Фан-техника | 10:15 / 10.07.2023
77915
6 дақиқада ўқилади

Ноутбуклар тарихи: нега бундай қурилмалар тез оммалашиб кетганди?

Ноутбуклар бугунги кунда энг катта кўмакчи иш қуролларидан бири. Уларнинг ихчамлиги, кўтариб юриш осонлиги, фойдаланиш қулайлиги асосий хусусиятларидир. Ҳозирги қурилмаларнинг аждодлари катта, ноқулай ва ўта кичик хотирали бўлган. Чунки ўша пайтдаги техника тараққиёти шунга мос эди. Хўш, ноутбукларнинг яратилиш тарихи ўзи қандай бўлган?

Дастлабки ташаббус

Блокнот ўлчамидаги ихчам компютерлар яратиш ташаббуси 1968 йилда Xerox фирмаси лабораторияси раҳбари Алан Кейдан чиққан. Лекин Кейга жаҳондаги илк ноутбукни яратиш насиб этмайди.

Фото: Алан Кей

Илк қурилмани ясаш Grid System компанияси ишчиси Вильям Могриджга насиб қилади. У 1982 йилда NASAнинг буюртмаси билан бу ишни амалга оширади.

Илк ноутбук(8 МГц, Intel 8086 процессорли)нинг оператив хотираси бор-йўғи 340 килобайтни ташкил қиларди. Аммо қирқ йил аввалги давр учун бу катта гап эди.

Фото: Астронавт ва Grid Compass

Биринчи ноутбукка Grid Compass дея ном берилди. Унинг оғирлиги нақ беш килоча келарди, қурилмада яна қаттиқ диск ва дискета ҳам мавжуд бўлган. Ноутбукка ўзининг GRiD O/S операцион системаси ўрнатилган. Қурилманинг дастурий таъминоти 8-10 минг долларгача маблағ талаб қилган, асосий буюртмачи АҚШ ҳукумати эди. NASA ҳам ўз изланишларида ундан фойдаланган. Шунингдек, АҚШ махсус кучлари ҳам Grid Compass қурилмасидан кенг фойдаланган.

Гарчи биринчи ноутбук бўлсада, ҳозирда унинг номи ва ишлаб чиқарувчиларини кўп ҳам эслашмайди. Grid Compass ҳам келажакда кўпчиликнинг танловига айланган бренд бўла олмади.

Адам Осборннинг қурилмаси

Кенг оммага мўлжалланган илк ноутбук муаллифи Адам Осборн саналади. У Osborne 1 дея номланган. Унинг оғирлиги нақ 11 килограмм келар, оператив хотираси эса 64 кбни ташкил қилган.

Фото: Osborne 1

Қурилма иккита 5,25 дюймли драйверлар, учта порт, жумладан, модем уланиши, монохром дисплейни ўз ичига олади.

Osborne 1 1981 йилда 1795 долларга баҳоланган. Бу ўша давр учун анчагина қиммат нарх эди. Афсуски, Osborne Vixen русуми рекламаси маркетинг хатоси туфайли анча илгари эълон қилиб юборилди, бу Osborne 1 савдосига катта зарба берди ва компания таназзулга учради.

1982 йилда Epson компанияси илк суюқ кристал дисплейли ноутбукни тақдим этди. Epson HX-20 қулай ўлчам ва енгиллик бўйича бошқалардан анча устунлиги сабаб машҳурликка эришди. Унинг оғирлиги бор-йўғи 1,6 килограмм келарди.

BusinessWeek журнали ушбу қурилмаларни "шахсий компютерлар тарихидаги тўртинчи инқилоб" дея таърифлаганди. Компьютерларнинг бир қувватлашдан сўнг ишлаш вақти 50 соатгача етарди. Epson HX-20нинг оператив хотираси 64 кбгача бўлган.

Худди шу вақтда IBM ўз ноутбукининг версиясини оммага тақдим этди ва айнан IBM PC бу соҳада де-факто стандартга айланди. Икки йил ўтиб, яна иккита компьютер гиганти Compaq ва Toshiba пойгага қўшилиб, қурилмаларни такомиллаштиришга ҳисса қўшдилар. LCD мониторли биринчи шахсий ноутбук 1984 йилда пайдо бўлган ва у аста-секин ўсиб бораётган Apple томонидан яратилган.

1990 йилда ноутбуклар учун катта янгилик бўлди: Intel мобил шахсий компютерлар учун биринчи махсус процессор Intel 386CL’ни тақдим этди ва батареянинг ишлаш муддатини оширувчи, кучланишни камайтирувчи технологияни амалга киритди.

Нега ноутбуклар машҳур бўлиб кетди?

Ноутбукларнинг ҳаётга шиддат билан кириб келиши ва оммалашишига сабаб бўлган бир неча омиллар мавжуд эди, жумладан:

* кичик ўлчамлар;

* юқори тезликдаги ишлаш сифати;

* енгил ва кўтариб юришга қулайлиги;

* электр тармоғидан узиб, аккумлятор ёрдамида ишлатиш функцияси.

Лекин уларнинг (ҳозирда ҳам) маълум бир камчиликлари бор эди, натижада бу омиллар айрим фойдаланувчиларни стол компютерлари сотиб олишга ундайди. Жумладан: модернизациянинг чеклангани. Кўп ноутбукларда стол компютерлари каби оператив хотира, видеокарта ва совутиш тизими мукаммал бўлмайди, тезроқ бузилади.

Бундан ташқари, ноутбукларни таъмирлаш қийинроқ, кўтариб юриш қулай бўлганидан ташқари, уларни ўғирлатиш ёки йўқотиб қўйиш жуда осон.

Ҳозир ноутбук бозорида нима гап?

Ҳозирда ҳам ноутбуклар талабгир маҳсулот саналади. Гарчи смартфонлар эволюцияси ушбу қурилмаларга ҳам зарба бераётган бўлса-да, дастурчилар, офис хизматчилари ва оддий ишчилар ҳар доим ноутбукларга эҳтиёж сезади.

Жумладан, 2022 йил давомида жаҳонда 286 миллион дона ноутбук сотилган. Бу 2021 йилга нисбатан 16,2 фоизга пастдир. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаби бор – пандемия авжига чиққан 2021 йилда онлайн ишлаш оммалашиб, ноутбукларга талаб кескин ошиб кетганди.

Энг харидоргир ноутбуклар ишлаб чиқарувчиси Хитойнинг Lenovo компанияси саналади. Ушбу компанияга умумий бозорнинг 24,1 фоизи тўғри келади. 2022 йилда Lenovo 69 миллион дона маҳсулот сотишга муваффақ бўлган. Иккинчи поғонани 55,6 миллион дона билан HP савдо белгиси эгаллаган. Биргина Ҳиндистон бозорида ноутбуклар ҳиссаси бир йилда 5,5 миллиард долларни ташкил этган.

Аброр Зоҳидов  тайёрлади

Мавзуга оид