Спорт | 01:31 / 16.06.2023
22164
5 дақиқада ўқилади

Футбол ва иқтисодиёт: Европа футболи пандемия оқибатларини енгиб ўтди ва ўсишга қайтди

Фото: Reuters

Европа клуб футболи ниҳоят пандемиянинг барча оқибатларини енгиб ўтди ва ўсишга қайтди. 2021/22 йилги мавсумда қитъа футбол бозори иштирокчиларининг даромади 29,5 миллиард еврога етган ва бу мутлақ рекорддир. Ўсиш двигателлари одатдагидек, катта футбол бешлиги мамлакатлари - Англия, Испания, Германия, Италия ва Франция лигалари эди.

Deloitte компанияси Европа футболининг молиявий ҳолати бўйича йиллик Football Finance ҳисоботини эълон қилди, унда 2021/22 йилги мавсумда соҳа ниҳоят COVID-19 пандемияси оқибатларини енгиб ўтгани ва молиявий ўсиш траекториясига қайтгани таъкидланади.

Қайд этилишича, Европа футбол бозори иштирокчилари (бу нафақат клублар, балки миллий федерациялар ва УЕФА ташкилотини ҳам ўз ичига олади) томонидан яратилган умумий даромад 29,5 миллиард еврони ташкил қилган. Бу 2020/21 йилги мавсумдагидан деярли 1,9 миллиард евро ва 2019/20 йилги мавсумдагидан 4,3 миллиард еврога кўп.

Қайд қилиш жоиз, айнан мана шу мавсумларда пандемия юзага келган, клублар чипта сотишдан тушган даромадларини амалда йўқотган, ўйин ўтказмагани учун телекомпанияларга пулларни қайтаришга мажбур бўлган эди. Шундай экан, кўрсаткичларни солиштириш тўғрироқ бўладиган давр - пандемиядан олдинги 2018/19 мавсуми бўлади. Бу даврда Европа футбол бозори 28,9 миллиард евро даромад олган эди.

Даромаднинг асосий улуши, ҳар доимгидек, катта бешлик давлатларининг юқори дивизионлари клубларига тўғри келди. Англия, Испания, Германия, Италия ва Франция клублари биргаликда 17,2 миллиард евро ишлаб топди. Бу ҳам рекорд кўрсаткич бўлиб, юқорида қайд этилган 2018/19 йилги мавсумда эришилган кўрсаткичдан 200 миллион евро кўпдир.

Бундай сезиларли ўсиш томошабинларнинг стадионларга қайтиши билан изоҳланади. Қолаверса, масалан, Англия Премьер-Лигасида (АПЛ) томошабинлар сони умуман рекордга айланди: ўйинларга ўртача 39950 томошабин кирди. Бу Германиядан кейин иккинчи энг юқори кўрсаткич, бу ерда ўйинларга ўртача 42 837 мухлис кирган.

Ҳозир АПЛ клублари каттароқ стадионларга сармоя киритишни ўйламоқда, албатта бу бежиз эмас. Етакчи лига клублари ўз даромадларининг 12 фоизини matchday кўринишида олган (ўйин куни мухлислар ташрифидан). Агар мутлақ қийматлар ҳақида гапириладиган бўлса, Премьер-Лига клублари томошабинлардан 901 миллион евро йиғган.

Deloitte маълумотларига кўра, «Катта бешлик» клубларининг тижорий даромадлари (ҳомийлик шартномаларидан тушумлар, клуб рамзи туширилган товарларни сотиш ва бошқалар) бирданига 17 фоизга ўсиб, 6,3 миллиард еврога етган. Бу эса телетрансляция ҳуқуқи тушумларининг камайишини компенсация қилиш имконини берди. Улар 12 фоизга камайиб, 8,9 миллиард еврога тушган. Бироқ, хавотирли хулосалар чиқаришнинг ҳожати йўқ: пасайиш, асосан, пандемия давридаги мавсум учун клублар қайтарган маблағлар ҳисобига содир бўлди. Бундан ташқари, гап телекомпанияларнинг ҳисоб рақамига реал пул ўтказиш ҳақида эмас, балки кейинги мавсумлар учун компенсацион чегирма бериш ҳақида эди.

Deloitte ҳисоботида эҳтимолий муаммоли омиллар ҳам қайд этилган. Бунда ҳеч қандай янгилик йўқ. Гап футболчилар маошининг ортиб бораётгани ҳақида кетмоқда. Унга 12,3 миллиард евро сарфланди, бу 2018/19 йилги мавсумдагидан 15 фоизга кўп.

2019/20 йилги мавсум билан таққослашнинг аҳамияти йўқ, чунки ўша пайтда кўплаб клублар футболчилар маошини вақтинчалик қисқартирган эди.

Демак, Премьер-Лигада клублар ўз даромадининг 67 фоизини футболчилар маошига сарфламоқда (75 фоиздан паст бўлса молиявий томондан мақбул ҳисобланади). Бироқ, бу кўрсаткич Испания чемпионатида 73 фоизни, анъанавий тарзда молиявий жиҳатдан энг интизомли бўлган Бундеслигада атиги 59 фоизни ташкил қилади. Италия А Серияси (83 фоиз) ва Франция 1-Лигаси (87 фоиз) тавсия этилган параметрларга мос келмайди.

Агар лигаларни футболчилар маошининг мутлақ қийматига кўра солиштирадиган бўлсак, нега ҳамма Англияда ўйнашга иштиёқи борлиги ойдинлашади. Премьер-Лига клублари футболчилар маошига ўртача 215 миллион евро сарфламоқда. («Манчестер Юнайтед» маошларга энг кўп маблағ сарфламоқда – деярли 480 млн евро). Кейинги ўринларда Ла Лига (119 миллион евро), Бундеслига (103 миллион евро), А Серия (98 миллион евро) ва Лига 1 (88 миллион евро) бормоқда.

Премьер-Лиганинг ўртача иш ҳақи бўйича деярли икки баравар устунлиги Англия ва бошқа лигалар даромадлари нисбати билан ҳам тўлиқ боғлиқ.

Шундай қилиб, ҳисобот даврида Премьер-Лига клублари рекорд даражадаги 6,442 миллиард евро даромад олган, бу 2018/19 йилги мавсумдагидан деярли 599 миллион еврога кўп.

Ла Лига даромади 3,277 миллиард евро, Бундеслига 3,149 миллиард евро, Италия А Серияси 2,35 миллиард евро, Франция 1-Лигаси 2,026 миллиард евро.

Кўриниб турганидек, Англия Премьер-Лигаси Испания ва Германия лигаларини қўшгандан кўра кўпроқ даромад олади. Deloitte фикрига кўра, бу бўшлиқ яқин йилларда камаймайди.

Ҳисоботда 2024 йилгача бўлган даромадлар прогнози ҳам бор ва Премьер-Лига 6,7 миллиард евро олиши, Ла Лига ва Бундеслига даромадлари эса 3,55 миллиард евродан ошмаслиги тахмин қилмоқда.

Мавзуга оид