Жаҳон | 21:01 / 25.06.2023
93913
8 дақиқада ўқилади

Исён якунлари. «Вагнер» Россия ҳудудларини тарк этди, аммо Пригожин ғойиб бўлди

25 июн ҳолатига бу ҳақда нималар маълум?

Фото: AFP / Scanpix / LETA

24 июн куни кечқурун Александр Лукашенконинг матбуот хизмати Евгений Пригожин билан музокаралар якунлангани ҳақида хабар берди. Бу музокаралар кун бўйи давом этган ва Владимир Путин билан келишилган ҳолда ўтказилган. Унинг якунларига кўра Пригожин Лукашенконинг ёлланма жангчиларнинг Россия бўйлаб ҳаракатини тўхтатиш ва  «кескинликни юмшатишга қаратилган қадамларни ташлаш» бўйича таклифини қабул қилган. Кўп ўтмай Пригожиннинг ўзи вагнерчилар «колонналарни ортга бургани» ва «режа бўйича дала лагерлари йўналишида қайтаётгани» ҳақида эълон қилди.

Кремлдагилар Пригожинга нисбатан очилган жиноий иш тўхтатилиши, ХҲК раҳбари эса Беларусга «кетиши» ҳақида маълум қилган. Россия президенти матбуот котиби у Беларусда айнан нима билан шуғулланиши юзасидан аниқлик киритмаган. Кремл расмийси Пригожин Беларусга жўнаб кетишига кун аввалида уни хиёнаткор деб атаган Россия президенти кафолат беришини айтган. Путиннинг ўзи «адолат марши» якуни юзасидан изоҳ бермади. Песков шунингдек, исёнда иштирок этган вагнерчилар «фронтдаги хизматлари инобатга олинган ҳолда» қонун томонидан таъқиб қилинмаслигини айтган. Жангчиларнинг бир қисми, истаса, РФ мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиши мумкинлиги қўшимча қилинган.

«Вагнер» ХҲК жангчилари шу куннинг ўзида Ростов-Донни тарк этишга киришди. Шаҳардан Евгений Пригожин ҳам чиқиб кетган. Эълон қилинган видеода у йўлтанламасда ўтиргани ва атрофдагилар уни олқишлар билан кузатаётгани акс этган. 25 июн куни тонгда «Вагнер» колоннаси Воронеж областини ҳам тарк эта бошлади. Fightbomber телеграм-канали шу куни эрталаб ҳолатига Ростов областидаги Миллерово ҳарбий аэродроми, Ростов-Дондаги аэродром ва Россия ҳарбий-космик кучларининг областдаги қўмондонлик пункти ҳамон «Вагнер» назоратида қолаётганини ёзган. Бу маълумотнинг тасдиғи келтирилмаган.

Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Волгоградда 24 июн куни политолог ва публицист Михаил Серенко қўлга олинган. «Блокнот» нашри Серенконинг қариндошларига таяниб хабар беришича, кечқурун соат 22:00 атрофида унинг квартирасига қуролланган олти киши ва терговчи бостириб кирган. «Терговчи «Вагнер» ХҲКнинг исёни ҳақидаги жиноий иш билан боғлиқ нарсаларни ўқиб эшиттирди. Ва гўёки Михаил уни қўллаб-қувватлаганини. Бу бутунлай сафсата!» — деди политологнинг рафиқаси. Кейинроқ Серенко ўзини қўйиб юборишгани, уни исён бўйича ишда гувоҳ сифатида сўроқ қилишганини айтди.

Ҳудудлардаги расмийлар Пригожиннинг исёни туфайли жорий этилган айрим чекловларни бекор қила бошлади. Воронеж ва Липецк областлари ҳукуматлари автобуслар қатнови штат режимида тикланганини хабар қилди. Таганрог ва Ростов-Дон шаҳарлари ўртасидаги трасса бўйлаб қатнов ҳам тикланган. Шунингдек, Краснодар ўлкаси ва Калуга областидаги автомобил йўлларида ҳам чекловлар олиб ташланди. Ростов-Дон мэриясидагилар вагнерчиларнинг техникалари шаҳардаги ўн минг квадрат метрдан ортиқ йўл қопламаларини шикастлангани ҳақида маълум қилди. Расмийлар йўлларни икки кун ичида таъмирлашни ваъда қилишган.

Шу билан бирга, Москва шаҳри, Москва ва Воронеж областларида жорий этилган «аксилтеррор амалиёт» режими ўз кучида қолган. Дмитрий Песков режим «энг яқин вақтлар ичида» бекор қилинишини айтган, аммо аниқ санани келтирмаган. Москва ҳукумати 26 июн кунига белгиланган дам олиш кунини бекор қилмасликка қарор қилган.

«Ахмат» батальони жангчилари ҳам Ростов областидан Украинага қайтди. Бу ҳақда 25 июн куни бўлинма қўмондони Апти Алаудинов маълум қилди. Бир кун олдин «Ахмат» жангчилари «исён иштирокчиларига қарши аксилтеррор амалиёт ўтказиш учун» Ростов-Донга жўнатилганди.

Россиялик ҳарбийлашган ва пропаганда каналлари РФ мудофаа вазирлигининг исён туфайли берилган йўқотишлари ҳақида хабар берган. Вазирликка алоқадор саналган «Рыбарь» телеграм-канали вагнерчилар томонидан уриб туширилган самолёт ва вертолётларда бўлган 20 дан ортиқ учувчилар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. Канал маълумотига кўра, гап етти вертолёт ва самолёт ҳақида кетмоқда. Уруш тарафдори саналган Readovka канали 15 қурбон ҳақида хабар берган, улардан саккиз киши Ил-18 самолётида бўлган. Исён вақтида вертолётлар ва самолёт уриб туширилгани ҳақида хабар берган Fightbomber телеграм-канали маълумотига кўра, жами 13 киши ҳалок бўлган. Вертолётлар ва самолёт уриб туширилгани ҳақида ҳам, қурбонлар ҳақида ҳам расман хабар берилмаган.

Биринчи канал корреспонденти Ирина Куксенкова Воронеж яқинида вагнерчилар бортида ўн киши бўлган Ил-22 самолётини уриб туширганини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, Жанубий ҳарбий округ штабида Пригожиндан бу самолёт зарба бермагани, уни нима учун уриб туширишгани ҳақида сўралган. Пригожин гўёки «колоннанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидаги тентак ҳаводаги барча аппаратларни уриб туширгани»ни айтган. Куксенкова шунингдек Пригожин ҳалок бўлган учувчиларнинг яқинлари учун 50 миллион рубл миқдорида компенсация тўлашга розилигини билдирганини айтган. 

Америка нашрлари хабар беришича, АҚШ разведкаси Пригожиннинг режаларидан хабардор бўлган, аммо бу ҳақда Путинга хабар бермасликка қарор қилган. The New York Times маълумотига кўра, разведка 21 июн куниёқ Оқ уйнинг юқори мартабали мулозимига «Вагнер» раҳбари мамлакат ҳарбий раҳбариятига қарши исён бошламоқчи эканини билдирган. Шу билан бирга Америка махсус хизматларида Пригожин айнан нима қилмоқчилиги борасида аниқ маълумотлар бўлмаган. 

Айни вақтда Пригожин қаердалиги номаълум. Унинг матбуот хизмати RTVI учун берган изоҳида у ҳали алоқага чиқмаётганини билдирган. «У барчага салом йўллайди ва нормал алоқа бўлганида, барча саволларга жавоб қайтаради», — дейилган нашр журналисти саволига жавобан. Пригожин Ростовдан кетаётгани акс этган видеодан кейин унинг қаердалиги борасида маълумот пайдо бўлмаган. Пригожиннинг матбуот хизмати мунтазам равишда унинг расмий баёнотлари, жумладан аудио- ва видеохабарларини эълон қилиб боради. Пригожиндан сўнгги аудио матбуот хизмати каналида 24 июн куни кечқурун берилган, унда ХҲК асосчиси вагнерчилар ўз колонналарини «ортга бургани» ва «режа бўйича дала лагерлари йўналишида қайтаётгани»ни айтганди.

Mash хабарига кўра, «Вагнер»нинг бир қанча жангчилар Ростов-Дон ва бошқа регионлардан кетиш вақтида таслим бўлган. Уларнинг барчаси ўз базасига қайтишни истамаслигини билдирган ва қуролларни топширган. Ростов-Донда 50 ёшли краснодарлик ва Калининград областидан бўлган 30 ёшли жангчи таслим бўлган. Улар ўз бўлинмаларига қайтишни режалаштирмаётганини айтишган. Бунинг тасдиғи сифатида барча ўқ-дориларни ва автоматларни топширишган. Липецкдаги Ельц шаҳрида ҳам участкалардан бирига вагнерчилар минган машина шу ният билан келган. Уларнинг ортидан яна бир покистонлик жангчи келиб таслим бўлган. Ушбу ҳарбийлар текширилмоқда.

Мавзуга оид