Ўзбекистон | 20:14 / 12.06.2023
11726
2 дақиқада ўқилади

Бепул мактаб автобуслари биринчи бўлиб Қорақалпоғистонда йўлга қўйилади

Қорақалпоғистондаги мактабларда 30-35 нафардан ортиқ бола ўқийдиган синфлар умуман бўлмайди, деди президентликка номзод Шавкат Мирзиёев қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашув чоғида.

Фото: ЎзЛиДеП матбуот хизмати

Либерал-демократик партиядан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашув ўтказмоқда. У ўтган йиллар давомида қилинган ишлар ва олдиндаги режалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, охирги йилларда:

  • Қорақалпоғистонда 51 минг оиланинг уй-жой шароити яхшиланди;
  • аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 71 фоизга етди;
  • Орол денгизининг қуриган ҳудуди ўрнида 1 миллион 800 минг гектар яшил ўрмонзор барпо этилди;
  • боғчалар қамрови 28 фоиздан 81 фоизга, уларнинг сони эса 317 тадан 1 минг 600 тага кўпайди;
  • 172 та мактаб мукаммал таъмирлангани, 104 та мактабда қўшимча бинолар барпо этилгани ҳисобига, 118 мингта янги ўқувчи ўрни яратилди;
  • Қорақалпоғистондаги олийгоҳлар сони 2 баробар кўпайиб, 12 тага етди;
  • олийгоҳларга қабуллар сони эса 3,5 марта ошиб, қамров 19 фоиздан 46 фоизга ўсди. Ҳозирги вақтда бу ерда 58 минг талаба таҳсил олмоқда.

“Албатта, қилинган ишлар ҳақида кўп гапириш мумкин, лекин ислоҳотларимиз натижасига баҳо берадиган энг холис ҳакам, бу – халқимиз”, – деди президентликка номзод.

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, Қорақалпоғистонда 160 та янги боғча қурилади ва таъмирланади, 2 мингта хусусий боғча ташкил қилинади.

“Биз келгуси 7 йилда қўшимча 100 минг янги ўқувчи ўрни яратамиз. Бунда, 30 та янги мактаб ва 150 та мактаб учун қўшимча бино қурилади, 350 таси таъмирланади.

Ихтисослашган мактаблар сони эса, 2 карра оширилиб, 32 тага етказилади. Натижада, Қорақалпоғистондаги мактабларда 30-35 нафардан ортиқ бола ўқийдиган синфлар умуман бўлмайди.

Биз 1-4– синф ўқувчиларига бепул овқат беришни Қорақалпоғистондан бошлаган эдик. Энди, олис ва чекка овуллардаги болажонларимизнинг мактабга бориши учун автобус қатновини ҳам, биринчи бўлиб шу заминдан бошлаймиз”, – деди Мирзиёев.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид