Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бухорода туғма юрак нуқсони бор мингдан ошиқ болалар давлат ҳисобидан даволанади — Мирзиёев
Бухоро вилоятида 2 та шамол ва 3 та қуёш электр станцияси барпо этилади, 60 минг оила уй-жойга эга бўлади, туғма юрак нуқсони бор минг нафардан ортиқ болалар давлат ҳисобидан даволанади, 95 фоиз бухороликлар марказлашган ичимлик суви билан таъминланади, экологияни асраш ва маиший чиқиндилар билан ишлаш бўйича Бухоро тажрибаси яратилади.
Бухорода ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловчилар билан учрашуви бошланди. Kun.uz мухбири хабар қилишича, номзод Бухорода уй-жой қурилиши, тиббиёт, электроэнергетика ва экологияга оид келгусидаги 7 йиллик режалари билан таништирди.
Инфратузилма
Шавкат Мирзиёев келгуси етти йилда Бухорода 1,5 мингдан зиёд кўп қаватли уйлар қурилиб, 60 минг оила шинам уй-жойга эга бўлиши ҳақида айтиб ўтди. Жумладан:
- 1,5 мингдан зиёд кўп қаватли уйлар қурилиб, 60 минг оила шинам уй-жойга эга бўлади;
- вилоятда 7 минг километр йўллар, жумладан, 3,5 минг километр ички йўллар ва 300 дан зиёд кўприклар таъмирланади;
- 1 миллион 200 минг аҳоли учун ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида, 5 минг километр янги тармоқ ва 84 та сув иншооти барпо этилади. Натижада, Бухорода марказлашган ичимлик суви бўйича қамров 77 фоиздан 95 фоизга етказилади;
- туман ва шаҳар марказларида 1 минг 200 километр канализация тармоқлари ва 150 та оқова сув тозалаш иншоотлари қурилади. Шу орқали, 600 мингдан зиёд аҳоли илк бор канализация хизматига уланиб, вилоятда қамров даражаси ҳозирги 9 фоиздан 40 фоизга оширилади;
- маҳаллаларда 10 минг километр электр тармоқлари қурилиб, 1 мингта трансформатор янгиланади.
Тиббий хизматлар
«Бухорода аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш бўйича ҳам аниқ режаларимиз бор. Шу мақсадда, 2030 йилга қадар маҳаллаларда 50 та янги оилавий поликлиника ва шифокор пункти қурилиб, 200 таси тўлиқ таъмирланади.
Мураккаб операцияга муҳтож, туғма юрак нуқсони бор 1 минг нафардан ортиқ болаларни давлат ҳисобидан даволаш ташкил этилади. Бу ишларга Бухоро учун йилига 30 миллиард сўмдан ажратамиз», деди номзод.
Шунингдек, Бухорода Халқаро халқ табобати маркази ва Фармацевтика кластери ташкил қилинади. Бунинг учун, 50 миллион доллар инвестиция жалб қилиниши кўзда тутилган.
Муқобил энергетика
Вилоятда Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистонидаги инвесторлар билан ҳамкорликда 2 та шамол ва 3 та қуёш электр станцияси барпо этилади.
Уларда йилига 10 миллиард киловатт/соат ёки вилоят эҳтиёжидан икки марта кўп электр энергияси ишлаб чиқарилади. Умуман, келгуси етти йилда умумий қиймати 17 миллиард долларлик 8 мингта саноат лойиҳалари амалга оширилади ва 120 мингта янги иш ўрни яратилади.
Экология
Экологияни асраш ва маиший чиқиндилар билан ишлаш бўйича Бухоро тажрибасини яратилади. Келгуси етти йилда:
- вилоятдаги 15 та қаттиқ маиший чиқинди полигони ёпилиб, 6 таси модернизация қилинади;
- вилоятга 200 та замонавий чиқинди ташиш техникалари харид қилинади, ҳар бир маҳаллада чиқинди йиғиш шохобчалари қурилади;
- чўл ҳудудлардаги қум кўчишининг олдини олиш мақсадида, 20 миллион туп саксовул ва бошқа бута кўчатлари экилади.
«Умуман, Бухоро вилоятини биринчилар қаторида «экологик тоза, чиқиндисиз ҳудуд»га айлантириш бўйича катта ҳаракатни бошласак, ўйлайманки, буни бутун вилоят аҳли қўллаб-қувватлайди», деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
11:43 / 03.05.2025
“10 марта такрорлаб, эслаб қоламан” – 205 та давлат пойтахтларини ёддан биладиган 8 ёшли Шукрона
10:57 / 23.01.2025
Бухорода 33 ёшли аёл туғуруқхонада вафот этди
20:43 / 27.12.2024
Бухоро вилоятида зилзила содир бўлди
17:38 / 25.12.2024