Кўп тармоқли марказий поликлиникаларда тиббий психолог штати жорий қилинади

“Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори билан 2023 йил 1 июлдан бошлаб Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилди.
Ушбу марказда ихтисослаштирилган психиатрик, тиббий-психологик ва наркологик ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилиб, ушбу йўналишларда юқори технологик моддий база ва илмий мактаб шакллантирилади. Руҳий саломатликни таъминлаш йўналишидаги ишларни соғлиқни сақлашнинг барча даражаларида мувофиқлаштиради ва назорат қилади.
2023 йил 1 августдан бошлаб туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказининг туман (шаҳар) бўлинмалари штатларини қисқартириш ҳисобидан тиббий психолог, руҳий касалликлар шифохоналарида суицидолог, қабул бўлимларида шифокор, навбатчи психиатр, тиббий психолог ёки психотерапевт штатлари жорий этилади.
Қарор билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ўқувчиларда ўзини ўзи бошқариш, мураккаб ҳаётий вазиятларни енгиб ўтиш кўникмаларини шакллантириш, депрессия, хавотирли ҳолатлар ва суицидларнинг олдини олиш бўйича махсус ижтимоий-эмоционал ўқув соатларини (Social Emotional Learning, SEL) умумий ўрта таълим муассасаларида мактаб дастуридаги мавжуд фанлар ва дарсдан ташқари жараёнлар доирасида йўлга қўйиш белгиланмоқда.
2023 йил 1 сентябрдан бошлаб тиббиёт ходимларини “психиатрия”, “суд психиатрияси”, “тиббий психология” ва “наркология” йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш харажатлари Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб “Психиатрия”, “Тиббий психология” ва “Наркология” клиник ординатура ва магистратура мутахассисликларига қабул фақат давлат гранти асосида умумий қабул параметрлари доирасида амалга оширилади ҳамда қабул кўрсаткичлари ушбу мутахассисликларга бўлган ҳақиқий эҳтиёжни ўрганиш асосида шакллантирилади.
1 июлдан бошлаб туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида фаолият юритаётган психиатр ҳамда психиатрия даволаш муассасаларида фаолият юритаётган психиатр, тиббий психолог, психотерапевт ҳамда суицидологларнинг лавозим маошига устама миқдори 25 фоиздан 50 фоизга оширилади.
Мавзуга оид

11:40 / 22.02.2025
Оилавий поликлиникаларда тиббий хизматлар пулли бўладими?

20:00 / 17.02.2025
“Психохимик”нинг оилавий авантюраси. “Gold terapi”га алданганлар нималарни бошдан кечирди?

20:10 / 25.12.2024
Ўзбекистон учун синов: Аҳоли кўпайиши билан инсон капитали ҳам ўсиши керак

13:12 / 14.03.2024