Ўзбекистон | 13:31 / 06.07.2023
12270
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Сирдарёга жамоат транспорти учун 160 та янги автобус олиб келинади

Вилоятга ва пойтахтга қатновчи янги электропоездлар олиб келинади. Шунингдек, вилоятнинг бир неча ҳудудида 4 та иссиқлик электр станцияси қурилади.

Фото: ЎзЛиДеП

ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сирдарёлик сайловчилар билан учрашув чоғида келгуси етти йилда вилоятда транспорт ва электр-энергетика соҳаларини ривожлантиришга оид режалар ҳақида тўхталди.

Номзоднинг режаларига кўра, Сирдарё вилоятида жамоат транспорти қатновларини кўпайтириш учун 160 та янги автобус олиб келиниб, замонавий лойиҳалар асосида 60 та бекат қурилади. Булар орқали Сирдарёлик 600 мингдан зиёд одамларнинг узоғи яқин бўлади.

Тошкент – Ховос” йўналишидаги бундан 35 йил аввал сотиб олинган электропоездларни янгилаймиз. Бунинг учун, 20 миллион доллар эвазига, замонавий электропоездлар олиб келамиз”, деди номзод.

Келгуси йилларда яратиладиган янги ишлаб чиқариш қувватлари ҳисобига вилоятда электр энергиясига бўлган талаб ҳам кескин ошади. Бу борада ўтган йили Туркиянинг “Cengiz enerji” компанияси билан 150 миллион доллар инвестиция эвазига, Ховосда 220 мегаваттли буғ-газ электр станцияси ишга туширилган.

Бундан ташқари, шу йилнинг ўзида Боёвут тумани ва Ширин шаҳрида Саудия Арабистонининг “Acwa power” компанияси томонидан 1 миллиард 100 миллион доллар сармоя ҳисобига, яна 1,5 минг мегаваттли иссиқлик электр станцияси фойдаланишга топширилади.

Келгуси икки йилда Франция, Япония ва Қатар компаниялари консорциуми томонидан 1 миллиард 100 миллион доллар инвестиция киритилиб, қўшимча 1,5 минг мегаваттли замонавий иссиқлик электр станцияси барпо этилади”, деди Мирзиёев.

Сардор Раҳмонқулов
Тайёрлаган Сардор Раҳмонқулов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид