Спорт | 12:05 / 04.07.2023
33963
8 дақиқада ўқилади

Бекҳэмнинг клуби – МЛС аутсайдери: 27-ўрин ва кетма-кет мағлубиятлар. Месси қандай жамоага бормоқда?

Фото: Getty Images

Лионель Мессининг «ПСЖ»дан «Интер Майами» сафига ўтиши ёзнинг энг муҳим трансферига айланиб бўлди. 35 ёшли жаҳон чемпионининг «Барса» ёки қатор юлдузлар қўним топаётган Саудия Арабистони эмас, океан ортига йўл олиши кўпчиликни ажаблантирди. Месси қандай жамоага ўтгани, дебют ўйини санаси ва уни Америкада нималар кутаётгани билан танишинг.

Аутсайдер жамоа ва илк соврин учун имконият

«Интер Майами» — узоқ тарихига эга бўлмаган ёш клуб. АҚШнинг серқуёш шаҳарларидан бири саналмиш Майамида МЛСда (Major League Soccer) иштирок этувчи клуб бўлмагани сабабли, лига раҳбарияти 2018 йил Флорида жанубида ҳам янги жамоа ташкил этилишини эълон қилди. Клубга «Интер» деб ном берилди.

«Интер Майами»нинг МЛСдаги дебюти 2020 йилда амалга ошди ва ўтган уч йилда клуб ҳеч нарса ютгани йўқ. Фақатгина бир маротаба плей-оффга йўлланма олиб, «Нью-Йорк Сити»га мағлубиятга учради.

Бу йил ҳам клубнинг натижалари жуда ёмон: жамоа Шарқий минтақада 15 иштирокчи орасида сўнгги ўринни эгаллаб турибди, умумий жадвалда эса 29 жамоа орасида 27-ўринда бормоқда. Клуб МЛС доирасидаги сўнгги 8 ўйиннинг 7тасида мағлубиятга учраб, бир ўйинда дуранг қайд этган. АҚШ очиқ кубогида эса клубнинг ишлари анча яхши – «Интер» илк марта яримфиналга йўлланма олди ва энди ўз тарихидаги биринчи совринни қўлга киритиш учун реал имкониятга эга. Яримфинал баҳслари август ойи охирига белгиланган – айни шу паллада Месси ва бошқа юлдузлар Флорида клубига қўшилган бўлади. Лео яқин ойлардаёқ жамоа тарихини ёзиши мумкин.

Клуб эгалари: Бекҳэм ва ака-укалар

Кўпчилик клуб бошқарувида жаҳоннинг энг машҳур собиқ ўйинчиларидан бири Дэвид Бекҳэм турганидан хабардор. Аслида эса клуб эгаси фақат у эмас. Англиялик юлдуз кўпроқ «Интер»нинг юзи сифатида гавдаланади, у билан бирга жамоага ака-ука Хорхе ва Хосе Маслар раҳбарлик қилади. Майамилик бизнесменлар АҚШдаги йирик MasTec қурилиш компаниясига эгалик қилишади. Forbes нашри Хорхе Маснинг бойлигини 1,4 миллиард долларга баҳолаган.

Торлик қилаётган стадион

Майамида футбол клуби ташкил қилиниши ҳақида эълон қилингач, «Интер» учун янги стадион қурилиши ҳам бошланганди. Ҳамкорлик келишувига кўра, аренага «ДРВ ПНК» номи берилиб, 2020 йилда фойдаланишга топширилди. Ўйингоҳ Америкадаги стадионлар учун нисбатан кам сиғимга эга – 18 минг томошабин. Айнан шу сабабли ҳам «Интер» Месси билан шартнома имзолагани ҳақида эълон қилгач, жамоанинг мавсумдаги қолган ўйинларига чипталар бир неча соатдаёқ сотиб бўлинди.

Фото: Getty Images

Табиийки, Мессиси бор жамоа учун 18 минг томошабин сиғимига эга стадион торлик қилади. Шу боис «Интер» янги уйига кўчиб ўтишга тайёргарликни бошлаган. Жамоанинг янги стадиони – «Майами Фридом Парк» 25 минг томошабинга мўлжалланган бўлиб, 2025 йилда фойдаланишга топширилади. 

Месси учун чақирилган мураббий

«Интер» айни дамда МЛС умумий жадвалида 27-ўринда бормоқда ва бундай натижа Мессини таклиф этган раҳбариятни қониқтирмаслиги аниқ эди. Майамиликлар жамоани 2021 йилдан буён бошқариб келаётган Фил Невиллни ўтган ойда истеъфога чиқаришди. Унинг ўрнига эса Херардо «Тата» Мартино таклиф этилди. Аргентиналик 60 ёшли мутахассис айнан Лионелга мослаб чақирилди – улар «Барселона» ва Аргентина миллий жамоасида бирга ишлаган.

Фото: Getty Images

Херардо Мартино қўл остида «Барса» фақат Испания Суперкубогида зафар қучган, миллий жамоада эса кетма-кет икки марта Америка кубоги финалида мағлубиятга учраган бўлса-да, мураббий МЛСни забт этиш тажрибасига эга. Аргентиналик мураббий 2018 йил «Атланта Юнайтед» билан МЛС плей-офф босқичида зафар қучиб, жамоасига ғолибликни келтирган. Мартинонинг сўнгги иш жойи Мексика миллий жамоаси бўлиб, у «ацтеклар» билан ЖЧ-2022 гуруҳ босқичидан чиқа олмагач, истеъфога чиқарилганди.

Юлдузлар жамланаётган таркиб

Transfermarkt порталига кўра, «Интер» ҳозирги таркибининг умумий қиймати бўйича 34 миллион евро нарх билан МЛСда 24-ўринда қайд этилган. Месси таркибга қўшилгач, жамоа таркибининг умумий нархи икки бараварга ошади ва клуб бу борада МЛС етакчилари қаторида бўлади.

Леодан ташқари, Майамига «Барса» билан хайрлашган Серхио Бускетс ҳам кўчиб ўтади. Шунингдек, Каталония клубини тарк этганидан кейин ҳозирча жамоасиз бўлган Жорди Альба ҳам яна Мессининг жамоадошига айланиши кутилмоқда. Ундан ташқари, Лионелнинг «ПСЖ»даги собиқ жамоадоши Серхио Рамос ҳам эркин агент сифатида «Интер» либосини кийишга яқин.

Фото: ПСЖ

Бунгача Майами клубида тўп сурган энг таниқли футболчи Гонсало Игуаин эди. Аргентиналик 35 ёшли форвард ўтган мавсум жамоани тарк этган. Месси трансфери эълон қилингунга қадар эса «Интер» сафидаги энг таниқли ўйинчилар венесуэлалик форвард Жозеф Мартинес, америкалик ҳимоячи Деандре Йедлин ва украиналик футболчи Сергей Кривцов эди.

Қайд этиш жоиз, МЛСда «Бекҳэм қоидаси» дея аталувчи банд бўлиб, унга кўра клубларга белгиланган энг юқори маош чегарасидан ташқари уч футболчи билан шартнома имзолашга рухсат берилган. Месси таклиф этилгунга қадар жамоадаги бу ўринлар банд эди, шу боис клуб бу борада ўзгаришларга қўл уришига тўғри келади. AS хабарига кўра, аргентиналик 35 ёшли юлдузнинг Майамидаги йиллик маоши 54 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Дебют санаси

Мессининг Америка клуби билан шартномаси июль ойидан кучга кирди. Аммо айни дамда МЛС ўзининг қизғин палласига кирган, ҳар ҳафта ўйинлар ўтказилаётган бўлса-да, океан ортидаги мухлислар аргентиналик жаҳон чемпионининг Америкадаги дебютини яна бироз кутишларига тўғри келади. Клуб ҳужжатларни расмийлаштириши учун маълум муддат талаб этилади, қолаверса, Месси яқинда Аргентина миллий жамоаси сафида Осиёдаги турнеда иштирок этди. Энди эса у ёзги таътилни ўтказиб, янги жамоаси сафига июль ойининг ўрталарида келиб қўшилиши кутилмоқда.

Мессининг «Интер Майами»даги дебютининг тахминий санаси – 21 июль. Шу куни МЛС ва Мексика чемпионати жамоалари қатнашадиган Лига кубоги старт олади. Анъанавий турнирнинг гуруҳ босқич 1-турида «Интер Майами» Мексиканинг «Крус Асуль» клубига қарши саф тортади. Катта эҳтимол билан айнан ушбу учрашув бутун дунё нигоҳида бўлади.

Мавзуга оид