Ўзбекистон | 20:01 / 11.06.2023
11985
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда дарахтларни кесиб, 5 млн сўмга сотганлар табиатга 550 млн сўм зарар келтирди

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида 8 туп дарахтни ноқонуний кесиб сотганлар табиатга 550 миллион сўмдан ортиқ зарар келтирди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси хабар қилди.

Бошқарма инспекторлари томонидан экологик ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида навбатдаги экологик рейд тадбирлари давомида Олтинсой тумани Яккатут маҳалласида жойлашган «Ўткир Тош Жилоси» фермер хўжалиги ер майдони кўздан кечирилган. Ўрганиш жараёнида, ушбу фермер хўжалиги раҳбари Ў.Т. фуқаро А.М. воситачилигида фермер хўжалиги ер майдонида ўсиб турган кўп йиллик 8 туп элдор қарағайи дарахтини туманнинг Миршоди маҳалласида яшовчи фуқаро А.С.га 5 миллион сўмга баҳолаб сотгани аниқланган.

Фуқароларнинг ўзаро келишувига асосан, А.С. ўсувчанлигини йўқотмаган кўп йиллик ноёб дарахт турларига кирувчи 8 туп элдор қарағай дарахтларини таг қисми билан кесиб олган.  Улар бу ҳаракати билан «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддасининг талабини бузган. Тўпланган ҳужжатлар асосида ҳисоб-китоб қилинганда, табиатга жами 551 миллион 100 минг сўм зарар етказилган.

Аниқланган ҳолат юзасидан бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Мавзуга оид