Жаҳон | 13:56 / 02.07.2023
12457
10 дақиқада ўқилади

«Парим бўлса…» – фавқулодда буюк ва самимий муҳаббат ҳақида ҳикоя

Орзу-мақсадсиз, умидсиз яшаб бўлмайди. Орзусиз инсон – инсон эмас. У тирик жисм холос. Орзу дегани эса чегара билмайди. Кўнгилга қўйиб берсанг, нималарни истамайди. Ёшдан, маслакдан қатъи назар одам ниманидир истайверади. У истак эса хоҳ маънили бўлсин, хоҳ маънисиз истовчиси учун энг буюк омил. Абдуқаюм Йўлдошевнинг «Парим бўлса…» ҳикояси бош қаҳрамони Ғанибой ҳам орзуси йўлида ақлдан озди…

Сюжет: 

Асар шаҳар жинниси бўлган Ибодулла ҳақида батафсил таъриф билан бошланади. У шунчалар шаҳарни севадики, ҳар гал шаҳарга тушиш у учун байрам бўларди. У ўзини шаҳарда шундай тутардики, шаҳарликлар уни чиндан шаҳарлик деб ўйларди. Овулларида ким шаҳарга бормоқчи бўлса, уни ҳам бирга олиб кетишарди.

Шундай юмуш билан уни бир кун бойвачча тадбиркор, овулининг “каттаси” ҳисобланмиш Ғанибой чақиртириб қолади. Ғанибой филология факультетида ўқиган, аммо бу соҳада бир кун ҳам ишламаганди. У Ибодулладан шаҳарга ўзи бирга тушиб чиқишини илтимос қилади. Ибодулла рози бўлади. Шаҳарга боргач эса уни ҳайратга солувчи воқеалар гувоҳига айланади. 

Улар шаҳарга боргач театрга тушади. “Оққуш кўли” номли намойишга киришади. У ердан Ғанибой битта балетчи қизга эс-ҳушидан айрилгулик даражада термилади. У ўша балеринага аввалроқ ошиқ бўлиб қолганди. Бу шундай ошиқлик эдики, буни Ғанибойнинг ўзи бир кўришдаги муҳаббат деб ҳисобларди. У учун шаҳарнинг ўртасидан катта бир иморат қурдирганди. Бу иморатни Ибодуллага кўрсатганда Ибодулла ҳанг-у манг бўлиб қолади.

Афсуски, балерина аёлнинг бошқа севгани бор эди. Ўша маъшуғи билан уйига кириб кетаётганини кўрган Ғанибой ақлдан озгудек бўлади ва ўша жойдаёқ йиқилади. Телбавор ҳолатда ўрнидан туради. Шифохонада унга “психоген амнезия” ташхисини қўйишади. Бориб-бориб тилдан қолади. Хуллас, у ўз ҳаёти мазмуни деб ўйлаган муҳаббати вайрон бўлганини ҳазм қилолмайди…

Таҳлил: 

Ҳикояда оддий, меҳнаткаш инсонлар ҳаёти қаламга олинади. Ҳикояни ўқиб бораркансиз Ибодулла ҳақида узундан узоқ таъриф-у тасвирлашлардан ҳозир нимадир бўлади-ю Ибодулла нимадир қилади ва асар кульминацияси бошланади деб ўйлайсиз. Йўқ. Кульминация Ғанибой билан содир бўлади. Эътибор берилса, икки қаҳрамон ҳам бошқалардан озроқ бўлса ҳам фарқ қилади. Ибодулла шаҳарга ўчлиги, шаҳар деса ўзини томдан ташлаши, боргач ўзини тутиши, яъни озроқ қувлиги билан ажралиб турса, Ғанибой эса айнан филология факультетида ўқиб, аммо бу соҳада бирор кун ҳам фаолият олиб бормагани ҳикоя бошидаёқ “қистириб ўтилади” (Кўпчиликка сир эмаски, филологияда ўқиган йигитлар озроқ романтик бўлади).

Кўпчиликда савол туғилади: маълум бўлишича, Ғанибой ёши катта, ёш билан баробар обрўси ҳам анча бўлган эл кўзидаги инсон. Нега шунча обрўга, умрга эришиб қўйиб кейин ўзини хароб қилди?

Бунинг сабаби оддий. Сиз бирор орзунгиз амалга ошиши учун тинмай ҳаракат қиласиз. Амалга ошгач бошқа орзуларни ўйлай бошлайсиз. Унга ҳам эришасиз. Эришасиз, эришаверасиз. Ҳар бир орзу-мақсадингиз рўёбга чиққани сари сиздаги бўшлиқ тўлиб бораверади. Энди сиз шундай орзуларни хаёллайсизки, ақлга сиғмайди. Ақлга сиққан тақдирда ҳам амалга ошиши мушкул. Ғанибойда ҳам худди шу ҳол содир бўлди. У нега ўз соҳасида ишламади? Чунки йигитлик чоғида у бойиб кетишни орзу қиларди. Шу орзусига тинмай ҳаракат қилди. Эришди. Пули бор, демак, бошқа ҳамма орзуси оёқлари тагида. Пул кўплаб орзуларни амалга ошириш учун восита бўла олиши мумкин, фақат кўнгил иши учунмас. Ғанибой энди пул билан эришиб бўлмас орзулар сари интила бошлади. Қачонлардир чанг босиб миясининг четида қолиб кетган билимлари, адабиётдаги нафис туйғулар тўғрисидаги мисралари аста уйғониб кўнглига кўча бошлади. Уларсиз ҳаётида нимадир етишмаётганини ҳис қилиб яшаётган Ғанибой уларга тез ва осон таслим бўлди.

Шундай катта одам балеринага ошиқ бўлиб, асар яратиши, катта иморат қуриши, ақлдан озиши нореалликдек кўриниши мумкин, аммо атрофимизда шунга ўхшаш воқеалар тиқилиб ётибди. Зеро ақл билан кўнгил ҳар доим ҳам келишавермайди. Ғанибойнинг бу ишлари кўнгил амри билан вожиб бўлаётганди.

Ғанибой нега айнан Ибодуллани танлади деган савол ҳам қизиқ. Балки, Ибодулланинг табиатини ўзининг айни ҳолатига ўхшаш кўргандир. Ғанибойнинг ўша ҳолатига тушган ҳар қандай одам сирини ким биландир бўлишгиси, кимгадир ҳолатини тушунтиргиси келади. Мисоли шоҳ бўлса, ўзини гадодек сезади. Шу руҳий ҳолатидан келиб чиқиб сувчисига(шоҳ хизматкорига) дилини ёзишни маъқул билгандир. Балки, кўр кўрни қоронғида топгандир (бошида таъкидланганидек, Ғанибой балеринага ошиқ бўлса, Ибодулла шаҳарга муштоқ эди).

Ҳар бир шахс ўз қаршисида бир одам, оломон ичида бошқа одам бўлиб яшайди. Ниқобланишимиз табиий инстинкт. Ибодулла ҳам Ғанибойнинг ўзгариб қолганини эшитиб аввалига халқдек фикрлади, ҳайрон бўлди, хатти-ҳаракатларига энса қотирди. Аммо масаланинг асл моҳиятига тушунгач, ўзи гувоҳ бўлгач, сабабини билгач бошқача фикрлай бошлади. Ғанибой сабаб қанча туҳматларга қолиб, турмуши умуман бошқа ўзанга бурилиб кетсада Ғанибойни ёлғизлатмади (албатта, Ғанининг тузалишидан бошқа илинжи, хотин, бола-чақасини қайтариш ҳам бор эди). 

Ҳикоя номига тўхталадиган бўлсак, нега айнан «Парим бўлса...» Алишер Навоийнинг шу сўзлар билан бошланувчи ғазали бор:

Парим бўлса учуб қочсам улустин то қанотим бор,

Қанотим куйса учмоқдин, югурсам то ҳаётим бор.

Яъни қанийди қанотим бўлса-ю, одамлардан қочиб кетсам. Агар қанотим куйсаям, ҳаётим охиригача югурсам, бу халқдан қочсам бўлди.

Ғанибойнинг туйғулари оддий халқ учун кулгили эди. Уни ҳеч ким тушунмас, тушунишни-да истамасди. Унинг қалбидаги тоза туйғуларни мазах қилишдан нарига ўтишолмасди. Шунинг учун ҳам ушбу ғазалдан фойдаланилган. Қолаверса, Ғанибой филологияни тамомлаганди…

Ғанибойнинг ҳам орзуси четдан қараганда жуда енгил ва ўткинчи, тош босмайдиган бемаъни эди. Лекин бу енгил деганимиз орзуси у учун нақадар буюк, нақадар жиддий ва нақадар улуғ эканини олиб келган оғир оқибатлари, соҳибининг бошига солган фожиалари орқали билдик. 

Ҳикоя сўнгида муаллиф «Баёнчидан» дея ўз шахсий фикрини билдириб кетган. 

«Одам кўпинча ўзи кўргиси келган нарсаларнигина кўради, эшитгиси келган гапларнигина эшитади. Ҳойнаҳой, пул топиб, ақл топмаган бечора Ғанибой ҳам шу кўйга тушган. Бунақанги касаллик эса юқумли бўлади: инчунун, жўрам Ибодулланинг ташхиси ҳам маълум… Демак, аслида ҳеч қанақанги балерина-палерина бўлмаган. Эшитганларим эса икки кап-катта эркакнинг сароб орзулари, алдамчи илинжлари ва… рўё измидаги тентакликлари ҳосиласи, холос. Балки улар бир хилда туш кўргандирлар-у, шуни асл воқелик деб қабул қилишгандир… Ҳойнаҳой, бу ёш билан ҳам боғланган: ўттиздан ошиб-қирққа яқинлашган бир хил эркакларда шунақанги аллатовур «хаста»лик учрашини, охири-оқибат улар ичидан ўзларини бошқаролмай қолган айрим иродасизларининг томи кетиб қолишини эшитгандим… Ҳар не бўлганда ҳам энди буни қатъий ишонч билан айта оламан: бариси бекор. Ҳаётга кўзни каттароқ очиб, ҳушёр қараш керак. Ана шунда ҳаммаси бор-борича, асли қандай бўлса шундоқлигича кўринадию, аллақандай бекорчи довдираш-алаҳсирашларга, телбаликларга ўрин қолмайди…»

Муаллифнинг юқоридаги фикрлари ўзини алдашдек бўлиб туюлди. Худдики, мен бу ҳолга ҳеч қачон тушмайман, бунақа саробларга ишонмайман. Унақаси бўлмайди дегандек, аммо Ғанибойнинг ҳолати, Ибодулланинг туйғулари ҳаётда кўп учраб туради. Инсон зоти бир нарсага барча умидини тикса-ю бирдан кўз ўнгида ҳаммаси пучга чиқса. Буни тана кўтара олади-ю аммо руҳиятга қаттиқ зарба бўлади. Психологияда катта ўзгаришлар бўлиб, унинг оғир асоратлари танага кўчади. Ғанибойда ҳам худди шу ҳол юз берди. Қанча йиллар тўлмаган бўшлиғи тўлай деганда ҳаммаси тамом бўлди. Буни фақат бошига тушган тушунади...

Гуласал Қодирова

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Мавзуга оид