Сўнгги 10 йилликдаги энг ишончли автомобиллар ва робот дирижёр – ҳафта технодайжести
Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.
Чиқиндилардан энергия ишлаб чиқарувчи завод
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида қиймати 4 миллиард дирҳам (1,08 миллиард доллар) бўлган дунёдаги энг йирик чиқиндилардан энергия ишлаб чиқарувчи завод очилди.
Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рошид Ал Мактумга кўра, станция 220 МВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаришга қодир, бу эса 135 минг уй-жойга хизмат кўрсатиш учун етарли бўлади. Шунингдек, корхона йилига 2 миллион тонна чиқиндиларни атроф-муҳитга зарар етказмасдан қайта ишлаш имкониятига эга.
Сўнгги 10 йилликдаги энг ишончли автомобиллар
HotCars портали Америка бозоридаги сўнгги 10 йилликнинг энг ишончли автомобиллари рўйхатини эълон қилди. Рейтинг кўплаб маълумотлар базалари ва турли ҳисоботларга (Kelly Blue Book, CarEdge, ConsumerReports, J.D. Power, Edmunds ва CarSurvey) таяниб тузиб чиқилган.
Рўйхатнинг 1-поғонасини 2015 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган Lexus RX эгаллаган. Иккинчи ўринни 2009 йилдан бери сотилаётган Toyota 4Runner банд қилган. Кучли учликдан Ford Expedition йўлтанламаси ўрин олган.
Топ-10 қуйидагича:
1. Lexus RX;
2. Toyota 4Runner;
3. Ford Expedition;
4. Mazda CX-5;
5. Lexus GX;
6. Honda CR-V;
7. Kia Sportage;
8. Buick Encore;
9. Toyota Highlander;
10. GMC Yukon.
Робот дирижёр
Сеулда бўлиб ўтган концертда Жанубий Корея миллий оркестрига EveR 6 номли андроид робот дирижёрлик қилди. Одам кўринишидаги робот дастлаб томошабинларга таъзим қилиб, қўлларини силкитган.
Мусиқий тадбирдаги бешта асардан учтаси айнан робот бошқарувидаги оркестр томонидан ижро этилган. EveR 6 ҳали мусиқани инсон каби идрок эта олмаслиги сабабли бир қанча кичик хатоларга йўл қўйган ва баъзи томашабинлар танқидига учраган.
Threads янги ижтимоий тармоғи
Meta корпорацияси янги Threads ижтимоий тармоғини тақдим қилди. Ушбу тармоқ Twitter платформасига ўхшаш бўлиб, қисқа постлар, сурат ва видеолар жойлаштириш имконини беради.
Threads асосий хусусиятларидан бири шундаки, унинг аккаунтлари Instagram билан чамбарчас боғланган. Янги микроблогда рўйхатдан ўтганда, фойдаланувчи Instagram тармоғидаги каби ном олади. Шу билан бирга, Instagram аккаунтини ўчирмасдан туриб Threads аккаунтини ўчириб бўлмайди.
Threads асосчилари ижтимоий тармоқ тез орада бошқа сервислар билан интеграциялашишини айтишмоқда. Бу контент алмашиш ва бошқа платформалардан обуначиларни жалб қилиш имкониятини бериши кутилмоқда.
10 дақиқада қувватланадиган аккумулятор
Toyota электромобиллар учун тез қувватланадиган аккумулятор ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Корпорация расмийларининг сўзларига кўра, 1200 километргача масофани босиб ўтадиган янги авлод автомобилларининг аккумулятори атиги 10 дақиқада қувватланиши мумкин.
Янги техналогиянинг амалиётга татбиқ этилиши 2027 йилга мўлжалланган. Келгусида қайси моделлар биринчи бўлиб бундай аккумуляторга эга бўлиши ҳозирча номаълум.
Google’нинг жуда кучли квант компьютери
Американинг Google корпорацияси ўта кучли квант компютерини яратишга муваффақ бўлганини эълон қилди – у суперкомпютер 47 йил сарфлайдиган масаланинг ечимини бир неча сония ичида топади. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.
2019 йилда Google 53 кубит қувватга эга ўта кучли квант компютери яратилганини, у IBM суперкомпютери 10 минг йилда ечадиган алгоритмни 200 сонияда бажара олишини эълон қилди. Аммо илмий ҳамжамият компания ютуғини жиддий эътиборга олмади.
Янги тизим, Google маълумотларига кўра, аввалгисидан 241 миллион марта кучлироқ ва энг кучли Frontier суперкомпютери 47 йил ичида ечадиган муаммони 6,7 сонияда ҳал қила олади.
Мавзуга оид
17:55 / 02.04.2024
Xiaomi'дан SU7 электромобили, iOS 18 тақдимот санаси, Сорадан филм – технодайжест
13:05 / 03.03.2024
Учар такси, қўлга тақиладиган смартфон ва кибер кучукча – ҳафта технодайжести
21:18 / 10.02.2024
Букланадиган iPhone, энг ишончли автомобиллар ва энг кўп сотилган смартфонлар – ҳафта технодайжести
15:16 / 03.02.2024