Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оилавий поликлиникада рўйхатдан ўтмаган аҳолига пулли хизмат кўрсатилиши ҳақидаги хабарлар асоссиз – ССВ
Ижтимоий тармоқларда бундан буён оилавий поликлиникада рўйхатдан ўтмаган фуқароларга хизматлар пулли бўлиши ҳақида хабар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати бу хабарга раддия берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш жараёнида оилавий поликлиника ходимлари фуқаролардан шахсий ҳужжат маълумотларини талаб қилинаётгани айрим шахслар томонидан бошқача талқин қилингани аҳоли ўртасида миш-миш тарқалишига олиб келган.
“Афсуски, сўнгги кунларда давлат тиббий суғуртаси механизмларининг моҳияти тўлиқ англаб етилмасдан жамоатчилик орасида "энди оилавий поликлиника хизматлари пулли бўлар экан", деган нотўғри тушунча пайдо бўлмоқда.
Аввало шуни айтиш керакки, поликлиникада рўйхатдан ўтмаган аҳолига пулли хизматлар кўрсатилиши ҳақида интернетда тарқалган хабарлар мутлақо асоссиз. Норматив ҳужжатларга кўра, республиканинг барча фуқароларига давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар бепул тақдим этилади.
Бунинг учун фуқаро эндиликда оилавий шифокор қабулига келган вақтда шахсий ҳужжатлари маълумотлари асосида бир марта идентификациядан ўтиши лозим. Яъни “Электрон поликлиника”га маълумотларни киритиш учун фуқаро шахсини тасдиқловчи хужжатни тақдим этиши зарур”, дейилади вазирлик раддиясида.
Таъкидланишича, 2023 йил 1 июлдан Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида давлат тиббий суғуртаси тизими механизмларини жорий этиш белгиланган. Бунинг учун пойтахтдаги 71 та оилавий поликлиника, 12 та кўп тармоқли марказий поликликлиника ва 40 та шифохона компьютер жиҳозлари, зарур тиббий ускуналар билан таъминланиб, тиббиёт муассасаларини тўлиқ рақамлаштириш учун барча шароитлар яратилган.
“Мазкур тизим ишга тушгач, фуқаролар давлат бюджети маблағлари доирасида кафолатланган тиббий хизматдан фойдаланиш имконига эга бўлади. Яъни электрон базага ҳар бир фуқаро (бемор)нинг шахсий маълумотлари, ташхиси, касалликлари, олган муолажалари ҳақида тўлиқ маълумотлар киритилиб, шифокор шу асосда беморни назоратга олади ва профилактика ҳамда даволаш чораларини кўради. Қолаверса, беморлар дориларни электрон усулда ҳам олиши мумкин. Натижада оилавий поликлиникалардаги навбатларнинг олди олиниб, қатновлар сони камаяди”, дейилади ССВ хабарида.
Шу билан бирга, вазирлик номаълум шахслар телефон орқали паспорт маълумотларини сўрашса, буни рад этишни, оилавий поликлиника ходимлари телефон орқали бундай маълумотларни сўрамаслиги ҳақида огоҳлантирган.
“Агар телефон орқали кимдир ўзини оилавий поликлиника “ходими” дея таништирса ва сиздан ўзингиз ҳамда оила аъзоларингиз паспорти ва фарзандларингизнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари нусхаларини интернет тармоғи орқали узатишни сўраса, буни рад этинг.
Аксинча оилавий поликлиника ходимлари телефон орқали сиздан паспорт маълумотларини тасдиқлаш учун вақт ажратишингиз ва тиббиёт муассасасига шахсан келишингизни сўрайди.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдам муассасаларига бириктириш вояга етган шахс томонидан амалга оширилади. Вояга етмаган шахсларни бириктириш унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари томонидан бажарилади.
Шу ўринда пойтахт аҳолисидан Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилиши муносабати билан ўзи ва оила аъзоларининг шахсий ҳужжатлари билан ҳудудий оилавий поликлиникаларга мурожаат қилишларини сўраймиз”, дейилади расмий хабарда.
Мавзуга оид
13:41 / 27.05.2025
Соғлиқни сақлаш соҳасининг янги модели қандай жорий этилади?
13:51 / 23.05.2025
Тиббиёт бирлашмалари негизида соғлиқни сақлаш бўлимлари ташкил этилади
20:47 / 22.05.2025
АҚШ газетаси СИ томонидан ўйлаб топилган сохта китоблар рўйхатини чоп этди
11:01 / 22.05.2025