Жаҳон | 16:29 / 17.06.2023
10201
7 дақиқада ўқилади

Африка етакчилари ташрифи вақтидаги зарба ва озод этилган қишлоқ манзаралари. Уруш суратлари

Украинадаги урушнинг 478-куни ўтди. Асосий маълумотлар: 

  • Владимир Путин Петербург халқаро иқтисодий форумида Володимир Зеленскийни «яҳудий халқи учун шармандалик» деб атади. Россия президенти йиғилганларга холокост ҳақида кино қўйиб берди ва уни гўёки Киевдагилар инкор этишини айтди.
  • Журналистларнинг аниқлашича, Россиянинг 2023 йил бошида Бахмут ва Вуҳледардаги йўқотишлари урушнинг дастлабки ҳафтасидагидан юқорироқ бўлган.
  • Киевда Африка мамлакатлари етакчилари Зеленский билан тинчлик ташаббусини муҳокама қилиш учун учрашди. Музокаралар якунларига кўра Зеленский Украинага «чинакам тинчлик кераклиги — бу эса Россия қўшинлари олиб чиқилишини талаб этиши»ни айтди. Учрашув куни Россия қўшини Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларини ўққа тутди.
  • Путин Россия қўшини Киев атрофида америкаликларнинг Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларини йўқ қилганини айтди. У айнан нимани назарда тутгани аниқ эмас: Украина расман иккита комплекс қабул қилиб олган, уларнинг ҳар бири олтитадан учириш қурилмасига эга.
  • Путин шунингдек Беларусга ядро зарядларининг биринчи партияси етказиб берилганини маълум қилди.
  • Британия разведкаси Украинада катта эҳтимол билан россиялик генерал-майор Сергей Горячев ҳалок бўлганини хабар қилди.
  • Зеленский фронтдаги вазиятни «умуман олганда позитив, аммо мураккаб» деб атади.
  • Белгород области губернатори Вячеслав Гладков Шебекинода отишмалар оқибатида жами 113 та кўп қаватли ва 700 та хусусий уйлар шикастлангани ҳақида айтди.

Озод этилган Блаҳодатне қишлоғи

Донецк области ғарбидаги Блаҳодатне қишлоғи Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми давомида озод этилди, бу ҳақда 10 июн куни украин ҳарбийлари хабар беришганди. У Мокрие Яли дарёси водийсида, «Времевка бўртиғи» этагида жойлашган — РФ мудофаа вазирлиги россияликларнинг Донецк ва Запорижжя областлари туташган ҳудудда, Великая Новосилка райони марказига қараб йўналган позицияларини Времевка посёлкаси асосида шундай атаган. Украин ҳарбийлари маҳаллий Маданият уйида ўрнашган россиялик ҳарбийлар томонидан қаттиқ қаршилик кўрсатилгани ҳақида хабар берган. РФ мудофаа вазирлигига алоқадор «Рыбарь» телеграм-канали эса Украина қуролли кучлари Блаҳодатнени «амалда жангсиз эгаллагани» (гўёки «ДХР» кучлари қуршовга тушиб қолмаслик учун, кейинги позицияга чекинган) ҳақида ёзган. Россия оккупацияси вақтида, украинларнинг маълумотларига кўра, қишлоқдаги қурилмаларнинг 80 фоизи вайрон бўлган. 

Блаҳодатне қишлоғидаги Маданият саройида ҳалок бўлган россиялик аскар жасади
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Озод этилган қишлоқ бўйлаб ҳаракатланаётган украиналик ҳарбий
Libkos / AP / Scanpix / LETA

Херсон ўққа тутилиши

16 июн куни — Украинага Африка давлатлари етакчилари ташриф буюрган маҳалда — Россия қўшини Херсон бўйлаб ёппасига зарба йўллади. Тинч аҳоли вакиллари бўлган 25 киши, жумладан уч нафар бола жароҳатланган, икки киши ҳалок бўлган.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермакка кўра, Херсон маркази, Корабел райони ва Тавр микрорайони (шаҳардаги энг йирик микрорайон) зарбага учраган. Тиббиёт муассасаси, болалар боғчаси, супермаркет, кўп квартирали турар жой бинолари, автомобиллар, электр узатиш линиялари шикастланган.

Херсон области ҳарбий маъмуриятига кўра, россияликлар шаҳарга 44 ракета йўллаган
Alex Chan / SOPA Images / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Россияликлар зарбасидан кейин Херсондаги бомбапанагоҳ атрофида турган киши
Alex Chan / SOPA Images / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Отишма вақтида жабрланган аёлни тез ёрдам машинасига олиб бораётган қутқарувчилар
Alex Chan / SOPA Images / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Россияликлар зарбаси вақтида яраланган шаҳарликлардан бири тез ёрдам каретасига олиб чиқилмоқда
Alex Chan / SOPA Images / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Киев Африка етакчилари ташрифи вақтида ўққа тутилди

16 июн куни Киевга Украина ва Россия можаросини ҳал қилиш бўйича ўз режасини таклиф этган Африка давлатлари етакчилари ташриф буюрди (бу режа тезроқ музокаралар бошлаш ҳамда икки томонга ҳам хавфсизлик кафолати тақдим этишни назарда тутади). Шу соатларда, Украина қуролли кучлари ҳаво қўшинлари маълумотига кўра, Киев шаҳри ва Киев области бўйлаб россияликларнинг баллистик ракеталари учирилган; бутун Украина бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинган. Reuters журналистлари африкалик сиёсатчилар бомбапанагоҳ сифатида фойдаланиш учун меҳмонхонага чопаётганини кўришгани ҳақида хабар беришган. «Россияликларнинг ракеталари — бу Африкага сигнал: Россия тинчликни эмас, катта урушни истамоқда», — дея ёзди Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба твиттер саҳифасида. 

Россияликларнинг ҳавода уриб туширилган ракеталари портлаши. Украина мудофаа вазирлигига кўра, украин ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Киев бўйлаб учирилган 12 та ракетани муваффақият билан қайтарган. Фот: Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Киевликлар метродаги бошпанада
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Киевлик киши онасининг россияликлар зарбаси оқибатида жиддий шикастланган уйида
Roman Pilipey / Getty Images
Россия зарбаси оқибатида вайрон бўлган уйда яшовчилар
Oleksii Chumachenko / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Киев области Старие Петровци қишлоғи бўйлаб берилган зарба оқибатлари
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA

Украинанинг турли ҳудудларидан суратлар

Никополдаги бомбапанагоҳ

Днипропетровск областининг Никопол шаҳрида советларнинг Иккинчи жаҳон урушида қўллаган ИС-2 танкига ўрнатилган ёдгорлик атрофида барпо этилган мобул бошпана
Alina Smutko / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид