Жаҳон | 14:31 / 16.06.2023
3874
2 дақиқада ўқилади

Финландияда янги бош вазир бошчилигида ҳукмрон коалиция шакллантирилди

Петтери Орпо бошчилигидаги Финландиянинг янги ҳукуматида тўрт партия, жумладан ўнг қанот популист «Ҳақиқий финлар» вакиллари бўлади.

Фото: ALESSANDRO RAMPAZZO/AFP

Финландияда етти ҳафталик музокаралардан сўнг тўрт партия бош вазир Петтери Орпо бошчилигидаги коалиция ҳукумати ҳақида келишиб олди. Янги вазирлар маҳкамаси таркиби, шунингдек, унинг дастури 16 июнь, жума куни тушдан кейин эълон қилиниши кутилмоқда.

Баъзи оммавий ахборот воситаларининг ҳисоб-китобларига кўра, бу ҳукумат «Иккинчи жаҳон урушидан кейин Финландиядаги энг ўнг қанот»га айланади. Қайд этилишича, Орпо бошчилигидаги консерватив Миллий коалиция партиясидан ташқари унинг таркибига ўнг қанот популист «Ҳақиқий финлар» партияси, Швеция Халқ партияси ва Христиан-демократлар киради. Шу билан бирга, ҳукуматда бирорта ҳам сўл партия вакили бўлмайди.

Петтери Орпо Финландия бош вазири лавозимидан апрель ойида истеъфога чиққан Социал-демократик партия вакили Санна Марин ўрнини эгаллайди. Марин коронавирус пандемиясига қарши муваффақиятли кураши ва Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин олиб борган сиёсати туфайли аҳоли орасида машҳур бўлган, бироқ унинг партияси сўнгги парламент сайловларида мағлубиятга учради. Янги ҳукуматнинг асосий вазифаларидан бири давлат қарзини қисқартириш бўлиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид