Иқтисодиёт | 09:25 / 13.06.2023
28843
2 дақиқада ўқилади

Вашингтон шаҳрида Америка–Ўзбекистон бизнес-форуми ўтказилади

Ўзбекистонда бўлиб ўтиши режалаштирилган муддатидан илгари Президент сайловига тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари доирасида, мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот бериш мақсадида Америка ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида махсус брифинг ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Тадбирда Американинг нуфузли компаниялари раҳбарлари, шунингдек, АҚШ Давлат департаменти ва Савдо вазирлиги вакиллари иштирок этди.

Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси (AUCC) раиси Кэролин Лэмм Ўзбекистонда амалга оширилаётган сўнгги ислоҳотлар, хусусан, ишбилармонлик муҳити ва ҳукумат томонидан халқаро инвесторлар учун яратилаётган шарт-шароитларни баҳолади. “Икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш тарафдори сифатида мен Америка компанияларини Ўзбекистонда бизнес юритиш истиқболларини мустаҳкамлашга ва уларни ўзбек бозорига кўпроқ сармоя киритишга чақираман”, деб қўшимча қилди К.Лэмм.

Silverleafe Capital Partners президенти Дэн Паттерсоннинг сўзларига кўра, Америка брендлари томонидан Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирилаётгани республика тўқимачилик маҳсулотлари сифати ва рақобатбардошлигига бўлган ишончдан далолат беради. Шу муносабат билан Silverleafe президенти Ўзбекистон тўқимачилик компаниялари ва Америка брендлари раҳбарлари ўртасида учрашувлар ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

CNH Industrial компанияси вице-президенти Стив Надернининг сўзларига қўра, CNH Industrial илғор қишлоқ хўжалиги техникаси ва тажрибаларини тақдим этиш орқали Ўзбекистон ушбу соҳа саноатини модернизация қилиш ва унумдорлигини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган. С.Надерни Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган завод ва фабрикалар жиҳозларини модернизация қилишда ўзбек ҳамкорлар билан фаол ҳамкорликни давом эттиришни билдирди.

Тадбир якунида АUСС ва АҚШ компаниялари раҳбарлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашларини, Америка компанияларини республика бозорига киришга ундашларини ва янги инвестиция лойиҳалари устида ишлашда давом этишларини таъкидладилар. Америка томони билан АUСС ташкил этилганининг 30 йиллиги арафасида жорий йилнинг сентябрь ойида Вашингтон шаҳрида “Америка–Ўзбекистон бизнес-форуми”ни ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид