Ўзбекистон | 16:43 / 01.07.2023
31427
14 дақиқада ўқилади

Янги коридорлар ва Қозоғистон билан рақобат. Сиёсатшунослар – Ўзбекистоннинг логистик имкониятлари ҳақида

Куни кеча Хитойдан Ўзбекистонга янги логистик коридор орқали илк юклар етиб келди. Сямин портида кемага ортилган 39 та контейнер аввалига Эроннинг Бандар-Аббос портига денгиз орқали, ундан темирйўлда Туркманистон орқали Ўзбекистонга кириб келди.

Шундан келиб чиқиб, Kun.uz “Геосиёсат” рукнидаги суҳбатларининг навбатдагисини Ўзбекистоннинг логистика ва транзит имкониятларига бағишлади. Суҳбатдошларимиз – сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Наргиза Умарова бўлди.

— Ўзбекистоннинг геосиёсий ва геоиқтисодий манфаати юзасидан трансафғон темирйўли қанчалик муҳим ва бу лойиҳа истиқболи қандай?

Наргиза Умарова: Бугуни кунда Ўзбекистон ташқи логистика алоқаларинини мустаҳкамлаш ва янги транспорт йўлакларини яратиш бўйича чуқур сиёсат олиб бормоқда. Энг кўп айтилаётган йўналиш бу – трансафғон темирйўлидир, яъни Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридан бошланиб Покистоннинг Пешовор шаридан Гвадар портига чиқиб кетишни назарда тутади.

Аслида бу лойиҳанинг биринчи варианти ҳам бор эди, 2017 йил ўша вақтдаги Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг Тошкентга ташрифи доирасида Ўзбекистон томони билан трансафғон темирйўлини қуришга келишишган эди. 2011 йилда Ҳайратондан Мозори Шарифгача қурилган темирйўл Ҳиротга, ундан Эроннинг Ҳаф шаҳригача давом этиши назарда тутилганди. Афғонистон орқали Эронга олиб борувчи йўлнинг Ўзбекистон қуриши керак бўлган қисми қурилиши бошланмай қолган.

Покистон орқали ўтувчи трансафғон йўналишида эса асосий масала – хавфсизлик. “Толибон” ҳалигача тан олинмаган, марказлашмаган ва бу йўналишни ишга туширишдаги молиялаштириш масалалари ҳам мавжуд.

Расмийларимиз трансафғон йўлини денгизга чиқиш учун энг яқин йўналиш дейишмоқда, лекин мен бунга қўшилмайман. Чунки Эроннинг Бандар-Аббос орқали биз қулай имкониятларга эга бўлишимиз мумкин. Афсуски, сўнги йилларда Эрон билан муносабатларимиз маълум сабабларга кўра сустлашди, лекин яқинда икки давлат раҳбарлари учрашувидан сўнг лойиҳалар яна жонланди.

Камолиддин Раббимов: Географик жойлашув бу давлатнинг ва миллатнинг тақдири дейишимиз мумкин. Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон ҳам дунёдаги энг катта қитъа бўлмиш Евросиёнинг марказида жойлашган. Ватандошларимиз биз Россиянинг қош-қовоғига қарашга мажбурмиз дейди. Сўнги бир ярим асрда Марказий Осиёнинг барча транспорт-логистика йўналишлари Россиянинг измида эди. Масалан, Ўзбекистонга келадиган юкларнинг асосий қисми Россия ва Қозоғистон орқали келади, ҳаттоки интернет кабеллари ҳам шундай. Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон тўлақонли геосиёсий мустақилликка эришиш учун Москванинг босим қилиш имкониятларини пасайтириши керак. Шунинг учун ҳам минтақа мамлакатлари трансафғон йўналиши, Эрон, Хитой ёки Туркия орқали ташқи дунёга чиқиш имкониятларини тезлаштириш керак.

Ўзбекистон ҳам фақатгина шимолий йўналишга эмас, жануб, шарқ ва ғарб йўналишдаги транспорт логистика имкониятларини парваришлаши керак. Ҳокимиятга келганига яқинда икки йил бўладиган “Толибон”ни ҳали дунё ҳамжамияти тан олгани йўқ, чунки халқаро ташкилотлар шартларини “Толибон” қониқарли даражада бажаргани йўқ. Шунинг учун ҳам тан олинмаган ҳокимият билан қилинган келишувлар халқаро даражага етмайди.

Шунингдек, Покистоннинг аввалги ҳокимияти, Имрон Хоннинг иқтидордан кетиши, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги геосиёсий рақобат, “Толибон” ва этник пуштунлар ўртасида ҳам маълум бир тортишувлар мавжуд. Юқорида “Толибон”нинг марказлашмагани ҳақида айтилди; 2001 йилда АҚШнинг Афғонистонга кириб келишидан аввал “Толибон” марказлашган ва бир амир томонидан бошқарилар эди. Бироқ мана кейинги йилларда гуруҳ таркиби элликка яқин гуруҳлардан иборат бўлиб қолди. Афғонистондан ташқари, Покистонда ҳам “Толибон” гуруҳи мавжуд ва бу ҳам катта муаммо.

— Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон транспорт корридори орқали Жанубий Осиёга, аниқроғи Ҳиндистон бозорига кириб бора оламизми?

Наргиза Умарова: Сиз айтиб ўтган Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон транспорт корридори аслида 1996 йилдан буён мавжуд ва Ўзбекистон ҳам шу вақтдан буён фойдаланиб келади. Лекин бу йўналиш ўзи алоҳида эмас, яъни бир нечта муҳим транспорт коридорларининг таркибий қисми сифатида ҳам фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, 2011 йилда Ўзбекистоннинг биринчи маъмурияти даврида йўлга қўйилиб, 2016 йилда тўлақонли ишга тушган Ўзбекистондан-Туркманистон-Эрон орқали Уммонга чиқадиган мултимодал транспорт корридори мавжуд ва бу коридордан ҳам Эрон билан муносабатларимиз сабаб анча вақт фойдаланилмади. Лекин ўтган йили август ойида Ўзбекистон ва Туркманистон томонлари учрашиб, ушбу коридорнинг салоҳиятини кўтариш ҳақида келишиб олди ва бошқа манфаатдор давлатлар, жумладан Эрон, Уммон ҳам бунга қўшилди.

Эрон – бир вақтнинг ўзида кўплаб давлатларга чиқиш учун қулай давлат. Масалан, бир вақтлар Ўзбекистон пахтаси Бандар-Аббос порти орқали дунёга экспорт қилинган. Лекин Эроннинг Чобаҳор порти Бандар-Аббосдан кўра қулайроқ, чунки у очиқ океанда жойлашган. Чобаҳордан ўтадиган кемалар тўғридан тўғри океанга чиқа олади. Бандар-Аббос портига бориш учун Ормуз бўғозидан ўтиш керак, бироқ бўғозда доимий сиёсий таранглик мавжуд ва ҳарбий ҳаракатлар бўлиши мумкин. Бундай вазиятда кемалар бўғозда кутиб қолиши таннархни ошириб юборади. Амалиётда кемалар бўғоздан ўтишни ҳафталаб кутиб қолган вазиятлар ҳам бўлган. Шунинг учун Чобаҳор портидан фойдаланган афзал ва Ўзбекистон бу йўналишда ҳам ҳаракатни бошлаб, натижаларга эришяпти.

Иккинчи масала ҳам борки, халқаро транспорт йўлаклари нафақат геосиёсий, балки геоиқтисодий устунлик ҳам беради. Яъни лойиҳаларни қўллаб-қувватловчи давлатларнинг ҳам манфаати мавжуд. Шу жумладан, Эроннинг Чобаҳор портига олиб борувчи йўлакни Ҳиндистон 21-аср бошиданоқ модеринизация қилиш учун инвестиция киритишни бошлаган ва 2018 йилдан расман порт бошқарувини ўз қўлига олган мамлакат ҳисобланади. Покистоннинг Гвадар портига эса Хитой катта инвестиция киритиб келяпти. Бу икки портнинг ҳам потенциали бир хил, лекин икки портнинг ортида Хитой ва Ҳиндистоннинг рақобати мавжуд.

Умуман олганда, давлатларнинг савдо-иқтисодий алоқалари ҳақида гап кетганда, ҳамкорлик қилиш учун уларни ўзаро боғловчи транспорт йўллар борми деган масала биринчи ўринда туради. Яқин Шарқ давлатлари билан бизнинг савдо алоқаларимиз яхши эмаслигининг асосий сабабларидан бири айнан транспорт йўлаклари билан боғлиқ. Вариантларимиз жуда ҳам оз, аксарияти жуда ҳам қиммат. Шунинг учун ҳам биз денгизга чиқишни асосий вазифа қилиб қўйганмиз.

— Хитойнинг Яқин Шарқдаги мавқейи ортиши минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо алоқаларига қандай таъсир қилади?

Камолиддин Раббимов: Хитой ва АҚШ ўртасидаги зиддият вақт ўтган сари ойдинлашиб боряпти. Америка – денгиз қудрати давлати, дунё денгиз сарҳадлари ва денгиз логистикаларини кучли назорат қилувчи ва сўнги 70 йилда халқаро ҳуқуқни яратган давлат. Хитойнинг атрофидаги бир қанча давлатлар, яъни Жанубий Корея, Япония, Вьетнам Қўшма Штатларнинг иттифоқчилари ҳисобланади. Хитой ва АҚШ вақти келиб тўқнашса, бу албатта денгизда содир бўлади.

Хитойнинг асосий мақсади – қуруқлик орқали Европага арзон маҳсулот етказувчи “Бир макон, бир йўл” каби йўлакларни шакллантириш. Масалан, Европа Иттифоқи давлатларининг асосий савдо ҳамкорлари ичида Хитой 2021 йилда биринчи ўринга кўтарилди, АҚШ эса иккинчи ўринга тушди. Ўйлайманки, бунинг Ўзбекистонга зиёни йўқ. Геосиёсий нуқтайи назардан, биз қудратли давлатларнинг барчасига маълум бир шубҳалар билан қарашимиз керак, чунки биз яқин ўтмишда мустақиллигимизни йўқотган эдик. Мана шу нуқтайи назардан биз Россия, Хитой ва бошқа катта давлатлар билан ҳушёр бўлиб, миллий манфаатларимиз доирасида ҳамкорлик қилишимиз керак.

Хитойнинг Яқин Шарқ давлатлари билан ижобий алоқалари бу бизнинг манфаатларимизга зиён беради деб ўйламайман. Аксинча, ижобий таъсир қилади.

Наргиза Умарова: Хитойнинг Яқин Шарқдаги мавқейи ҳақида гапирганда, минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо алоқалари яхши бўлса ва савдо-сотиқ ўсиб борса, бу транзитда иштирок этадиган барча давлатлар учун даромад деганидир, Ўзбекистоннинг мақсади ҳам шу. Ўзбекистон транзит марказига айланишни ҳам мақсад қилган, яъни Марказий Осиёдан ўтувчи йўллар Ўзбекистон орқали ўтиши бу муҳим. Биз Яқин Шарқ минтақасини унутиб қўйган эдик, лекин савдо кўрсаткичлари ўзгариб боряпти, масалан БАА, Саудия Арабистони каби давлатлар билан ташқи савдомиз кенгаймоқда.

Биз транспорт коридорлари ва портлар ҳақида гапиряпмиз, лекин ҳар бир йўлакнинг ўз имконияти мавжуд. Яъни бир йил давомида маълум бир ҳажмдаги юк ўтказишни ўз ичига олади, агар биз ундан ҳам ортиғини хоҳласак, юк ўтказиш салоҳиятини ошириш учун ўша йўлакни модернизация қилишимиз керак бўлади.

Ўзбекистон томони бундай йўллар ҳақида гапирганда, ўтказувчанлик салоҳиятини ошириш керак, деяпти. Чунки юкларни жалб қилаверган билан, коридорнинг ўтказувчанлик салоҳияти паст бўлса, ишлар фойдасиз бўлиб қолади.

— Транскаспий ва транскавказ йўналишлари Ўзбекистон учун қай даражада имконият беради? Бу йўналишлардаги ўтказмаларни кўпайтириш учун нималар қилиш керак?

Наргиза Умарова: Транскаспий йўналиш жуда ҳам катта лойиҳа. Бу йўналиш Хитойдан бошланиб Европагача давом этади. Бундан ташқари, Тинч океани ҳудуди мамлакатлари билан ҳам боғлиқлик бўлади. Марказий Осиёда транскаспий йўналиш учун Қозоғистоннинг инфратузилмаси тайёр. Биз бу йўналиш орқали Жанубий Кавказ давлатлари, Туркияга чиқишимиз мумкин бўлади. Бу йўналишга катта эътибор йўқ эди, Россия-Украина уруши бошланиб, Евроосиё минтақада вазият ўзгармагунча. Йўналишнинг салоҳиятини оширадиган икки омил: Хитой ва Европанинг эътибори кучайиши. Ўзбекистон ҳам ўзи учун катта имконият деб ҳисоблади буни.

Транскавказ йўналишини ривожлантириш ҳақида гапирсак. 2019 йилда Ўзбекистон томони Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, Гуржистон вакилларини йиғиб, транскаспий йўналиш ичида янги транзит йўналиш яратиш таклифини берди. Таклиф 2 йил муҳокама, ўрганишда бўлди. Ниҳоят 2022 йилда йўналишлардан бири ишга тушади. 2021 йилда бу лойиҳага Туркия ҳам жалб қилиниб, Европа билан боғланадиган йўлак яратилди. Бу жуда катта натижа.

— Бир ярим йилдирки, уруш ортидан Шарқий Европада вазият ўзгарган. Мана шу вазият Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон учун транзит йўлаклар яратишга имконият бермадими?

Камолиддин Раббимов: Ўзбекистон Қирғизистон орқали Хитой логистика йўлига боғланишга 90-йиллардан бери уринади. Биринчи маъмурият 90-йиллар охирида катта лойиҳа сифатида ишлаб чиққан ва Хитой томонидан доим сўраб келар эди. Россия эътирози туфайли бу лойиҳа амалга ошмаганди. Бўлаётган урушнинг бизга плюс томони шундаки, Хитой хавотирга тушиб қолди. Яъни Хитойнинг Россия орқали Европага йўлга қўйган транспорт-логистика йўлаклари шубҳа остида қолди, бунга Россияга нисбатан қўлланилган катта санкциялар сабаб. Шунинг учун ҳам Хитой бу лойиҳага катта қизиқиш билдириб қолди. Кўринадики, Хитойнинг эътибори юқори даражага етди. Чунки Хитой Европа бозори учун бошқа минтақалар, хусусан АҚШ билан рақобатлашиб келади.

— Юқорида транскаспий ва транскавказ йўналишлари ҳақида гапирдингиз. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёнинг асосий давлатлари сифатида қандай таклифлар беряпти?

Наргиза Умарова: Бу масалада Ўзбекистон асосий ролни ўйнаяпти. Чунки кўплаб ташаббуслар Ўзбекистон томонидан чиқяпти. Қозоғистон ўз масаласини анча олдин ҳал қилиб бўлган. Лекин Россия транзит йўллари санкцияга тушгани сабаб Ўзбекистон асосий транзитчига айланиши мумкин Марказий Осиёда. Яъни Қозоғистон билан рақобатга кириша оламиз энди, агар лойиҳалар ишга туширилса.

Хитой билан боғловчи темирйўлга кўп урғу берилаётганига сабаб – бунинг ортидан Ўзбекистоннинг транспорт-логистика борасидаги ўрни кескин ўзгаради. Яъни Ўзбекистон марказий нуқтага айланади. Қирғизистон йўлаги ишга тушса, транскавказ йўналиши билан боғланади ва бунда Ўзбекистон боғловчи бўлади. Бундан ташқари, йўлакни Жанубий Осиё (Покистон томон) буриш ҳам мумкин бўлади. Яъни Ўзбекистон чорраҳа бўлади бу борада. Қозоғистон эса иккинчи даражага тушиб қолади логистикада. Қозоғистон ҳукумати ҳозирда ўзини бу лойиҳаларга ҳамкор сифатида таклиф қиляпти.

Урушгача Ўзбекистон шимолий йўналишга боғланиб қолган эди. Энди эса Россия ҳам, Беларус ҳам бизга боғланяпти – трансафғон темирйўли лойиҳасига беларусликлар ҳам қизиқяпти, музокаралар бўляпти. Демак, бизнинг имконият катта бу лойиҳалар ортида.

Камолиддин Раббимов: Географик жойлашув ҳам муҳим омил бўлади. Яъни Ўзбекистон бу нуқтаи назардан барибир минтақанинг асосий давлати. Қозоғистонда имкониятлар катта, лекин барибир бизчалик қулай нуқтада жойлашмаган. Қозоғистон Ўзбекистоннинг ўрнини босолмайди.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг транспорт-логистика инфратузилмаси ривожланиши Қозоғистонга ҳам транспорт-логистик мустақиллик ошишига хизмат қилади. Чунки Россия томонидан Қозоғистонга катта босим бор, кейинги 3 йилда ошкора бўляпти бу. Агар Россия Украинани босиб ололганда, ишончим комилки, кейинги навбат Қозоғистонга бўларди. Шу сабаблардан Ўзбекистоннинг имкониятлари кенгайиши Қозоғистон учун ҳам катта фойда.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид