Ўзбекистон | 11:41 / 19.06.2023
4103
2 дақиқада ўқилади

Эрон – Ўзбекистон логистика маркази барпо этилади

Эрон билан транспорт соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.

Жорий йилинг 18 июнь куни Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Эрон йўл ва шаҳарсозлик вазири Меҳрдод Базрпош билан учрашди.

Учрашувда томонлар транспорт соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, транспорт коридорларини ривожлантириш, ушбу йўналишда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш билан боғлиқ жиҳатларни муҳокама этди.

Томонлар «Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон» уч томонлама мультимодал транспорт коридорини ривожлантириш ва фойдаланиш бўйича ўзбек томонидан тақдим қилинган битимни тез орада келишиш, автомобиль транспортида юк ташувлари жараёнида Эрон томонидан ўзбек миллий ташувчиларидан ундирилаётган йиғимларни паритет асосида камайтириш, ёқилғи солиғи йиғимларини ҳам бошқа давлатларники билан тенглаштириш бўйича келишувга эришди.

Шунингдек, томонлар мамлакатлар ўртасида савдо-сотиқ муносабатларини янада ривожлантириш, юк ташувлари ҳажмини кескин ошириш мақсадида Эрон – Ўзбекистон логистика марказини барпо этиш, қолаверса, Эрон ҳудудида жойлашган Чобаҳор ва Бандар-Аббос портлари ҳудудида ўзбек тадбиркорлари иштирокида терминаллар ва омборлар қуриш хусусида келишиб олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид