Беларусда вагнерчилар келиши кутилаётган лагер ва Лвивда кутиб олинган азовчилар. Уруш суратлари
Украинадаги урушнинг 500-куни ўтди: Асосий хабарлар
- 8 июл тонгида Россия қўшини Лиманни ўққа тутди — бу Донецк областининг Краматорск районидаги шаҳар. Ҳудудий прокуратура хабарига кўра, шаҳарга кассетали ўқ-дорилар билан зарба берилган. Украина ҳукуматининг сўнгги маълумотларига кўра, тўққиз киши ҳалок бўлиб, 12 киши яраланган. Хусусий уй, дўкон ва бешта енгил машина шикастланган.
- Урушнинг 500-куни муносабати билан Украина президенти Володимир Зеленский Змийний оролидан видеомурожаат йўллади. Бу ҳудудни Россия кенг кўламли урушнинг илк кунида эгаллаб олганди, аммо 2022 йил ёзида Украина томони орол устидан назоратни қайтариб олди. Мурожаатда Зеленский «Украина учун курашаётган барчага» миннатдорчилик билдирди.
- АҚШ Украинага кассетали ўқ-дорилар етказиб беришини эълон қилди. Украина мудофаа вазири Олексий Резников мамлакат улардан мамлакатнинг «фақат халқаро тан олинган ҳудудларини деоккупация қилишда ишлатилиши»ни ваъда қилди. Россия ТИВдагилар ҳисоблашича, АҚШнинг бу қарори «можарони максимал даражада чўзиш»га қаратилган.
- «Азовстал» мудофаасига раҳбарлик қилган беш командир Туркиядан Украинага қайтарилди. Кремл Анқара ва Киевни келишувни бузишда айблади. Россия ҳукумати асирларни алмашув шартига кўра, командирлар уруш охирига қадар Туркияда қолиши керак бўлганини эслатган.
- Россия ва Беларусдан бўлган 500 нафардан ортиқ спортчилар Хитойнинг Ҳангчжоу шаҳридаги Осиё ўйинларида иштирок этади. Бу турнир уларга Париж Олимпиадасига йўлланма олиш имконини беради. Россия ва Беларусдан бўлган спортчилар мусобақаларда бетараф томон сифатида қатнашади, яъни миллий рамзларсиз. Уларнинг натижалари медаллар ҳисобига киритилмайди.
«Азов» командирларининг Украинага қайтиши
2022 йил майида «Азовстал» учун жанглардан кейин асир тушган ва сентябр ойида асирлар алмашинуви доирасида озод этилган, аммо Москва ва Киев келишувига кўра, кейинги ойларда Туркияда кузатув остида турган командирлар Туркиядан Украинага қайтарилди. Уларни ватанга Украина президенти Володимир Зеленский олиб қайтди. Унинг матбуот хизмати Туркия томони унга беш нафар ҳарбий хизматчини топшираётгани акс этган видео намойиш этган. Улар Денис Прокопенко (Редис лақаби билан танилган), у россияликларга асир тушгунига қадар «Азов» полкига раҳбарлик қилган; Святослав Паламар (Калина) — у «Азов» полки командири ўринбосари бўлган; Олег Хоменко (Апис), комендантлик ротаси бошлиғи бўлган ва «Азовстал» мудофаасига бошчилик қилган; Сергей Волинский (Волина), 36-алоҳида денгиз пиёдалари бригадаси командири вазифасини бажарувчи бўлган; Денис Шлега (бошқа манбаларда — Шлег) Дмитро Вишневский номидаги 12-бригадага раҳбарлик қилган. Украина президенти офиси хабарида айтилишича, уларнинг ватанга қайтиши «Туркия томони билан музокаралар натижасида» рўй берган. Ўз навбатида, РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Анқара ва Киевни келишувни бузишда айблади. Унинг сўзларига кўра, алмашув шартларига кўра, командирлар «можаро якунига қадар» Туркияда қолиши керак эди.
Володимир Зеленский урушнинг 500-кунида Змийний оролига келди
Лиманнинг ўққа тутилиши
Донбассда украин самолётлари
Лвив ўққа тутилиши оқибатлари
6 июлга ўтар кечаси Лвив Россия қуролли кучлари томонидан ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 10 нафарга етди, яна 40 дан ортиқ киши яраланган. Қидирув-қутқарув ишлари 7 июл куни кечқурун якунланганди. Энди шикастланган биноларни тиклаш ишлари амалга оширилмоқда: зарба оқибатида 35 дан ортиқ уй, 10 та ётоқхона, шунингдек болалар уйи, олий таълим муассасининг икки биноси ва бошқа фуқаролик инфратузилмалари шикастланган. Шаҳар мэри Садовийнинг маълум қилишича, 18 та бино томи шикастланган, улардан тўрттасини тиклаб бўлмайди ва тўлиқ реконструкция талаб этилади. Тахминан 60 оила бошпанасидан айрилган. Шаҳар ҳукумати уларнинг биринчи галдаги эҳтиёжлари учун 100 миллион гривна ажратди. Электр ва сув таъминоти деярли барча уйларда тикланган.
Запорижжя областида ирригация тизимини тузатаётган фермер
Бахмут атрофидаги украин ҳарбийлари
«Вагнер» ХҲК ва Россия бўлинмалари эгаллаш учун ярим йилдан ортиқ вақт сарфлаган Бахмут шаҳри Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми доирасида яна фронтнинг қайноқ нуқталаридан бирига айланди. Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр 7 июл куни Бахмутдаги Россия қўшини «амалда қопқонга тушгани», Украина қуролли кучлари эса шаҳардан шимол ва жанубдаги қанотларда бир неча участкаларда бир километрдан ортиқ масофага илгарилагани ҳақида айтди: «Бизнинг қўшинлар душман ҳаракатини максимал даражада мураккаблаштирмоқда ва кетишни имконсиз қилмоқда». Россиялик ҳарбий мухбирларнинг Бахмут атрофидаги вазият бўйича баҳолари бир-биридан фарқланади: хусусан, WarGonzo телеграм-канали маълумотига кўра, Украина қуролли кучлари Клешчиевка қишлоғидан шимолдаги бир қанча тепаликларни эгаллаган ва Бирховка атрофида қатор ютуқларга эришган, РФ мудофаа вазирлигига яқин бўлган «Рибарь» канали эса — РФ қуролли кучлари Украина томонининг сўнгги кунлардаги барча ҳужумларини қайтарганини ёзган.
Беларусда «Вагнер» ХҲК жангчилари жойлаштирилиши мумкин бўлган лагер бўйлаб пресс-тур
Беларус мудофаа вазирлиги 7 июл куни ғарблик журналистлар учун Могилев области Осиповичи райони Цел қишлоғидаги ҳарбий лагер бўйлаб пресс-тур ўтказди. Олдинроқ ОАВ бу объект «Вагнер» ХҲК жангариларининг Беларусдаги дислокация манзили бўлишини тахмин қилганди. Аммо, Беларус мудофаа вазири ўринбосари Леонид Касинскийнинг айтишича, ҳозирча лагерда вагнерчилар йўқ — ва улар ҳатто танишиш мақсадида ҳам бу ерга келишмаган. Касинскийнинг сўзларига кўра, беш мингга яқин кишини жойлаштириш мумкин бўлган объект ҳарбийлар ва маъмурият вакилларини ҳудудий мудофаа тизимларини жойлаштиришга ўргатиш учун барпо этилган. Пресс-турда ғарблик журналистлар — хусусан, CNN корреспонденти Мэтю Ченс ҳам иштирок этган. Касинский у билан мулоқот вақтида ҳам «бу лагер ва Вагнер ХҲК ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқлиги»ни таъкидлаган.