Жаҳон | 11:28 / 04.07.2023
10419
2 дақиқада ўқилади

Пригожиннинг исёни Ростовга деярли 100 миллион рублга тушди

Ёлланма аскарларнинг оғир техникаси Ростов-Донда йўл қопламасининг 12 минг квадрат метр майдонига зарар етказган.

OMAN ROMOKHOV / AFP

24 июнь куни исёнга уриниш пайтида Ростов-Донга киритилган «Вагнер» ХҲКнинг оғир техникаси шаҳар йўл қопламаси ва пиёдалар йўлакларига катта зарар етказди, деб ёзади ТАСС 3 июль, душанба куни шаҳар маъмуриятига таяниб. Ростов ҳокимияти зарарни 92,5 миллион рублга баҳолаган. 

«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, автомобиль транспорти соҳасида етказилган зарар миқдори 28,8 миллион рублни ташкил этган. Шунингдек, беш бирлик ихтисослаштирилган коммунал техникага зарар етган. Уни қайта тиклаш учун биринчи навбатда 63,7 миллион рубль керак», — дейилади маъмурият хабарида. 

Ростов-Дон маъмурияти раҳбари Алексей Логвиненконинг таъкидлашича, шаҳарда 12 минг квадрат метр йўл қисми ва 210 квадрат метр пиёдалар йўлаклари шикастланган. 

Ростов 24 июнга ўтар кечаси «Вагнер» ХҲК томонидан эгаллаб олинди ва кечқурун ёлланма аскарлар бўлинмалари шаҳарни тарк этди. Исён инфратузилмага зарар етказганига ва 13 россиялик учувчининг ўлимига олиб келганига қарамай (Евгений Пригожин маълумотлари), на ХҲК бошлиғи, на ёлланма аскарлар ҳеч қандай жазога тортилмади. Келишувга кўра, ёлланма аскарлар Беларусга кўчиб ўтмоқда. 

Мавзуга оид