Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Омбудсман Тошкент шаҳар ИИББда қийноққа солингани айтилаётган тадбиркор билан учрашди
Учрашув чоғида наманганлик йирик тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев ўзини тергов даврида қийноққа солган ходимларга нисбатан чора кўрилмаётганидан шикоят қилган.
Наманганлик йирик тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев 12-15 апрель кунлари Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимида оғзи ва қўллари скотч билан боғланиб, шафқатсизларча қийноққа солингани айтилганди.
6 май куни Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари Зангиота туманидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасига бориб, Дилшод Тўрахўжаев билан учрашган. Суҳбат давомида тадбиркор ўзига нисбатан Поп тумани ИИБда ва кейинчалик Тошкент шаҳар ИИББда руҳий ва жисмоний босим ўтказилганини маълум қилган, қийноқлар натижасида айбига иқрор бўлганини маълум қилган.
“Шу куннинг ўзида Д.Тўрахўжаевнинг қийноққа солинганлиги ҳолати юзасидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишини таъминлаш юзасидан Бош прокуратурага Омбудсман талабномаси киритилган эди.
Ҳозирда прокуратура органлари томонидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари якунланмагани сабабли, Омбудсман талабномасига якуний жавоб тақдим этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсманнинг тергов-суриштирув ҳаракатларини ўтказиш ваколати йўқ. Омбудсманга юборилган қийноққа оид мурожаатлар Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ ўрганиб чиқиш ва тегишли чора кўриш бўйича Бош прокуратурага йўналтирилади.
Дилшод Тўрахўжаевнинг адвокати ижтимоий тармоқларда тарқатган видеомурожаатда ҳимояси остидаги шахснинг соғлиғи ёмон эканлиги, унга малакали шифокор ёрдами ҳамда МРТ ва УТТ текширувларидан ўтказилиши кераклиги баён этилган. Шу боис 2023 йил 15 июнь куни Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари яна бир бор 1-сон Тергов ҳибсхонасига бориб, тадбиркор билан учрашди ва ҳоли тарзда суҳбат ўтказишган.
Тўрахўжаев 1-сон Тергов ҳибсхонаси ходимлари ва шароитдан шикояти йўқлиги, фақат тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилмаганлиги, унга нисбатан қийноқ қўллангани бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари чўзилаётганлиги ва уни қийноққа солган ходимларга нисбатан чора кўрилмаётганидан шикоят қилди.
Омбудсман томонидан Д.Тўрахўжаевга малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши ва тиббий текширувдан ўтказилишини ташкиллаштириш бўйича чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, унинг шикояти бўйича Бош прокуратурага Омбудсманнинг назорат хати чиқарилди”, дейилади расмий хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Дилшод Тўрахўжаевнинг тергов даврида калтаклангани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирган ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Дилшод Тўрахўжаевнинг Тошкентда, тергов давомида калтакланганини инкор қилиб, суратдаги жароҳатлар эски эканини айтганди.
Шундан сўнг Тўрахўжаевнинг адвокати Нурулло Тўлаганов буни инкор этиб, ҳимояси остидаги шахс тергов бўлимларида аёвсиз калтакланганини айтиб, унинг тан жароҳатлари акс этган суратларни эълон қилди.
Маълумот учун, Дилшод Тўрахўжаев – Наманганнинг Поп туманидаги Чодак қишлоғида Apart Hotel Kosmos меҳмонхона ва дам олиш мажмуасини қурган инвестор. Мажмуанинг умумий қиймати 2 миллион доллардан ошади. Бу ташаббус президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам эътиборига тушган.
ИИВ матбуот хизмати 1 май куни ҳар бир ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилган эди. Бироқ, орадан 45 кундан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, ҳалигача текширув натижалари жамоатчиликка ошкор қилингани йўқ.
Мавзуга оид
16:30 / 20.04.2025
Тошкентда фуқароларга пичоқ билан таҳдид қилган маст эркак 10 суткага қамалди
09:52 / 10.04.2025
Ўзбекистонликларни ҳақоратлаган тиктокер қамоққа олинди
09:13 / 17.03.2025
Тошкент вилоятида қизларни шаҳвоний мақсадда Ўзбекистондан олиб чиқмоқчи бўлган 8 нафар шахс ушланди
15:27 / 11.03.2025