан юрар эканман, жойларни тез-тез ўлчаб турардим. Мабодо кимдир белгиланган чегарадан сал ўтиб кетган бўлса уни аямасдим. У жўрттага қилганми ёки эътиборсиз бўлганми қизиқиб ҳам ўтирмасдим. Бисотимдаги бор сўкишларни эшитарди.
Шундай пайтларда атрофда аёллар борлиги ёки жамоат жойида сўкиниб бўлмайди деган тушунча менга ёт эди. Ўзимни аҳмоқ қилинган деб ўйлардим. Вилоятдан келган одам мендай Тошкентнинг абжир ва пухта йигитини аҳмоқ қилишга журъат этяптими, буни жавобсиз қолдириб бўлмайди деб ҳисоблардим.
Узоқ жойлардан тонгда етиб келадиганлар мен ишга боргунимча бозорнинг гавжум жойида савдони бошлаб юборишарди.
Шундай пайтларда «Нега растанинг бўш жойига ўтмай нарсангни ерга қўйиб сотяпсан?» деб уларни уришиб, сўкиб ташлардим.
Умрида мени биринчи марта кўриб турганлари бу ишимдан ҳайрон бўлар, инсон шунчалик ҳам оғзи бузуқ, сўконғич бўлиши мумкинлигидан ҳайратланарди.
Кейинроқ нафсим ҳакалак ота бошлади ва кунлик тушум кўзимга кам кўрина бошлади. Бироқ тушумни кўпайтиришнинг иложи йўқ эди. Шу сабабли мени сўконғичлигим, қўрслигим ошиб борарди.
Ҳар куни бозор оралаб патта йиғардим, туш пайтида пештахталар орасидаги йўлакни супуриб, тозалардим. Ўшандай пайтларда агар кимнингдир бирон ишидан норози бўлсам, ёмон сўзлар билан «сийлардим».
Бундан ташқари, яна бир ёмон ишга одатландим. Сотувчиларнинг жойларини ўлчаб юрар эканман, энди чегарадан ўтганларни сўкишдан ташқари тоғораларга солиб қўйган нарсаларини сочиб юборадиган бўлдим. Шу ишим туфайли ҳам кўп лаънатлар олганман. Айримлар юзимга қараб қарғаган бўлса, бошқалар ичида сўккан.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, кунларнинг бирида сотувчилардан бири жияни учун жой сўраб илтимос қилди. Қарасам 17-18 ёшлардаги йигитча экан, унга четроқдаги бўш жойни кўрсатдим. Йигитга жойни ўлчаб берар эканман, уни огоҳлантирдим:
«Мабодо майиз солиб қўйган тоғоранг мен ўлчаб берган жойидан бир сантиметр ҳам ўтиб кетмасин. Қўлимдаги метрни (узунлик ўлчов буюми назарда тутилмоқда) кўрдингми? Исталган пайтда келиб жойингни ўлчаб қолишим мумкин. Агар чегарани бузиб бўш жойга озгина ўтиб кетган бўлсанг ҳам аямайман. Кейин пештахта олдининг тозалигига ҳам эътиборли бўл. Агар оёқ остига у-бу нарса тушиб ётганини кўрсам ҳам ёмон қиламан».
Кунларнинг бирида ўша йигитнинг майиз солинган тоғоралари жойидан бироз силжиганини кўриб қолдим. Кайфиятим бузилди. У шу тариқа жойини бироз кенгайтириб олмоқчи бўлган деган гумонга бордим.
«Ўв ҳўкиз, нима қилганинг бу? Нега жойингни кенгайтиряпсан? Ҳозир иккита жойга патта берасан десам ўзингни осасан. Нега тоғораларинг оёқ чиқарди?» деб бақиришни бошладим.
Йигит бу муомаламни кўриб шошилиб қолди ва ўзини оқлай бошлади:
«Узр ака, жойимни кенгайтириб яна битта тоғора қўшганим йўқ-ку! Эрталаб тоғораларнинг остини тозалагандим, хаёл билан бир-бирига жипслаб қўймабман. Ҳозир тўғрилайман», деди.
Шу пайтда унинг гап қайтариши (унинг узрини шундай қабул қилдим) мени баттар асабийлаштирди. «Сен ҳали менга гап қайтаряпсанми?» дедим-да иккита тоғорани четидан бир-бирига қаратиб кўтариб юбордим. Зарб кучлилигидан тоғоралар ярим метр кўтарилиб, тўнтарилиб тушди.
Иккита тоғорада бўлган сариқ ва қора майиз аралашиб, уларнинг бир қисми пештахта устида қолди, қолгани ерга тўкилиб атрофга сочилди. Иккита тоғорада 30 килодан майиз бўлса, жами 60 кило икки хил майиз бир-бирига қоришиб кетган эди.
Ўшанда мендан бундай ишни мутлақо кутмаган йигитнинг кўзидан ёш чиқиб кетди. Қўллари мушт бўлиб тугилди. Бироқ рўпарасида шкафдай одам турарди. Важоҳатимни кўриб қўрққанидан унинг тили калимага келмасди.
Ўша йигит кечгача савдо қила олмади ва икки хил майизни алоҳида қилиб териб ўтирди. Ўша пайтда унга раҳмим келганмиди? Йўқ, заррача раҳмим келмаган. Чунки кўзим кўр, қулоғим кар, виждонимни йўқотиб бўлгандим.
Кейинчалик бу зўравонлигимни бошқаларга ҳам қила бошладим. Жаҳл билан иккита тоғорани зарб билан кўтариб юборар эканман, унинг ичида нима борлигига эътибор бермасдим. Бу ишимдан сўнг ер билан битта бўлиб сочилиб кетган маҳсулотларни сотиб бўладими, йўқми, бу мени қизиқтирмасди.
Эрталаб келиб маҳсулотларини гавжум жойларда оёқ остига қўйиб сотадиганларни аввалига сўксам, кейин уларнинг ҳам нарсаларини тепиб ағдарадиган бўлдим.
Шундай пайтларда сотувчиларни огоҳлантириб ўтирмасдим. Қопми, тоғорами тепиб ағдарардим, ичидаги нарсалар сочилиб кетарди.
Бундай зўравонлигим кунора содир бўлиб турар, бечора сотувчилар қарғарди, сўкарди. Бироқ улар менга таъсир қилмасди.
Бир кун эрталаб ишга келсам 2-3 та қопда яримдан камроқ қилиб солинган икки хил майиз, ёнғоқ ва туршак оёқ остида турибди. Эгаси кўринмайди. Жаҳлим чиқиб зарб билан қопларни тепдим. Ҳамма нарса ерга тўкилиб, атрофга сочилиб кетди.
Шу пайт ердан тушдими, осмонданми, олдимда ёши етмишларга борган бир кампир пайдо бўлди. У ҳайрон бўлиб бир менга, бир ерга сочилиб ётган егуликларга қаради.
Одамлар дарров ерга сочилиб кетган маҳсулотларни йиғиштириб қопларга солиб берди. Икки хил майиз, туршак ва ёнғоқ битта бўлиб аралашиб кетганди. Майиз ва туршаклар чангга ботгани учун уларни сотиб бўлмасди. Қолаверса, аввал уларни бир-биридан ажратиш керак эди.
Кампир мени ўткинчи маст деб ўйлабди. Паттачилигимни билгач ёмон қарғади. Ўшанда у анча пайт раста орқасига ўтиб нарсаларини бир-биридан ажратди ва мени узоқ лаънатлади.
Сотувчиларга зўравонлигимни кўрсатар эканман, ҳеч ким мушугимни пишт демасди. Чунки бозорда бир неча йилдан буён ишлар эканман, «жуда катта охурларга ем ташлардим».
Масалан, қаердандир комиссия келиб қолса, дарров хушмуомала бўлиб олардим. Шундай пайтда сотувчилар юзимдан табассум аримай қолганини кўриб «Наҳотки бу лаънати ҳам жилмайишни билса?!» дегандай қараб ажабланарди.
Комиссиянинг бири вазирликдан, бошқаси ҳокимиятдан келарди. Улар бозорни номига айланар, худди бир ишни қойил қилгандай у-бу ишларни қилиб қўйинглар деб тайинлаб, сўнг чиқиб кетарди.
Комиссия бозордан чиқиши билан дарров арава олиб бозорнинг энг олд қуруқ, ҳўл меваларидан қоғоз пакетларга солдирардим. Сўнг уларнинг машинасига олиб бориб жойлардик.
Комиссия аъзолари учун олган қуруқ меваларнинг пулларини бермасдим ва эртаси куни олинадиган патта пули билан ҳисоблашишимни айтиб кетаверардим.
Шу тахлитда ишлаганим учун ҳам ҳеч ким менга индай олмас, айтганим айтган, деганим деган, қуруқ мева растасининг қироли эдим.
2000-йилларга келиб бозорни текшириш учун келадиганлар сони кўпайди. Уларнинг барчаси ҳам мени охуримдан «ем ейишмасди», ишимдан камчиликлар топа бошлашди. Патта пули билан қизиқа бошлашди.
Аксарият ҳолларда комиссия келадиган кунни «тепароқдаги» танишлар олдиндан айтиб қўйишарди. Ўша куни сотувчиларнинг бир қисмидан бир кунга жойларини ёпиб туришларини илтимос қилардим. Қаҳримдан қўрқиб йўқ дея олишмасди. Бошқа растадагилар ҳам шундай қилишарди.
Комиссияга ёпиқ жойларни кўрсатиб эгалари бир неча кунга уйига кетганини айтардим. Ишонардими, йўқми билмайман. Бироқ кейинчалик қўлга тушиб қолганим инобатга олинса, ўшанда ишонишмаган.
Инсон зоти борки, амал қўлига тегса ўлгунича шундай давом этади деб ўйлайди. Мен ҳам шунақа деб ўйлардим. Бироқ ундай бўлмади.
Кунларнинг бирида яна «менинг охуримдан ем емайдиганлар»дан иборат комиссия келди. Улар асосан патта пулининг тушуми билан қизиқишди. Ўша куни ҳам жойларнинг бир қисмини ёптириб қўйгандим.
Орадан бир неча кун ўтиб мени шаҳар ИИБга чақиришди. Борсам терговчи кутиб олди ва қўлимга бир варақ қоғоз берди. Унда ёзилишича, фалон комиссиянинг хулосасига кўра, мен бозорда патта пулларини охиригача топширмай, уларнинг бир қисмини ўзлаштириб талон-торож қиляпман. Шу сабабли хулосада менга нисбатан қонуний чора кўрилиши сўралганди. Терговчи менга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Бундай бўлишини кутмаганим учун биров миямга болға билан ургандай бўлди.
«Ака, ўзи бундай ҳолатларда гумондорни эҳтиёт шарт юзасидан ҳибсга олишга ва тергов тугагунча қамоқда сақлашга ҳам ҳаққим бор. Майли сиз уйдан қатнаб тергов берсангиз ҳам бўлади. Фақат шаҳардан ҳеч қаерга чиқиб кетмаслигингиз ҳақида тилхат ёзиб берасиз», деди терговчи.
Кейинроқ менга нега жиноят иши қўзғатилганини сабабини билдим. Маълум бўлишича, патта пули тушуми билан қизиққан комиссия бир неча марта яширинча келиб бозордаги ҳолатни кўриб кетган.
Қарашса ҳар гал улар келадиган кун бозордаги жойларнинг қарийб ярми бўш, эртаси куни эса бозорга одам сиғмай кетяпти. Жой етмагани учун одамлар ҳатто ўз маҳсулотларини ерга қўйиб сотяпти. Шундан шубҳаланишган. Сотувчиларнинг айримларидан бўш жойлар ҳақида сўрашганда улар паттачи бир кунга ёптириб қўйишини айтган.
Шу орада мени ишдан бўшатишди. Терговга қатнай бошладим. Аввалига ҳеч нарсани бўйнимга олмадим. Бироқ жойларини ёпиб туришларини илтимос қилган сотувчиларнинг бир қанчасини олиб келиб юзлаштиришгач ҳеч нарса дея олмадим.
Шундан сўнг қамалиб кетмаслик учун «эски танишлар», «акахонлар»ни аралаштира бошладим. Охир-оқибат давлатга етказилган жуда катта зарарни қопласам шартли жазо берилиши мумкинлигини айтишди.
Шундан сўнг бисотимда нима бўлса барчасини сотдим. Жуда катта пул сарфлаб қурган янги ҳовлини, эски ҳовлимни, миниб юрган қиммат машинамни, қора кунимга яраб қолар деб олиб қўйган иккита квартирамни сотдим ва амаллаб зарарни қопладим. Шунда ҳам суд «акахонлар»нинг шарофати билан уч йил озодликни чеклаш жазосини берди.
Ҳамма нарсамдан айрилгач ижарада яшай бошладим. Бир пайтлар шоҳона ҳаёт кечирган одамнинг ярим вайрона квартирада яшаши жуда оғир бўларкан. Азбаройи сиқилганимдан қанд касалига чалиндим. Озиб кетганимдан мени аввалроқ кўрган одам танимасди.
Жазо муддатини ўтар эканман, соғлигим унча яхши эмас, бирон иш қилай десам қўлимда на ҳунарим, на дипломим бор эди. Рўзғор юки ўқитувчи бўлган хотиним гарданида қолди. Ошиғим олчи турган кезларда уни ишлатмай қўйгандим. Соғлигимни йўқотгач хотинимдан ишга чиқишни ўзим илтимос қилдим.
Орадан бир неча йил ўтгач барибир ноилож қолдим ва эски танишлардан яна бозорга ишга қайтаришни илтимос қилдим. Паттачиликка яқинлаштирмасликлари аниқ эди, жилла қурса супурувчи сифатида ишга олишларини сўрадим.
Аҳволим танглигини айтар эканман, раҳм қилишди ва бир пайтлар ўзим ишлаган бозорга супурувчи штатига ишга олишди. Фақат қуруқ мева растасига эмас, бошқасига.
Ишга борар эканман, бир пайтлар ўзим жабр қилган одамларнинг баъзилари ҳали ҳам бозорда савдо қиларди. Рўпара келганимда уларнинг кўзига қарай олмасдим.
Кейинчалик қилган ишларим нотўғрилигини тушуниб етдим. Бироқ улардан барибир кечирим сўрай олмадим. Ғурурим йўл қўймади.
Бозорга ишга қайтганим билан бу сафар кўп ишлай олмадим. Соғлигимдаги муаммолар туфайли икки йилда бўшаб кетдим. Дард барибир мени тўшакка михлади. Ҳозир тавбамга таяниб уйда ажалимни кутиб ётибман. Тузалмас дардга чалинганимга кўпчиликнинг қарғишини олганим сабаб бўлган деб биламан.
Қани энди вақтни орқага қайтаришнинг иложи бўлса-ю, мен кўпнинг ҳақини емасдан, бировнинг бурнини қонатмасдан ҳалол яшасам. Афсуски, энди бунинг иложи йўқ».
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
15:23 / 04.05.2025
“Ёпилган иш” ёхуд отган ўқи ўзига қайтган терговчининг иқрори
14:10 / 09.03.2025
“Касбингизни севсангиз, қийинчиликлари билинмайди” – кранчи, терговчи, поезд ва автобус ҳайдовчи аёллар ҳикояси
13:27 / 03.10.2024
«Дўстимнинг ўлимига сабабчи бўлганман» – «авария» содир этган йигитнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
18:30 / 01.10.2024