Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Минимал истеъмол харажатлари июл охиригача эълон қилинади
Статистика агентлиги масъулларининг айтишича, 2023 йилда минимал истеъмол харажатларини эълон қилиш муддатига ўзгартириш киритилган ва муддат июл ойи этиб белгиланган. Мамлакатдаги камбағаллик даражаси бўйича янги маълумотлар ҳам шу ой очиқланади. Жорий йил кўпроқ уй хўжаликларида кузатувлар ўтказилгани айтилди.
Ўзбекистонда камбағаллик даражаси расман минимал истеъмол харажатлари (МИХ) билан ўлчанади.
МИХни аниқлаш тартиби 2021 йил 27 августдаги ҳукумат қарорида белгиланган. Унга кўра, Статистика агентлиги минимал истеъмол харажатлари ва камбағаллик даражасини ҳисобот йилидаги инфляция даражасидан келиб чиқиб, кейинги йилнинг 20 январига қадар эълон қилиб бориши керак.
Аммо белгиланган муддатдан 5 ой ўтиб кетган бўлса-да, 2023 йилда камбағаллик чегараси ҳали янгиланмади. Статистика агентлиги масъуллари Kun.uz мухбирининг бу ҳақдаги саволига жавоб берди.
Агентлик бошқарма бошлиғи Одилжон Мамадалиевнинг айтишича, 2023 йилда минимал истеъмол харажатини эълон қилиш статистика дастурига асосан июл ойига белгиланган.
“Минимал истеъмол харажати илк бор эълон қилинганда 2021 йилда ВМнинг 544-сон қарори билан муддат январ ойи этиб белгиланганди. Ижро муддати сўнгги қабул қилинган ҳужжатга асосан белгиланади. 2023 йил статистика дастуримизда [МИХни эълон қилиш] июл ойи этиб белгиланган, шу муддатдан кечикмасдан амалга оширамиз”, – деди у.
Маълум бўлишича, республика миқёсидаги 14 та ҳудуд аҳолиси бўйича минимал истеъмол харажатлари қийматини эълон қилишнинг 2023 йил учун муддати Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 февралда қабул қилинган “2023 йил учун статистика дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Бу қарорга асосан, камбағаллик даражаси ҳам июл ойида эълон қилиниши кўзда тутилган.
Аҳоли турмуш даражаси ва кузатувлари статистикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Раҳматжон Ўрозбоевнинг сўзларига кўра, 2021 йилда бутун республика бўйича 10 000 уй хўжалиги ўртасида кузатувлар ўтказилган бўлса, жорий йилда 14 мингда хўжаликда кузатувлар амалга оширилган.
“Ўтган йили кузатувлар натижасида 80 дан ортиқ озиқ-овқат ва 100 дан ортиқ хизматларнинг статистика маълумотлари йиғилганди.
2022 йилги статистика дастурига асосан Жаҳон банки, ХВЖ экспертлари таклифига биноан 14 мингдан ортиқ уй хўжалиги ўртасида сўров ўтказилди. Бунда озиқ-овқатлар сони 159 тага, ноозиқ-овқатлар ва хизматлар 413 тага етказилди. Ҳозирги кунда ҳисоб-китоблар амалга ошириб бўлинди”, – деди у.
Масъулларнинг қўшимча қилишича, маълумотларни аввалги йилларга солиштириш жараёни бироз вақт олади. Шу сабабли бу йил камбағаллик чегарасини эълон қилиш июлга белгиланган.
Ўзбекистонда камбағаллик чегараси
Охирги марта МИХ 2022 йил январда 498 минг сўм этиб белгиланганди.
2023 йил бошидаги селекторлардан бирида, 2022 йил давомида Ўзбекистондаги камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга маълум қилинди. Камбағаллик чегарасини белгилашда расман минимал истеъмол харажатлари ўлчов сифатида олинишини ҳисобга олсак, бу статистик рақамларни шакллантиришда бир йил олдинги 498 минг сўмлик миқдор билан ҳисоб-китоб қилинганми ёки тахминий янги миқдор олинганми, бу номаълум.
Минимал истеъмол харажатлари миқдорининг аҳамияти нимада?
Минимал истеъмол харажатлари – моддий ва бошқа ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолининг мақсадли гуруҳини аниқлаш мезони ҳисобланади. МИХ орқали камбағаллик чегараси белгиланади. Моддий имконияти шу чегарага етмаган ёки ундан паст оилаларига давлат томонидан моддий ва ижтимоий кўмак берилади.
Масалан, 4 кишидан иборат оиланинг бир ойлик харажатлари 1 млн 992 минг (2022 йилнинг 1 январ ҳолатига) сўмдан кам бўлса, бу оиланинг харажатларини 1 млн 992 минг сўм миқдорига етказишни давлат зиммасига олган.
Ўзбекистон Конституциясининг 46-моддасига асосан, пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдам турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган минимал истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас.
Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
- моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларга муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
- мамлакат камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
- камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
- пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатиш.
Маълумот учун, 2020 йилда 5,4 минг уй хўжалиги ўртасида ўтказилган сўровнома якуни бўйича дастлабки ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари 440 минг сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг май ойида эълон қилинганди. Бу миқдор 2022 йилнинг январида 13,2 фоизга оширилиб, 498 минг сўмга етказилган.
Мавзуга оид
10:40 / 28.05.2025
Олий таълим ташкилотларида қанча талаба таҳсил олаётгани айтилди
11:13 / 27.05.2025
Қайси ҳудудда энг кўп никоҳ қайд этилгани айтилди
13:07 / 26.05.2025
34 йилда умумий ўрта таълим ташкилотлари сони қанчага ошгани айтилди
11:21 / 23.05.2025