Ўзбекистон | 17:56 / 14.06.2023
8943
2 дақиқада ўқилади

18 ёшли талаба “Open budget”даги лойиҳа учун овоз йиғиб беришни айтиб фуқаронинг 37 млн сўм пулларини ўзлаштирди

Сурхондарё вилояти Термиз туманида яшовчи талаба “Open budget”га киритилган лойиҳа учун 4 мингта овоз йиғиб беришини айтиб фуқарони чув туширган.

Фото: KUN.UZ

ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик марказининг хабар беришича, Фарғона вилояти, Қува туманида яшовчи 26 ёшли фуқаро ИИБга мурожаат қилиб, номаълум шахс “Телеграм” орқали боғланиб, “Openbudget” лойиҳасида 4 мингта овоз йиғиб бераман деб алдаганини ва пулларини ўзлаштириб кетганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув натижасида, ушбу жиноятни Термиз туманида яшовчи 18 ёшли талаба содир этгани ва у жабрланувчининг ишончига кириб, сўнг унинг банк картасидан 37 млн сўм ечиб олгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан талабага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қонунга мувофиқ, бундай жиноий ҳаракатлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Маълумот учун, “Open budget” портали 2018 йилда президент қарори билан ташкил этилган. 2021 йилдан бошлаб аҳоли таклифлари учун ажратиладиган маблағ миқдори кескин оширилди. Таклифлар билан лойиҳада иштирок этиш бир йилда икки марта амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

2023 йил 12 июн куни президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида сайловчилар билан ўтказилган учрашув чоғида бундан бу ёғига “Open budget” лойиҳалари ғолиб бўлиши учун 1,5 мингта овоз етарли бўлишини маълум қилди.

Мавзуга оид