Краматорксдаги ресторан харобалари ва Антонов кўпригидаги россиялик ҳарбийлар. Уруш суратлари
Украинадаги урушнинг 491-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Генерал Сергей Суровикин, «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожиннинг тарафдорларидан «тозалаш» доирасида қўлга олинган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Financial Times ўз манбасига таяниб хабар берган. Нашрнинг қайд этишича, ҳозирча Суровикин исёнга алоқадорликда айбланаётгани ёки уни сўроқ қилиш учун қўлга олишгани маълум эмас.
- Журналистлар Дмитрий Песковдан Суровикин қаердалиги ва у билан нима бўлаётганини сўрашган. РФ президенти матбуот хизмати бу саволни мудофаа вазирлигига беришни тавсия қилган.
- The Wall Street Journal хабар беришича, АҚШ Украинага узоқ масофага ҳаракатланувчи ATACMS ракеталарини беришга яқин.
- РФ ҳукумати «Вагнер» ХҲКнинг хориждаги ёлланма кучларини назоратга олишга қарор қилган, Евгений Пригожиннинг медиаактивлари учун эса янги хўжайин излашмоқда.
- Буюк Британия мудофаа вазирлиги хабар беришича, Пригожиннинг исёни вақтида Ил-22М самолёти урилиб туширилгани Россия амалиётлари самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади.
- Полша вагнерчилар Беларусга жойлаштирилиши муносабати билан чегаларини мустаҳкамлашга қарор қилди.
Куннинг асосий воқеаси. Херсонга зарба
29 июн куни кундузи Россия Херсон бўйлаб зарба берди — турар жой бинолари, тиббий муассасалар, хизмат автомобили, шунингдек шаҳар мактаби ўққа тутилган, бу ерда «енгилмас пункт» (аҳоли электр узилган вақтда исиниши ва токдан фойдаланиши мумкин бўлган жой). Херсон области маъмурияти раҳбари Олександр Прокудин хабар қилишича, икки киши ҳалок бўлиб, икки киши жабрланган (уларни куйиш жароҳатлари билан шифохонага жойлаштиришган).
Краматорскдаги пиццахона харобалари
Краматорскда Россия қўшинининг 27 июн кунги зарбаси оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда. РФ мудофаа вазирлиги тасдиқлашича, бу ерда икки украин генерали, Украина қуролли кучларининг 50 нафарга яқин зобитлари ҳамда 20 нафаргача хорижлик ёлланма жангарилар ўлдирилган, деб ёзади РИА Новости. Вазирлик Россия қўшини Украина қуролли кучлари 56-алоҳида мотоўқчилар бригадасининг йиғилиш вақтидаги вақтинча дислокация пункти йўқ қилинганини иддао қилган, лекин бу маълумот учун ҳеч қандай далил келтирилмаган.
Шаҳар марказида Ria Pizza ресторани вайрон бўлган — зарба вақтида бу ерда ўнлаб кишилар бўлган, 12 киши ҳалок бўлган, 60 киши жабрланган. Қурбонлар орасида — 14 ёшли опа-сингиллар ва 17 ёшли яна бир қиз бўлган, деган бош прокурор Андрей Костин. Украина расмийларига кўра, ҳужум оқибатида меҳмонхона, турар жойлар ва бошқа бинолари ҳам шикастланган.
Антонов кўприги атрофидаги россиялик ҳарбийлар
2022 йил ноябрида россиялик ҳарбийлар Херсондан чекиниш чоғида Антонов кўпригини портлатганди. Аммо Украина армиясининг бир қисми катерларда Днипро дарёсининг чап соҳилига ўтишга муваффақ бўлган. Каховка ГЭС тўғонидаги портлашдан кейин Украина қуролли кучлари плацдармини сув босганди, аммо ҳозирга келиб сув чекинган — ва украин десанти кўприк атрофига қайтган. Десантга қарши туриш зарурати Россия армиясига бу ердаги кучларнинг бир қисмини Запорижжя фронтига ташлашга тўсқинлик қилади.
Херсон областининг аннексия қилинган қисмининг Россия томонидан тайинланган раҳбари Владимир Салдо 29 июн куни ўз телеграм-каналида кўприк атрофида украинлар плацдарми мавжуд эмаслиги ҳақида ёзди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги икки кунда Россия кучлари «чап соҳилдаги таянч пунктига етиб келиш учун ўттиздан ортиқ украин ҳарбийлари сузиб келаётган олтита қайиқ чўктириб юборилган». Шунингдек, Салдонинг баёнотига кўра, Россия қўшини ўнг соҳилда дарёни кечиб ўтишга тараддудланиб турган Украина қуролли кучлари отрядини йўқ қилган.
Лекин бир ҳафта муқаддам Украина қуролли кучлари Днипронинг сўл соҳилида кўприкка кириш қисмини назорат қилаётгани акс этган кўп сонли видеолар тарқалганди.