Ўзбекистон | 12:17 / 16.06.2023
33640
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда ярим тунда киракашлик қилиб юрган йигитга босқинчилар ҳужум қилди, уларга қизлар ҳам ёрдам берган

Ҳозирда бу шахслар нима сабабдан жиноятга қўл ургани аниқланмоқда. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Фото: Тергов департаменти

2023 йил 7 июнь куни 24 ёшли Ғ.Б. Тошкент тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган, деб хабар бермоқда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

У шу куни соат 01:20 ларда Spark русумли автомашинасида йўловчиларни ташиш билан шуғулланаётган вақтида, ТҲАЙнинг Тошкент шаҳри Юнусобод тумани И.Каримов маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмидан йўловчи сифатида икки нафар номаълум аёллар автомашинасига ўтириб, Қибрай тумани Парвоз маҳалласига олиб бориб қўйишини сўраганини билдирган.

Таъкидланишича, у мазкур маҳаллага борган вақтида, аёлларнинг таниши бўлган яна икки нафар номаълум эркак унинг автомашинасига чиққан ва уларни “Уч қаҳрамон” блокпости яқинидаги ички кўчага олиб борган вақтида, автомашинада йўловчи сифатида кетаётган икки нафар эркак унга пичоқ ўқталиб, қўллари билан уриб тан жароҳати етказган.

Сўнгра улар уни зўрлик ишлатиб автомашина орқа ўриндиғига ўтказган, улардан бири автомашина рул бошқарувига ўтирган, иккинчи эркак эса пичоқ ўқталиб орқа ўриндиқда олиб кетаётган вақтида ундан Redmi-5 русумли телефон аппаратини ва қўлида бўлган соатини тортиб олган. Учтепа тумани ҳудудидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига кирган вақтларида, у автомашинадан тушиб қочиб кетишига улгурган.

Фото: Тергов департаменти

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсларга нисбатан Жиноят кодекснинг 267-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда зўрлик ишлатиб транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ишлар натижасида, мазкур жиноятни 21 ёшли П.Ф. (эркак), 18 ёшли С.М. (аёл), 22 ёшли Н.Б. (эркак) ва 18 ёшли А.Ю. (аёл) содир этгани ҳамда жабрланувчига тегишли бўлган автомашина Зангиота тумани Мустақиллик кўчасида жойлашган уйларнинг бири олдида ташлаб кетилгани аниқланган ва автомашина кўздан кечирилиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур жиноятни содир этган шахслар қўлга олиниб, улардан жабрланувчига тегишли бўлган Redmi-5 русумли телефон аппарати олинган, ҳозирда уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда юқоридаги шахслар нима сабабдан ушбу жиноятга қўл ургани аниқланмоқда. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мавзуга оид