Жаҳон | 21:27 / 10.07.2023
35901
10 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият. Россия захираларини жангга ташламоқда

Фото: Reuters

Россия армияси украин қўшинларининг жануб ва Бахмут йўналишларидаги илгарилашини тўхтатиш учун янгидан янги захираларини жангга олиб кирмоқда. Россия қўмондонлиги тасдиқлашича, Украина қуролли кучлари олдинга қўйилган мақсадларидан бирортасига эриша олмаяпти; Ғарбнинг айрим нашрларидаги мақолаларда ҳам Украина юриши секин суръатларда кечаётгани ҳафсалани пир қилгани акс этмоқда. Шунга қарамай, россиялик ҳарбий мухбирларнинг ҳар кунги хабарларида қуйидаги сатрларни учратиш мумкин: «душман илгарилашга муваффақ бўлди», «душман стратегик тепаликларнинг бир қисмини эгаллаб олди», «душман айрим ютуқларга эга».

BBC мухбири Иля Абишев Украина фронтидаги вазиятга батафсил тўхталди.

Жанубий йўналиш

Бу Россия-Украина фронтининг энг узун полосаси бўлиб, Херсон областида Днипронинг Қора денгизга қуйилиш жойидаги Кинбурн қумлоғидан (қумлоқнинг бир учи Миколайив областида) Донецк области чегарасига қадар чўзилган. Қуруқликдаги участкада энг жиддий жанглар — Запорижжя области ва  Донецк областининг ғарбий чеккаларида кечмоқда.

Украин армияси кучли мудофаа чизиғини ёриб ўтиб, бир ёки бир неча йўналишларда — Мелитопол, Бердянск ёки Мариуполгача бориб, Азов денгизи бўйларига чиқишни мақсад қилган. Муваффақият қозонилган тақдирда, Қримга қуруқлик орқали очилган йўлак кесиб қўйилади, Россиянинг Херсон области жануби ва Қримдаги гуруҳи жуда мураккаб аҳволда қолади.

Бу жангларга икки томон ҳам узоқ вақт тайёрланди: Украина чалғитувчи зарбалар амалга оширди ва асосий йўналишда зарба бериш учун куч йиғди, Россия кучли мудофаа истеҳкомлари барпо этди ва катта ҳудудларни миналаган ҳолда рақиб ҳужумини кутди.

Ҳар икки томоннинг ҳам тарафдорлари воқеалар тезлик билан ривожланишини кутишганди. Бир томон россияликлар мудофааси тезда қулаши ва украинларнинг зирҳли техникалари колоннаси тезлик билан Азов томон ҳаракатланишини кўришдан умид қилганди. Бошқалар эса украин қисмлари мудофаа жанглари вақтда яксон этилиши, кейин эса Россия қарши ҳужумга ўтишини кутганди. Аммо воқеалар бошқа сценарийда ривожлана бошлади.

Украина қуролли кучлари биринчи ва энг мураккаб мудофаа чизиғини аста-секинлик билан бузиб бориш, шунингдек Россиянинг фронт чизиғи ортидаги техникалари ҳамда ҳарбий объектларини аниқлаб, йўқ қилиш учун дастлаб кичик гуруҳлар билан разведка жанглари олиб боришни танлади.

Фото: Reuters

Айни вақтда Украина жанубида қуйидагича вазият юзага келган: украин қўшини тўрт йўналиш — ғарбдаги Василивка, марказдаги Токмак ва Пологи, шарқдаги Старомлиновка йўналишларида рақибнинг биринчи мудофаа чизиғини босқичма-босқич «кемириб» бормоқда. Қатор участкаларда улар Россия мудофаасининг иккинчи чизиғига жуда яқин келиб қолишган.

Бу линия асосийси ҳисобланади, айнан шу ерда энг қизғин жанглар бўлиб ўтиши кутилмоқда, айнан шу ерда асосий кучлар тўқнашади ва айнан шу ердаги муваффақиятсизлик томонлардан бири учун оғир мағлубиятга айланиши мумкин.

Сиёҳранг билан Украина қўшинлари озод этган ҳудудлар кўрсатилган

Россия қўмондонлиги Украина қуролли кучлари иккинчи линияга кириб келишига йўл қўймасликка ёки ҳеч бўлмаганда вақтдан ютишга интилмоқда. Бунинг учун йирик захиралар олиб келиниб, жангга ташланмоқда. Британия разведкаси Запорижжя областида доимий дислокация манзили Кавказда жойлашган 58-умумқўшинлар армияси мудофаага масъул экани, Донецк областининг Старомлиновка районида эса — 5-армия ва Приморье ўлкасидан бўлган денгиз пиёдалари мудофааланаётганига эътибор қаратган.

Аммо гап Украинада бутун Россия ҳудудидан келган бўлинмалар жанг қилаётганида эмас. Захира бўлинмалари биринчи мудофаа чизиғидаги жангларга ташланиши жадал суръатларда давом этмоқда — у ерга аллақачон Херсон областидаги қисмлар ҳамда бунгача иккинчи ва учинчи линияларда мудофаани эгаллаб турган бўлинмалар юборилган.

«Жанубий операция зонасида рақибнинг 58-, 49-умумқўшин армиялари, 22-армия корпуси (Жанубий ҳарбий округ таркибидан), 5-, 35-, 36- ва 29-умумқўшин армиялари ва 68-армия корпуси (Шарқий ҳарбий округдан) қўшинларининг бир қисми ҳаракат қилмоқда, — деган украиналик ҳарбий шарҳловчи Константин Машовец. — Эслатиб ўтамиз, РФ қуруқлик қўшинларида жами 11 та умумқўшин ва битта танк армияси жойлаштирилган. Яъни рақиб ҳозирда мамлакатимизнинг босиб олинган жанубий ҳудудларини ўз қуруқ қўшинларининг тенг ярми билан ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда. Ва шунга қарамай, бу уларга жуда катта қийинчилик туғдирмоқда», — дея ёзган у.

Украина Днипронинг чап соҳилига десант ташлаб, жанубда «иккинчи фронт» очиши мумкинлиги қўшимча хавф туғдирмоқда. Украина қуролли кучлари аллақачон Антонов кўприги атрофида кичик плацдарм ўрнатган ва уларни у ердан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлинмаяпти.

Россиядаги манбалар украин разведкаси Днипро соҳил линияси бўйлаб турли участкаларда фаоллашгани ҳақида ёзмоқда.

«Марянское — Золотая Балка линиясининг қуриб қолган Каховка сув омбори атрофидаги муюлиш жойида [Украина қуролли кучларининг] фаоллиги ортди. Сўнгги уч-тўрт ойда Украина қуролли кучларининг 121-ҳудудий мудофаа қисмлари бўлинмалари табиий сув тўсиғини кечиб ўтишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу Запорижжя АЭСни жанубдан ўраб олиш учун шу йўналишдан зарба берилиши мумкинлигини кўрсатади», — дея ёзган РФ мудофаа вазирлигига яқин бўлган «Рыбарь» телеграм-канали.

Бахмут йўналиши

Бахмут атрофидаги вазият ҳам шунга ўхшаш тарзда ривожланмоқда — бу шаҳар ҳозирда стратегик эмас, кўпроқ рамзий аҳамиятга эга ҳисобланади (лекин воқеалар драматик ривожланса, бу баҳо кескин ўзгариши ҳам мумкин). Россия армияси ва унинг асосий ҳужумкор кучи — «Вагнер» ХҲК жангчилари — уни ўтган йил ёзидан буён штурм қилишганди ва шаҳарни олиш учун сараланган қисмлар ташланган, май ойига келиб шаҳар катта йўқотишлар эвазига эгалланганди.

Вагнерчилар Бахмутдан кетгач, Россия қўмондонлигида бу участкада кадрлар етишмовчилиги муаммоси юзага келди, украин қўшинлари эса дарҳол ташаббусни қўлга олди. Энди улар шаҳарни шимол ва жанубдан ўраб олиш таҳдиди билан Россиянинг Бахмут қанотларидаги қисмларини аста-секин чекинтирмоқда. Ҳозирча бу ердаги вазият Россия учун у қадар таҳдидли кўринмаётган бўлса-да, Украина қуролли кучлари мунтазам равишда илгариламоқда. Жанубда украин қўшини Т0513 Бахмут-Ҳорливка трассасига йўл очувчи муҳим таянч пункти — Клешчиевкага ҳужум қилмоқда.

«Бахмут йўналишида украин штурм бўлинмалари Клешчиевкадан шимолдаги тепаликларнинг бир қисмини эгаллади. Қолган қисми учун шиддатли жанглар кетмоқда, — дея ёзган россиялик WarGonzo телеграм-канали. — Агар Украина қуролли кучлари мустаҳкам ўрнашиб олса, Россия қўшини пастликда жойлашган қишлоқни ушлаб қолиши даргумон. Ва бундан маъно ҳам қолмайди».

Украина ҚК Шарқий қўшинлар гуруҳи спикери Сергей Чреватий ўтган ҳафта охирида Бахмут жанубида шиддатли жанглар кетаётгани, аммо тафсилотларни очиқлай олмаслигини айтганди. «Аммо душман пабликлари телеграмда ваҳима қўзғаётганига қараганда, Клешчиевка номи улар учун жуда рамзий бўлади, деб ўйлайман», — деганди у.

Сиёҳранг билан Украина қўшинлари озод этган ҳудудлар кўрсатилган

Шаҳарнинг ўзида, шунингдек ундан шимолроқда, Берховка сув омбори ҳудудида ҳам жанглар олиб борилмоқда, шимолда украин қисмлари рақибни Парасковиевка ва Красная Горадаги мустаҳкамланган позицияларидан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилмоқда.

«РФ қуролли кучлари Украина қуролли кучларининг Бахмутнинг жанубий-ғарбий чеккасидаги позицияларига ҳужумлар уюштирди. Унчалик муваффақиятли чиқмади. Берховка атрофида қақшатқич жанглар кечмоқда, украин бўлинмалари барибир маълум ютуқларга эришмоқда», — дея тан олган WarGonzo.

Россия қўмондонлиги Запорижжяда бўлгани каби украинларнинг шиддатли ҳужумларини тўхтатиш учун Бахмутга ҳам захира кучларини олиб келмоқда. Аммо ҳозирча фронтдаги вазиятни барқарорлаштиришнинг имкони бўлмаяпти.

Донецк атрофида ва Сватове-Купянск йўналишидаги жанглар

Донецк чеккаларида — област марказидан шимолдаги Авдийивка ва ғарбдаги Марйинка шаҳарлари ҳудудида ҳам анча кенг кўламли қарама-қарши жанглар кетмоқда.

Икки томон ҳам рақибнинг кўп сонли ҳужумлари қайтарилгани тўғрисида хабар қилган, Украина томони эса — ҳатто Авдийивкадан шимолдаги Весёлое қишлоғи ҳудудида муайян ютуқларга эришилгани ҳақида хабар қилган (буни геолокация маълумотлари ҳам тасдиқлайди).

Ўтган ҳафтада Донецкнинг йўлдош шаҳри ҳисобланган Макийивкада йирик ўқ-дори омборига зарба берилди

Аммо бу йўналишдаги жанглар фаоллашгани стратегик операция бўлиб эмас, балки кўпроқ рақиб кучларини асосий ҳарбий ҳаракатлар театрига айланган Запорижжя областига ўтказишига тўсқинлик қилиш истагига ўхшаб кўринмоқда.

Сиёҳранг билан Украина қўшинлари озод этган ҳудудлар кўрсатилган

Луҳанск области шимоли-ғарбий қисмида — Купянск (Россия томони терминологияси бўйича) ёки Сватове (Украина томони терминологияси бўйича) йўналишида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилмоқда.

Россия қўшини Украина қуролли кучларининг Северск гуруҳи устига юриш қилишга уринмоқда — бу бўртиқ ҳудуддаги украин кучлари Креминнага ҳам, Бахмутга ҳам таҳдид солган ҳолда россияликлар учун ноқулайлик туғдириб турибди. Бу участкадаги жанглар анчадан буён танаффуслар билан давом этмоқда, аммо томонларнинг бирортаси жиддий муваффақиятга эриша олмайди.

Россия ҳужум қилаётган яна бир йўналиш Сватоведан жануби-ғарбда ва шимоли-ғарбда жойлашган Нововодяное ва Новосёловское қишлоқлари бўлиб турибди. Ушбу кичик қишлоқларни харитадан топиш қийин, уларнинг стратегик аҳамиятини тушунтириш ундан ҳам қийинроқ. Шунга қарамай, Россия қўшинининг бу ҳудуддаги фаоллашуви ҳарбий мантиққа тўғри келади: мураккаб ва тушунарсиз вазиятда ҳеч ким ҳаракатсиз бўлмаслиги керак.

Мавзуга оид