Ўзбекистон | 14:06 / 18.06.2023
43167
7 дақиқада ўқилади

Бактериологик лаборатория ва кимёвий полигон. Оролдаги арвоҳ-шаҳар — Кантубек ёхуд Орол-7

Совуқ урушдаги рақобат сабаб СССРда ўнлаб махфий-ҳарбий шаҳарлар барпо этилган. Уларда турли турдаги қуроллар ишлаб чиқилган, тайёрланган ва синовдан ўтказилган. Бироқ СССР қулаши билан бу шаҳарларнинг аксарияти ҳеч кимга керак бўлмай қолди ва ташландиқ масканга айланди. Шундай шаҳарлардан бири Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Кантубек ёки Орол-7 шаҳри.

Фото: Wikipedia

Қулай географик жойлашув

Орол-7 ёки Кантубек шаҳри, ўша пайтларда сувга тўла бўлган Орол денгизидаги ороллардан бири — Уйғониш оролида қурилган. Бу ер махфий шаҳар қуриш учун идеал жой эди: аҳоли яшаш манзилларидан узоқда, сув билан ўралган, ҳимоя қилиш учун қулай.

Оролда биокимёвий полигон қуриш режаси 1930-йиллардаёқ бўлган. Иккинчи жаҳон уруши бу жараённи тезлаштирган. Советлар Германия қўлига тушишидан асраш мақсадида Твер области Селигер кўлидаги Городомл оролида жойлашган биологик лабoраторияни аввал Кировга, сўнг Саратов ва ниҳоят Уйғониш оролига эвакуация қилган.

Кантубек шаҳри аэродроми
Фото: Wikipedia

Шошилинч кўчириш сабаб орол ҳали инсонлари яшаши учун тўлиқ тайёр бўлмаган. 1954 йилдан оролда аҳоли (муддатли ҳарбий хизматчилар, ҳарбийлар, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари) истиқомат қилиши учун бинолар қурила бошланган.

Кейинроқ ёпиқ Орол-7 шаҳри содир бўлаётган воқеаларни назорат қилиш учун Орол-5 («Урал») ҳарбий шаҳри ҳам қурилган. Бу шаҳарга ҳарбий полк жойлаштирилган ва орол ҳимояси билан шуғулланган.

Ўша пайтда ҳеч ким 50-60 йилдан кейин катта Орол денгиз қуриши ва Уйғониш ороли қуруқлик билан бирлашишини тасаввур ҳам қилмасди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, шаҳар Ўзбекистон ҳудудида жойлашганига қарамай, унинг фаолияти Қозоғистон томонидан назорат қилинган.

Фото: Wikipedia

Махфий шаҳар ва ундаги тажрибалар

Кантубекдаги, нафақат, биокимёвий лабoратория, балки аэродром ҳам жуда камёб иншоотлардан эди. Бу аэродром тўртта учиш-қўниш йўлаги бўлган СССРдаги ягона аэродром ҳисобланган. У «шамол атиргули» (шамол йўлларини тавсифловчи векторли диаграмма) услубида қурилган бўлиб, бу кучли шамол шароитида (оролда доим кучли шамоллар кузатилган) ҳар қандай турдаги самолётларни қабул қилиш учун зарур эди. Қўниш йўллари шамол йўналишига мос равишда қурилган ва ҳар қандай самолёт ҳар доим ўзига қулай қўниш йўлагини танлаш имконига эга бўлган.

Биологик-бактериологик лаборатория корпуси шаҳардан 3 километр жанубда бўлган. Бу ерга кимёвий полигонда куйдирги, бубо вабоси, бруцеллёз (қора оқсоқ), тулямерия ва бошқа ўта хавфли инфекциялар бациллалари билан касаллантирилган турли ҳайвонлар олиб келинган.

Фото: Wikipedia

«Бархан» деб номланган полигон ҳам орол жанубида жойлашган. Полигондаги тажрибаларда мамлакатнинг турли бурчаклари ва хориждан келтирилган ҳайвонлар, жумладан ит, каламуш, от, эшак ва бошқа жонзотлардан фойдаланилган. Бироқ бактериологик синовлар энг кўп маймунларда олиб борилган. Совет биологлари маймунларда асосан ўпкага таъсир қилувчи вируслар тажрибаларини ўтказган, чунки маймун ва инсон нафас олиш тизими жуда ўхшаш. Улар бу орқали касаллик вируслари инсонга қандай таъсир қилишини ўрганган.

Маймунларнинг катта қисми Африкадан олиб келинган.

Вирусни тарқатиш анча оддий усулда амалга оширилган: ҳайвонлар қафасларга солиниб, полигонга қўйилган ва самолётлар уларнинг устидан касаллик вирусларини сепган. Кейин эса ходимлар ҳимоя кийимларини кийиб, жонзотларни лабораторияга олиб кетган.

Шамол вирус спораларини шаҳарнинг аҳоли посёлкасига эмас, янада жанубга олиб кетган ва ўша ерда дезинфекция чоралари кўрилган.

Фото: Wikipedia

Қизиғи, оролнинг жанубида ўта хавфли касалликлар устида тажрибалар ўтказилаётган бир пайтда, шимолда инсонлар кўчада бемалол суҳбатлашган, денгиз бўйида оқшомлар ташкил қилган ва денгизда чўмилган, болалар мактаб ва боғчага борган.

Шаҳар аҳолиси қарийб бир ярим минг кишидан иборат бўлган. Олимлар, ҳарбийлар ва кимёвий қўшинлар аскарларидан ташқари, ходимларнинг оила аъзолари ҳам бу хавфли масканда яшаган. Катта эҳтимол билан, улар жанубдаги синовлардан бехабар бўлган, чунки лабораториядаги тажрибалар қаттиқ сир сақланган.

Кантубек шаҳридаги ҳарбий саф

Куйдирги вируси ва арвоҳ-шаҳар мақоми

Кантубек куйдирги бациллалари орқали анча машҳурликка эришган. 1988 йил, советлар иттифоқида қайта қуриш сиёсати бошлангандан кейин Уйғониш оролидаги кимёвий базадан хабар топган АҚШ СССРни «Биологик қуроллар тўғрисидаги конвенция» шартларини бузишда, Кантубекда куйдирги касалини қўзғовчи бактерияларни ишлаб чиқишда айблайди. Халқаро можаронинг олдини олиш учун СССР раҳбарияти мамлакатдаги барча куйдирги вирусларини Орол-7 шаҳрига олиб келади ва уларни шу ердаги қабристонларга кўмади.

Орол 7 ва Орол 5 (картада Аральск) шаҳарлари

СССР парчаланиши билан ушбу биокимёвий шаҳар Қозоғистонга ҳам, Ўзбекистонга ҳам керак бўлмайди ва 1992 йил Россия президенти Борис Елсин буйруғи билан шаҳар, лаборатория ва полигон Россиянинг Киров областига кўчирилади. Эвакуация шошилинч амалга оширилгани боис, одамлар деярли барча нарсаларини ташлаб кетади, шунингдек кўплаб ҳужжатлар ва техникалар ҳам орол бағрида қолади.

Шаҳар мутлақ ташландиқ масканга айланади.

Тезкор кўчиш сабаб олимлар оролда баъзи тажрибалар натижаларини, масалан биоматериал, касаллантирилган ҳайвонлар қолдиқлари ва шошилинч равишда кўмилган жонли вирусларни қолдириб кетади. Бундан ташқари, орол остида ҳали ҳам катта ҳажмдаги куйдирги касали вируслари мавжуд эди.

Айнан шу сабаб 1995 йил Қозоғистон ва Ўзбекистон таклифига биноан америкалик олимлар ва ҳарбийлар Кантубек шаҳрига ташриф буюради. Улар кучли дезинфекциялашга қарамай, куйдирги касални қўзғовчи Bacillus anthracis бациллалари бутунлай ўлмагани ҳамда ҳали ҳам хавфли экани ҳақида хулоса беради.

1995 ва 1997 йилларда ҳам АҚШ делегацияси Кантубекда бўлади. 2002 йилда Орол-7 шаҳрига 130 нафар америкалик вирусолог келади. Бу оролга америкаликларнинг охирги йирик илмий ташрифи бўлади.

Эпидемиологлар Кантубек шаҳри ҳозирда ҳеч қандай реал хавфга эга эмаслиги (аммо барибир қандайдир шубҳалар бўлиши мумкин) ҳақида хулоса берган бўлса-да, шаҳар қайта жонланмади ва арвоҳ-шаҳар мақомида қолди.

Қайд этиш керакки, ушбу арвоҳ-шаҳар машҳурлик борасида анча-мунча шаҳар билан баҳслаша олади. У ердаги тажрибалар ҳақидаги кўплаб миш-мишлар, афсоналар мавжуд. Баъзи видео ўйин сервислари ҳам бу жой тарихидан илҳомланган. Масалан, машҳур Call of Duty: Black Ops видеоўйининг миссияларидан бири Уйғониш оролида бажарилади. World of Tanks видеоўйинида ҳам Уйғониш оролидаги Кантубек шаҳридан илҳомланилган «Йўқотилган шаҳар» локацияси мавжуд. Command & Conquer: Generals ўйинида эса Орол денгизи соҳилидаги кимёвий бункерлар ва лабораториялар кўрсатилади ва бу билан Кантубек биокимёвий шаҳрига ишора қилинади.

Мавзуга оид