«Алоқалар совет давриданоқ бошланганди» — собиқ дипломат Ўзбекистон-Эрон муносабатлари ҳақида
Эронлик сиёсий арбоблар 1991 йилнинг ўзида Ўзбекистонга икки марта ташриф буюришган. Ўзбекистон ва Эрон манфаатлари ҳеч қачон бир-бирига зид бўлган эмас. Мен Ўзбекистон ёқлаган нарсага Эрон йўқ деганини ёки тескарисини эслолмайман, дейди собиқ дипломат Шоислом Акмалов.
18 июн куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эронга расмий ташриф билан бориб, бу мамлакат олий раҳбари Али Хоманеий ва президенти Иброҳим Раисий билан учрашди. Ташриф доирасида 15 та ҳужжат қабул қилинди.
Kun.uz мухбири "Геосиёсат" дастурининг навбатдаги сонида Ўзбекистон–Эрон муносабатлари ва алоқаларнинг 21 йиллик танаффуси мавзусида собиқ дипломат, сиёсатшунос олим Шоислом Акмалов билан суҳбатлашди.
— Эрон ва Ўзбекистон алоқалари доим ҳам аъло даражада бўлмаган. Лекин сўнгги вақтларда, ШҲТ деймизми ёки бир қатор халқаро ташкилотлардаги икки давлат муносабатлари илиқлашиб бораётганини кўриб турибмиз. Умуман олганда, Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик алоқаларни қандай даврларга бўлиш мумкин?
— Даврларга бўлиш у қадар мақсадга мувофиқ эмас. Лекин тарихан олиб қараб, бу масалага батафсилроқ жавоб беришга ҳаракат қиламан.
1991 йилнинг баҳорида, ҳали собиқ иттифоқ тарқамаган пайтда эронлик юқори даражадаги сиёсий арбоблар Ўзбекистонга келиб, мамлакатимиз билан қизиқа бошлашди. Уларнинг мақсади – Ўзбекистоннинг қандай обрўга эга эканини билиш, мустақил бўлса, кейинги тақдири нималар билан, қайси давлатлар билан боғлиқ бўлиши, минтақавий геосиёсатда ўрни қандай, деган масалаларга ойдинлик киритиш эди.
Мустақил бўлганимизга энди 2 ой бўлган пайтда оятуллоҳ Ҳумайнийнинг яқинларидан бўлган оятуллоҳ Анзилий Ўзбекистонга келиб, Ўзбекистон билан қайси йўналишларда ҳамкорлик қилиш мумкинлиги, савдо-иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва бошқа томонлама куч-қудратини билиш учун Ўзбекистон раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Шунинг натижаси ўлароқ, Эрон Ўзбекистоннинг мустақиллигини тан олди (баъзи ҳужжатларда 1991 йил ноябрь ойи, баъзиларида элчихона очилиши билан боғлаб, 1992 йил май ойи деб кўрсатилади). Ўзбекистон Эрон учун минтақадаги муҳим, ўз сўзига эга давлат сифатида тан олинган эди. Ва икки томон дипломатлари ҳамкорлик йўлидан кетишди.
Ўша пайтда, бир йил ичида қилинган ишларнинг энг юқори нуқтаси 1992 йили Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг Эронга ташрифи бўлди. Мен ҳам ўша делегация таркибида бор эдим. Сафар жуда яхши ўтди. Ўша пайтдаги Эрон президенти Али Акбар Рафсанжони ва диний уламо Хоманеий билан бўлган учрашувлардан Ислом Каримов мамнун бўлган эди. Ўзбекистон Эрон орқали очиқ денгизга чиқиши масалалари ҳам кўрилди. Ўша пайтдаги мутасаддилар томонидан имзоланган турли шартнома ва битимлар икки томоннинг бир-бирига интилиши борлигини исботлаб берди.
1993 йил октябрь ойида Эрон президенти Али Акбар Рафсанжони Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ва икки давлат ўртасида бўлган ташрифлар, имзоланган шартномалар икки давлат алоқаларининг ҳуқуқий асосини яратди. Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон Халқаро иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлгач, Эронга бўлган қизиқиш янада ортди. Чунки Ўзбекистон очиқ денгизга тўғридан тўғри чиқолмайдиган давлат ва ўша пайтда Афғонистон нотинч, Қозоғистон ва Россия орқали Европага чиқиш узоқ эди. Эрон эса ўз ҳудуди орқали чиқишга розилик берганди. Эрон ҳозиргача ўз сўзида турмоқда. Эрон ва Ўзбекистон муносабатлари ана шундай гоҳ илгарилаб, гоҳ ортга тортилиб давом этмоқда.
Муносабатларнинг яна чуқурроқ ривожланишига тўсқинлик қилувчи ташқи таъсирлар ҳам бор. Бунга эса мисоллар кўп. Эрон билан бўлган баъзи келишувларни Ўзбекистон ташқи таъсир туфайли ортга суриб туришлар бўлди. Шунга қарамасдан, Эрон Ўзбекистонни сўзида турувчи, яхши ҳамкор сифатида қабул қилди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида расмий бўлмаса-да, норасмий каналлар орқали келган хабарларга кўра, Эрон Ўзбекистон билан қайси йўналишда бўлмасин ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирган эди.
Эроннинг Ўзбекистонга яхши муносабатда бўлганига яна бир мисол келтираман. Ўзбекистонга келадиган юкларнинг катта қисми Форс кўрфазига тушиб, Эрон ва Туркманистон орқали Ўзбекистонга келарди. Ўша пайтда Ўзбекистоннинг юк машиналари халқаро юк ташиш талабларига жавоб бермас эди. Лекин Эрон томони Ўзбекистонни янги мустақил бўлган давлат сифатида тушуниб, юк машиналарга рухсат берган эди. Агар бошқа давлат бўлиб, менсимайдиган бўлганда, бошқача йўл тутган бўларди.
Шу мисоллар нуқтайи назаридан олиб қаралса, Ўзбекистон ва Эрон муносабатлари 90-йиллар бошидан бошланган эди. Кейинги даврларда силжишлар, тўхтаб қолиш ҳолатлари ҳам бўлди.
Шавкат Мирзиёевнинг ташрифини ёритаётган Эрон оммавий ахборот воситалари 20 йиллик танаффусдан кейинги Ўзбекистон билан алоқалар яна яқинлашишини ижобий баҳолаб, мужда сифатида ёритяпти.
20 йил давомида ҳам товар айирбошлаш, савдо-иқтисодий алоқалар пасайгани йўқ. Эрон капитали билан 190 га яқин корхона ишлаб турган эди. Эрон ва Ўзбекистон махсус хизматлари ҳамкорлигида жиноятчиликка, терроризмга қарши кураш лойиҳалари ҳам бор эди. 2003 йилда Афғонистон орқали Эронга ўтиб, очиқ денгизга чиқадиган йўл тўғрисида шартнома имзоланган ҳам эди.
— Ўзбекистон ва Эрон муносабатлари асосан қандай омилларга асосланади ва ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қайсилар?
— Биринчи навбатда халқаро ҳуқуқ доирасида бир-бирини ҳурмат қилиш, икки томон манфаатларини кўзда тутувчи ҳамкорлик бор. Ёқилғи етказиб бериш, қишлоқ хўжалиги, спорт, кимёвий маҳсулотлар, текстил савдо-иқтисодий йўналишларда доимий ҳамкорлик бўлган. Бу ҳамкорликлар ўсиб борган бўлиши мумкин, лекин пасаймаган.
Шавкат Мирзиёев президент бўлгач, Эрон ва Покистон билан муносабатларга урғу берилди. Хусусан, Олмаотадаги халқаро конференцияда Ҳасан Руҳоний ва Шавкат Мирзиёев ўртасидаги келишувдан сўнг ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Эронга ташриф буюриб, ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Шундан сўнг бош вазир ўринбосарлари даражасида учрашувлар бўлиб ўтди. Бундай дипломатик ташрифлар натижасида икки томон ҳамкорликдаги бўшлиқларни тушуниб олиб, қайси соҳага кўпроқ эътибор қаратиш кераклигини аниқлаб олишди.
Ўтган йили март ойида Эрон Хавфсизлик кенгаши мутасаддилари Ўзбекистонга келди ва Ўзбекистон-Эрон ўртасидаги хавфсизлик масалаларидаги мажлис бўлиб ўтди. Кўринадики, тузумларимиз ҳар хил бўлса-да, мақсадларимиз муштарак. Икки давлат сиёсий, иқтисодий, ҳарбий қудратидан келиб чиқиб, бир-бирига ёрдам бериш йўлидан кетишяпти. Ўзбекистон ва Эрон муносабатлари ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ, 32 йиллик тарихга эга ва ижобий бўлмоқда.
— Ўзбекистон ва Эроннинг халқаро майдонда умумий манфаатлари ва муаммолари мавжудми?
— Ўзбекистон ва Эрон манфаатлари ҳеч қачон бир-бирига зид бўлган эмас. Мен Ўзбекистон ёқлаган нарсага Эрон йўқ деганини ёки тескарисини эслолмайман. Фақат бир марта БМТда Эроннинг ядро қуролига эга бўлиши тўғрисидаги масалада Ўзбекистон қарши овоз берган. Бир йил ўтмасдан Ўзбекистон ташқи сиёсий ишлар маҳкамасининг раҳбари Эронга расмий ташриф билан борди. Ўша пайтларда мен ҳам Эронда эдим, таржимон бўлдим. Шунда Али Акбар Рафсанжони хафа бўлгандек гапирди. Ташқи сиёсий ишлар маҳкамамиз раҳбари: «Минтақамизга яқин бўлган Ҳиндистон ва Покистонда ядро қуроли бор. Эрон ҳам Ўзбекистонга 400 км узоқликда. Бундай ҳолатда Ўзбекистон халқининг тинчлиги учун шундай қилишимиз керак эди», деган жавобни берди. Али Рафсанжони ақлли, тушунган одам эди, фақатгина ўша пайтда бу гапни бизга айтиб қўйсангиз бўларди, сиздан ранжимасдик, деган гапни айтди. Яъни Ўзбекистон ва Эрон иложи борича бир-бирига тескари иш қилмасликка ҳаракат қилган.
Шавкат Мирзиёев ташрифи давомида муҳим бўлган Афғонистон масаласида икки давлат ҳамфикр экани айтилди. Эрон ва Ўзбекистон қўлдан келганча Афғонистонга ёрдам бермоқда.
— Ташриф давомида Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон логистик йўлига ҳам тўхталишди. Шу масалага кенгроқ ёндашсак. Ўзбекистон қайси портлардан фойдаланиши мумкин? Бандар Аббос портида ўзбек тадбиркорлар иштирокида терминаллар қуриш ҳақида ҳам гап борган.
— Бу йўл масаласи олдин ҳам кўтарилган эди. Баъзи сабабларга кўра, 20 йиллик тўхтаб туриш даврида ортга сурилиб қолганди. Агар бу лойиҳа ишга тушса, учала давлат ҳам ўз имкониятлари доирасида фойдаланишга ҳаракат қилади. Эрон томони исталган порти очиқ эканини таъкидлаяпти. Айтганимдек, 1992 йилдаёқ бу нарсага урғу берилганди. Ажаб эмаски, Ўзбекистон ва Эрон, Ўзбекистон ва Покистон (охирги вақтда ўзгариш бўлган бўлса-да) ўртасидаги яхши муносабатлар минтақадаги инфратузилма, савдо-иқтисодий ҳолатни яхшилашга хизмат қилса.
Покистон Афғонистон билан муносабатларини йўлга солса ва олдинги бош вазир билан бўлган шартномалар ишласа, биргаликда ҳаракат қилса, Афғонистон билан муносабатларни ҳам тўғри йўлга йўналтирсак, минтақадаги ижобий муносабатлар жадал ривожланади.
Шартнома бўйича логистика ишласа, нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки Жанубий Осиё давлатлари ҳам бундан фойдаланса бўлади. Эрон томонидан ҳажм борасида муаммо бўлмаса, бемалол ривожланади. Ўзбекистон тадбиркорлари ўз ваколатхоналарини очишса, юк етказиб бериш янаям тезлашади ва яхшиланади. Бу халқимиз учун манфаатли бўлади. Фақат яна тўхтаб қолмаслик керак. Ўзбекистон ва Эрон раҳбарлари вазиятни яхши билишади деб ўйлайман. Қилинаётган бу ишларнинг натижаси бўлади, албатта.
Нормуҳаммад Али суҳбатлашди.
Мавзуга оид
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
08:39 / 22.11.2024
АЭХА раҳбари Эрон ядро дастури бўйича ҳисобот тайёрлайди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
23:14 / 19.11.2024