Украина қарши ҳужумининг биринчи босқичи: қисқача хулосалар
Украина қуролли кучларининг Запорижжя фронтида июн ойининг биринчи ҳафтасида бошланган қарши ҳужумидан бери икки ҳафта ўтди ва биринчи босқич якунлангандек таассурот пайдо бўлмоқда. Шу сабабли қисқача хулосалар чиқариш мумкин.
Ҳарбий эксперт Ян Матвеев қарши ҳужумнинг биринчи босқичи ҳақидаги кузатувлари билан ўртоқлашди.
Украина қўшинлари 100 км квадратдан зиёд ҳудуд ва 8 та аҳоли пункти — Новодаривка, Левадне, Стороживе, Макаривка, Блаҳодатне, Лобкове, Нескучне ва Пятихаткини озод қилишга эришди.
Икки жойда — Каменске ва Велика Новосилка ҳудудида Украина қуролли кучлари Россия армиясининг биринчи ҳимоя чизиғигача ёриб киришга муваффақ бўлди. Токмак йўналишидаги Работине ва Пологи йўналишидаги Работине Новопокровки ҳудудида эса айтарли силжиш йўқ.
Ҳар икки томон техника борасида сезиларли йўқотишларга дучор бўлган. Россия армияси бир неча артиллерия қурилмалари ва баравар ўт очиш ракета тизимлари, шунингдек ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан айрилган. Украина қуролли кучлари қисмлари янги етказиб берилган зирҳли техникаларнинг 10 фоизидан ажралган, жумладан: 5 та A4 ва A6 модификациядаги Leopard 2 танклари (жами 60 та етказилган), камида иккита AMX-10RC машиналари (40 та етказилган) ва 18 та M2A2 Bradley зирҳли машиналари (124 та етказилган).
Бундан ташқари, украиналиклар MaxxPro ва бошқа типдаги совет зирҳли техникаси ва машиналаридан ҳам жудо бўлган. Сезиларли йўқотишлар қаторида миналардан тозаловчи 3 та Leopard 2R танклари, битта Wisent 1 ва бир неча яна шунга ўхшаш техникалар бор. Буларнинг барчаси разведка мақсадларидаги тайёргарлик зарбалари эмас, айнан қарши ҳужумнинг биринчи босқичига гувоҳ бўлганимиздан далолат беради.
Ҳужумларнинг ўзи кичикроқ, баталйон-рота даражасидаги гуруҳлар ёрдамида олиб борилди. Бунда қаердадир техникалар сони кўпроқ бўлди, қаерлардадир пиёда қўшинлар сони. Украина ҚК турли ёндашувлардан фойдаланиб, ўз штурм гуруҳларини ўзгарувчан шаклда қуришга ҳаракат қилган.
Украина қарши ҳужуми учун асосий қийинчиликлар қуйидагилар бўлди:
- Зич ва хаотик миналаштирилган далалар;
- Нам ва юмшоқ тупроқ;
- Россия артиллериясининг узлуксиз ўққа тутиши;
- Россия армиясининг дронлардан фаол фойдаланиши;
- Россия радиоэлектрон кураш қисмлари фаол ишлаши (бу савол остида)
- Россия ҳарбий космик кучларининг ҳаводаги устунлиги.
Бу мураккабликларнинг бирортаси Украина ҚК кучлари учун кутилмаган ҳол бўлмаган ва улардан кутилган зарарни қисман компенсация қилишган. Яна бир қийинчилик — мудофаада Россия қўшинларининг баҳамжиҳат ҳаракат қилиши бўлган. Фронтда етарли вақтда бирга бўлиб, улар бир-бирлари билан яхши алоқа ўрнатиш ва жойни яхшилаб ўрганиб олишга улгуришган. Бу эса саросима ва йирик хатоларсиз ҳимояланиш учун замин яратган.
Украина қуролли кучлари қаттиқ қаршиликка дучор бўлишди ва мана шу 10-12 кун ичида турли интенсивликдаги оғир урушлар кечди. Аслида, 8 июн куни эрталаб Работине йўналишида фақат битта Украина колоннаси «Леопард»лар ва «Брэдли»лардан айрилиб, жиддий йўқотишларга учраган. Қолган йўналишларда «Z-ҳарбий мухбирлар» мунтазам равишда хабар қилган «тор-мор қилишлар» кўзга ташланмаган.
Биринчи босқичда Украина ҚК ҳужумда катта сонли бўлинмаларни ишга солган — 5 та механизациялашган бригада, битта моторлашган ва битта танк бригадаси, ўнтача пиёдалар бригадаси. Бироқ уларнинг барчаси тўлиқ жангга ташланмаган. Таҳлилчиларнинг умумий фикрига кўра, қарши ҳужум учун тайёргарлик кўрган барча кучларнинг 1/4–1/3 қисми ҳаракатга келтирилган. Улар йўқотишларга дучор бўлишган, бироқ тўлиқ йўқ қилиб юборилмаган, жангларда қатнашишда давом этишмоқда, Орихив йўналишида курашаётган 47- ва 65-механизациялашган бригадалар каби.
Россия қўшинлари мудофаа давомида Запорижжя фронтига катта миқдордаги янги кучларни ташлаган. Днипро дарёсининг сўл соҳилидан ҳарбий қисмлар жанг бўлаётган нуқталарга жўнатилган, деган ахборот ҳам пайдо бўлди. Лекин, ҳозирча ахборотларга кўра ўша-ўша — 429-, 291-, 70- ва 71-мотоўқчи бригадалар, 177-денгиз пиёдалари полки, 60-денгиз пиёдалари бригадаси жанг қилмоқда. Бу вақт ичида уларда сезиларли ротация кузатилмаган.
Жанглар ҳозирча чуқур тайёргарлик кўрилган позициялар — «Суровикин чизиғи» деб аталувчи мудофаа зонасигача етиб бормаган. Шу сабабли у ердаги бетон пирамидалар, траншеялар ва мина майдонларининг самарадорлигини ҳозирча аниқлаш қийин. Назарий жиҳатдан, бу чизиқ Россия қўшинларида биринчи чекиниш учун захира сифатида қолмоқда.
Украина техникаларига ҳужум қилиш учун Россия авиацияси Ка-52 штурм вертолётларидан, пиёда қўшинлари «Ланцент» камикадзе-дрони ва FPV дронларидан фаол фойдаланмоқда. Улар жиддий нуқсон келтириб чиқара олишмаса-да, танкни бир муддатга жангда қатнашиш қобилиятидан маҳрум эта олиши мумкин.
Қарши ҳужумнинг биринчи босқичи бўйича хулосалар
Украина қуролли кучлари душман мудофаасини толиқтириш ва ёриб ўтиш учун танклар, пиёдалар зирҳли машиналари ва зирҳли машиналар қалқони остида кичикроқ отрядлар билан ҳужум қилиш тактикасини қўлламоқда. Катта кучни бирдан олдинга ташлаб, сон билан бостириш (ва катта қурбонлар бериш) ўрнига улар Россия позицияларини битта-битта очиб боришмоқда.
Ҳужумларни қайтариш ва артиллериянинг жойлашган ўрнини аниқлаш учун жуда кўп ўқ-дори ишлатишга тўғри келмоқда. Мина майдонлари жуда зичлиги, тупроқ ҳали нам ва юмшоқлигини англаган Украина қўшинлари пиёда қўшинларга урғуни кўчириб, миналаштиришдан халос қилишни кучайтиришди. Ўз навбатида, Россия қўшинлари УМЗ ва «Земледелие» каби масофадан туриб миналаштирувчи тизимлар ёрдамида мина майдонларини тиклашга ҳаракат қилишмоқда.
Украина қуролли кучлари Велика Новоселки ҳудудида жойлашган аҳоли пунктлари занжири орқали кўпроқ кириб боргани кўзга ташланмоқда. У ерларда очиқ жойга чиқмасдан ҳаракат қилиш мумкин, Работине далаларига нисбатан миналар ҳам камроқ кўмилган.
Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими нисбатан кучсиз ҳаракат қилмоқда. Улар узоқни ура оладиган комплексларини фронтга яқинроқ тортиб келишга таваккал қилишмаяпти. Вертолётлар ва самолётлар эса кўчма зенит-ракета комплекслари ура олмайдиган масофа — 7-8 километрдан туриб нишонга зарба бермоқда.
HIMARS тизимларидан Украина қуролли кучлари Россиянинг ўзиюрар артиллерия қурилмалари каби муҳим нишонларига аниқ зарба бериш учун фойдаланилмоқда. Гап ракеталар танқислиги ҳақида кетмаяпти — ўқ-дорилар ёриб ўтишдан кейин зарба бериш учун асралмоқда. Ўшанда HIMARS’ларни янада яқинроқ олиб келиб, омборлар, базалар ва чекинаётган қўшинларга зарба бериш мумкин бўлади.
Россия қўшинлари умуман олганда Украина қарши ҳужумининг биринчи босқичига туриб бера олишди. Мудофаа бирор жойда титилиб кетгани йўқ. Бироқ бунга қандай қурбонлар эвазига эришилгани ҳозирча номаълум. Ҳозир тирик кучларда анча йўқотишларга дучор бўлингани ҳақида хабарлар келиб турибди, артиллерия ўқ-дорилари сарфи ҳам юқори эканини тахмин қилиш мумкин. Тезда дронлар учун хайрия ташкиллаштириш тўғрисидаги постлар пайдо бўлмоқда. Қримдан Мелитополга темирйўл орқали келишдаги Риковедаги улкан ўқ-дори омбори йўқ қилингани ҳисобга олинса, тез орада русларда снаряд танқислиги намоён бўлиши ҳам мумкин.
Гарчи биринчи босқичда Украина қуролли кучларининг йўқотишлари сезлиларли бўлса ҳам, критик ҳисобланмайди. Умумий ҳисобда техникада 10 фоиздан камроқ йўқотиш бўлган, бу эса қарши ҳужум чоғида кутилганидан пастроқ. Албатта, ҳозир вазиятга аниқ баҳо беришга эрта. Бироқ, жуда кўп кучлар ҳали урушга ташланмаган. Шведларнинг Marder пиёдалар зирҳли машинаси ва Striker’лар, шведларнинг CV-90 зирҳли машинаси, Challenger-2 танклари ҳали йўлда. Гап булар қандайдир енгилмас машиналар эканлигида ҳам эмас. Шунчаки, улар билан қуроллантирилган бўлинмалар ҳали зарба беришда иштирок этмаган. Демак, ҳали улар кучга тўла ва урушга тайёр ҳолатда.
Энди нима бўлади?
Тахмин қилинишича, яқин орада биз яна кичикрок гуруҳлар билан ҳужум ва Россия позицияларининг артиллериядан ўққа тутилишига гувоҳ бўламиз: мудофаада турганлар ёпирилма штурмга дош бера олмаслиги учун уларни кучсизлантириш мақсадида. Учта аниқ йўналиш бўй кўрсатиб қолди: Василйивка, Токмак ва на Старомлинивка. Бундан ташқари, Украина ҚКнинг кичикроқ ҳужумлари юз бераётган Гуляйполе ва Вуҳледар томонида захира қолмоқда.
Афтидан, Россия армияси фақат глобал қайта тизилишни амалга оширмасдан, ўзида мавжуд кучлар билан ҳимояланишга уринмоқда. Бу хато бўлиб чиқиши мумкин. Эртами-кечи бўлинмалар жуда толиқади ва кўплаб аскар ва техникаларидан ажралади. Улар ўз вақтида алмаштирилмаса, ҳаттоки истеҳком чизиқлари ҳам уларга ёрдам бера олмайди. Украиналик генераллар ҳам айнан шундан умид қилиб турган бўлиши мумкин. Боз устига, Герасимовда катта захиралар йўқ.
Днипро кутилганидан тезроқ саёзлашмоқда, демак қўшинларнинг бир қисмини қирғоқда сақлаб туришга тўғри келади. Ҳаттоки Украина томонидан бирорта десант туширилмаса ҳам. Оғир жангларга қарамасдан, Россия армияси учун Запорижжя фронтининг стратегик аҳволи мураккаблигича қолмоқда.
Украина қуролли кучлари эса қарши ҳужумнинг биринчи босқичи мобайнида айтарли натижаларга эриша олишмади. Бироқ Россия пропагандаси ва шахсан Путин таъкидлаётганидек, бу қадар кўп йўқотишларга ҳам учрамаган. Ҳа, шиддатли ёриб ўтиш амалга ошмади, бироқ кучларнинг бу қадар таранг қарама-қаршилиги рўй бераверса қайсидир онда Россия мудофааси тухум пўстидек ёрилиши мумкин. Бу ҳол рўй берса, истеҳком чизиғи тўкилиб тушади ва Украина қуролли кучларининг илгарилаши шиддатлироқ кўриниш олади. Кўрамиз, кузатамиз.