Украиналиклар Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлгандан сўнг сувсиз қандай яшамоқда?
Июн ойи бошида Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлиши натижасида кичик Марганец шаҳри сувсиз қолди. Журналистлар Марганец ва Днипро бўйида тўғон қулашидан жабр кўрган бошқа шаҳарларга ташриф буюрди.
Украинадаги фронт чизиғи яқин ердаги қуриётган кўлмак ичида икки кичик балиқ нафас олишга қийналиб, тартибсиз сузади.
Уларнинг атрофида, қуёш нурлари остида, 75 йил давомида сув билан қопланган улкан лой ва тош майдонлари ястанган. Унча узоқ бўлмаган қумли оролчада эса ғалла ортилган улкан баржа (двигателга эга бўлмаган, кемалар томонидан тортиладиган юк кемаси) ётибди. Илон ва қурбақалар худди соя излаётгандек саёз сувда сирпаниб юрибди.
Днипро дарёси сувини ушлаб турувчи Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлганидан икки ҳафта ўтгач, тахминан 18 куб километр (Англия ҳудудига тенг ҳажмдаги сув ҳавзасини тўлдириш учун етарли) сув жанубга оқиб кетди ва Қора денгизга қуйилди.
«Бу фалокат. Ҳамма нарса оқиб кетди. Кийиклар, ёввойи чўчқалар, балиқлар ва йўқолиб бораётган бошқа кўплаб турлар. Ярим миллионга яқин одам сувсиз қолди», дейди собиқ Каховка сув омборининг (ҳозир сув омбори деярли қуриган) ғарбий қирғоғида жойлашган Марганец шаҳри кенгаши котиби, 37 ёшли Анатолий Деркач.
Деркач ўзининг тўртинчи қаватдаги кабинетидан кулранг, ёрилиб кетган лойни ва нариги қирғоқда жойлашган Европадаги энг йирик атом электр станцияси силуэтини томоша қилади.
Запорижжя АЭС ҳозирда Россия назорати остида. Сув оқиб кетганидан кейин, тахминан 10 километр узоқликда жойлашган станция бирданига анча яқинроқдек кўрина бошлади.
«Улар совитиш тизими учун резервуарларда тахминан олти ойга етадиган сув борлигини айтмоқда. Аммо биз бунга ишона олмаймиз», дейди Деркач хўрсиниб. Сўнгра у 1986 йилда, Украина тарихидаги энг даҳшатли ядровий ҳалокат содир бўлган жой номи, «Чернобил» сўзини ҳам тилга олади.
Сув омборидан юқорироқдаги тепалик устида жойлашган кичик Марганец шаҳри тез-тез рус артиллерияси томонидан ўққа тутилади.
«Улар бизни дронлардан кузатади. Агар бир жойда бештадан ортиқ одам тўпланганини кўришса, ўққа тутишни бошлашади», дейди Деркач.
Сув омбори қуриб қолгани ва сув таъминоти узилгани сабабли шаҳар ҳокимияти бутун шаҳар бўйлаб вақтинчалик сув тақсимлаш пунктларини ташкил этишга мажбур бўлди.
«Нима деб ўйлайсиз, мен нимани ҳис қиляпман? Мен сув кўтариб юришга мажбур бўлган эшакка ўхшайман», дейди шаҳар марказидаги катта пластик сув идиши ёнида, йигирматадан ортиқ одамдан иборат навбатда турган пенсионер Юлия.
«Бу ҳатто ичимлик суви ҳам эмас. Мен келажакдан ташвишланяпман. Мен вазиятдан чиқиш йўлини кўрмаяпман», дейди унинг қўшниси, 70 ёшли Нина.
Марганец ва яқин атрофдаги бошқа шаҳарлар уларни бошқа сув омборлари билан боғлаш учун янги каналлар ётқизиш режаларини ишлаб чиқмоқда. Аммо кўплаб одамлар бу ерларни тарк этди, маҳаллий шахталар ва бошқа корхоналарни ёпишга тўғри келди.
Маҳаллий фермерлар эндиликда сувнинг муқобил манбаларини топиш учун эски қудуқлар ва кичик ирмоқларга етиб боришга ҳаракат қилмоқда.
«Мен руслар бу ишни қилаётганда нимани ўйлашганини билмайман. Атроф-муҳит зарарланади ва бу барчамиз учун оғир бўлади», дейди 56 ёшли Иван Зарусский бир гуруҳ қариндошлари ва қўшнилари билан шаҳар ташқарисидаги далада трактор тележкасига сомон ортишда қисқа танаффус қиларкан.
«Асосийси атом электр станцияси портламаслиги, қолганини бир амаллаймиз. Бизнинг борадиган жойимиз йўқ, шунинг учун бошқа иложимиз ҳам йўқ», дея қўшимча қилади у жилмайиб.
Расмий Москва оккупация қилинган ҳудуддаги Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаб, Украинани тўғонга ракета ҳужумлари амалга оширишда айблайди.
Жанубда, вайрон бўлган тўғондан қуйида, сув оқими Херсон ва кичикроқ шаҳарларни ювиб кетди, ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, минглаб кишилар эса қочишга мажбур бўлди. Аммо ҳозир сув сатҳи пасайган.
«Биз худди каламушдекмиз —ҳар қандай вазиятда яшашга кўникамиз», дейди собиқ ўқитувчи, ҳозир нафақада бўлган Ирина. У эри Евгений билан бирга кичкина уйидаги ҳўл бўлган нарсаларни секин-аста ташқарига чиқаради.
Қайсидир вақтда сув сатҳи уларнинг Херсон шаҳрининг Чайковский кўчасидаги, Днипронинг ўнг томонидаги уйларининг томигача кўтарилган. Ҳозир эса ташқарида фақат бир неча катта кўлмак ва сув тошқини пайтида ишлатилган кичик қайиқлар қолган.
«Ҳеч бўлмаганда бу ёз бошида содир бўлди. Ҳамма нарсани қуритишга бизда ҳали вақт бор», дейди Евгений.
Херсон марказида яна бир неча артиллерия снарядлари портлаган, яқин соатлар ва кунларда Днипронинг қарама-қарши соҳилидаги Россия позицияларидан яна снарядлар келади.
Украина ҳарбийлари машиналар дарёга яқинлашишига рухсат бермайди ва шаҳарнинг катта қисми ҳувиллаб қолгандек кўринади.
«Бугун ажойиб кун», дейди Оксана Украинанинг қарши ҳужуми ҳақидаги хабарларга ишора қилган ҳолда. У Чайковский кўчасида яшовчи кекса ота-онасига сув тошқиндан кейинги тозалаш ишларига ёрдам бериш учун келган.
«Бизнинг йигитлар ажойиб ишлаяпти. Биз ким қаерга отаётганини аниқлашимиз мумкин. Йигитлар рус позицияларига ҳужум қилиб, катта муваффақиятларга эришди ва бир неча йирик ўқ-дори омборларини йўқ қилди. Лекин мен буларнинг ҳаммаси тезкорроқ суръатда амалга ошишини истардим», дейди у.
Унинг отаси Володимир чарчаган ҳолда креслога ўтиради. У тиз чўкиб, сувдан шишиб кетган шкафнинг тортмаларни болта билан очмоқчи эди, лекин жуда тез ўрнидан турди.
«У шу ерда туғилган. Бутун умрини шу ерда ўтказган. Бу микрорайонда қолганларнинг катта қисми — кексалар. Улар бу ердан кетмайди», дейди Оксана.
Мавзуга оид
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024