Жаҳон | 19:54 / 18.06.2023
23830
8 дақиқада ўқилади

Россияда туғилиш рекорд даражада пасаймоқда: уруш бу борада эртанги кунга ишончни ҳам ўлдирмоқда

2023 йил якунларига кўра, Россияда сўнгги 25 йил ичида туғилишнинг энг кам кўрсаткичи қайд этилиши мумкин. Росстатнинг январ–апрел ойлари учун эълон қилинган натижаларини қолган саккиз ой учун тақсимлаб шундай хулосага келиш мумкин. Яқин келажакда туғилиш сони ўсиши учун сабаб ҳам кўринмаяпти.

Налчик. Болалар уруш тарғиботи баннери олдида. Фото: Republic.ru

Расмий статистикага кўра, 2023 йилнинг дастлабки тўрт ойида Россияда 407 минг 188 нафар бола дунёга келган. Бу 420 мингдан зиёд бола туғилган 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 12 минг 885 нафарга камроқ.

Агар 2023 йилнинг қолган ойларида ҳам туғилиш даражаси шундай бўлиб қолаверса, 407 минг 188 сонини учга кўпайтириб, 1 млн 221 минг янги туғилган чақалоқлар сонини чиқариш мумкин.

Совет ва Россия расмий статистикасига кўра, 1980 йилдан буён Россияда фақат 1999 йилда бу кўрсаткичдан кам бола туғилган. Ўшанда 1 млн 215 минг туғилиш қайд этилган ва бунинг сабаби 1998 йилги ўрта синфга қақшатқич зарба берган дефолт билан тушунтирилган.

Қайд этиш лозимки, Россияда 2014 йилдан буён саккиз йилдирки, туғилиш даражаси пайдар-пай камайиб бормоқда. 2014 йилда Росстат 1 млн 912 минг чақалоқ дунёга келганини қайд этганди — бу 1992 йилдан кейинги энг рекорд кўрсаткич бўлган (2014 йилги натижаларда Россиянинг халқаро тан олинган чегараларидаги туғилишгина эмас, Қримдаги туғилишлар сони ҳам ҳисобга олинган; иккинчидан, Путин даврининг энг яхши кўрсаткичи шу ҳолда ҳам совет давридаги энг яхши кўрсаткичларга яқин кела олмаган: 1980-йилларда РСФСРда айрим йиллари 2,5 миллионгача бола дунёга келган).

Табиийки, Россияда туғилиш даражаси айнан Украинага ҳужум бошланган 2014 йилдан бошлаб туша бошлагани асло тасодиф эмас.

Гарчи аввалбошда — Қрим аннексия қилинганида фуқаролар шапкасини осмонга отиб, «ура» деб бақиришган бўлса-да, Путиннинг 2014 йилда Украинага қарши бошлаган уруши фуқароларга эртанги кунга ишонч тақдим этмаслиги тобора ойдинлашмоқда. Мамлакатда туғилиш даражасига таъсир кўрсатган жиҳат санкциялар ва ҳарбий харажатларнинг ўсиши туфайли аҳолининг турмуш даражаси ёмонлашгани бўлди. Боз устига, Россияда бир қатор ижтимоий кафолатлар пасайтирилди (жумладан, 2018 йилда пенсия чиқиш ёшига 5 йил қўшилди).

Россияда туғилиш кўрсаткичи билан вазият бир қадар тушунарли бўлса-да, аҳоли сони камайишини ҳисоблашнинг бошқа бир асосий кўрсаткичи — ўлим даражаси билан ишлар умуман пачава.

2015 йилда Россияда қабул қилинган қонунга кўра, «тинчлик даврида» ҳарбий йўқотишлар билан боғлиқ маълумотларни ошкор этиш тақиқланади. Россия ҳозир расман Украинага қарши урушга киришмаган, шунчаки «махсус ҳарбий амалиёт» ўтказаётгани сабабли улардаги вазият ҳамон «тинчлик даври» ҳисобланади, бинобарин, ҳарбий йўқотишлар ҳақидаги маълумотлар очиқ ахборий маконга чиқарилмайди.

Росстат томонидан эълон қилинаётган оддий ўлим кўрсаткичларига ҳам ишониб бўлмайди. Давлат идораси аввалроқ эълон қилинган маълумотларга кўра, Россияда ўлим кўрсаткичи 2021 йилдаги 2 млн 445 мингдан уруш бошланган 2022 йилда 1 млн 905 минггача пасайган ва қарийб 540 мингга кескин қисқарган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг энг қирғинбарот урушда қатнашаётган мамлакатда бунақаси қандай рўй бериши мумкин деган ўринли савол бир четга суриб қўйилганида ҳам, бошқа саволлар очиқ қолаверади.

Ўлим даражаси фантастик даражада ярим миллиондан кўпроққа қисқарганини коронавирус пандемияси тугагани билан тушунтириш мумкин: у 2020 ва 2021 йилларда 300 мингдан зиёд «ортиқча ўлим» кўрсаткичларини тақдим этганди. Биз ўша 300 минг «ортиқча» ўлимни 540 мингдан айриб ташлаганимизда ҳам 240 минг сони номаълумлигича қолмоқда. Демак, Росстат версиясига кўра, 2022 йилдаги оддий ўлим кўрсаткичи айнан мана шунчага қисқарган бўлиб чиқмоқда. Бунақаси бўлиши мумкинми?

Бу саволга қатъий илмий жавоб қуйидагича бўлади: Россияда сўнгги 40 йил ичида ўлим даражасининг бундай кенг миқёсда пасайиши кузатилмаган.

Албатта, турли йилларда ўлим даражасининг тебранишлари юз бериб турган, лекин улар бир неча ўн минг атрофида бўлган. Россияда ўлим даражасининг энг кўп пасайиши 2006 йилда рўй берган. Ўшанда 2005 йилга нисбатан кўрсаткич 137 мингга камайган. Бу ҳол Чеченистонда ҳарбий ҳаракатларнинг чиндан ҳам тугатилгани, ўша йили қуролланган чечен мухолифатининг амнистия остига тушиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Лекин ўшангача ҳам, ундан кейин ҳам — 2022 йилгача Россияда ўлим даражасининг бу қадар кенг миқёсда қисқариши кузатилмаган.

Энди эса Украинага қарши кенг миқёсли урушнинг энг қизғин палласи юз берган йилда Россияда ўлим даражаси 240 мингга қисқармоқда. 2022 йилда бундай воқеа юз бериши учун ҳеч бир қулай шарт-шароитлар юз бермаганини эслатиб ўтиш ортиқча: мамлакатда ишсизлик сони ва озиқ-овқатлар нархи ошиб боришда, медицина ва ижтимоий соҳа деградацияга учрашда давом этди. Булар ҳали кенг миқёсдаги уруш бўлаётганини ҳисобга олмаганда, деб ёзади журналист Александр Желенин.

Ўз-ўзидан тушунарлики, бундай рақамлар Россия расмий статистикасига ишончни мустаҳкамламайди. Уларга қараб Россиядаги демография билан нималар бўлаётганини тушуниш, қоп-қоронғи хонада қора мушукни тутишга ҳаракат қилиш билан баробар, айниқса хонада мушукнинг ўзи бўлмаса.

Бу вазиятда Россия аҳолисининг реал камайишини прогноз қилиш бемаъни хатти-ҳаракат, чунки керакли натижани олиш учун асосий кўрсаткичлардан бири туғилиш билан бирга айнан ҳаққоний ўлим даражаси лозим бўлади, уни эса Россия статистикаси осмондан олиб ёзган.

Бироқ, Росстатнинг расмий рақамлари асосида Россиянинг 2023 йилги аҳоли камайиши натижаларини ҳисоблашга уриниб кўрилса, ҳаттоки шунда ҳам натижа оптимистик кўриниш олмайди.

Агар Россияда ўлим даражаси 2023 йил охирига қадар январ–апрел ойлари даражасида (596 минг) сақланиб қоладиган бўлса, йил сўнгига бориб у 1 млн 787 минг киши атрофида бўлади (596 минг × 3). Бу сондан туғиладиган болалар сони — 1 млн 225 минг (407,2 минг × 3)ни айириб ташласак, Россиянинг 2023 йилда камаядиган аҳолиси сонига эга бўламиз — тахминан 565 минг киши.

Ҳаттоки шу соннинг ўзи ҳам даҳшатли кўринишга эга. Боз устига, юқорида зикр этилганидек, оддий ўлим кўрсаткичлари реалликка асло мос эмаслиги ҳисобга олинса.

Бунга ҳали уруш шу йил тугамайдиган ва ҳозиргидек интенсивликда давом этадиган бўлса Россия Федерациясининг тиклаб бўлмас ҳарбий йўқотишларини ҳам қўшинг. 2022 йилнинг 25 ноябрида Ново-Огарёво қароргоҳида Путин урушда ҳалок бўлган аскарларнинг оналари ва бевалари билан учрашувида Россиянинг ҳарбий йўқотишлари миқёсини тўғридан тўғри бўлмаган шаклда ифода этган эди: «Бизда йўл-транспорт ҳодисаларида йилига 30 минг одам ўлади, алкоголдан заҳарланиб ўладиганлар миқдори ҳам қарийб шунча».

Яъни, Путин урушнинг 9 ойида 60 минг киши ўлганини бошқачароқ қилиб очиқлаган. Табиийки, Путин ўз йўқотишлари сонини ошириб кўрсатишини тасаввур этиб бўлмайди. Ҳар қандай бош қўмондон сингари у оммавий чиқишларида имкон қадар уларни пасайтириб кўрсатади. Бинобарин, урушнинг бир йили ичида камида 100 минг россиялик ҳарбийлар ўлганини тахмин қилиш мумкин. Бу сонга «оддий» ўлим кўрсаткичлари сонини қўшсак, 2023 йилда аҳоли сони 700 мингга камайишини чиқарамиз. Бу сони «даҳшатли 90-йиллар» даражасида, боз устига, ҳисоб-китоблар расман тилга олинган рақамлар асосида олиб борилган, табиийки, пасайтирилган рақамлардан фойдаланилган.

Урушнинг чанг-тўзони пасайгач, оловлар ўчгач, ўқ овозлари тингач, воқелик аслида бундан-да даҳшатлироқ бўлиб чиқиши мумкин. 

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид