Иқтисодиёт | 19:10 / 12.07.2023
36602
2 дақиқада ўқилади

Дизел нархи арзонлашди

12 июлдан биржада сотувга қўйиладиган синтетик дизел ёқилғиси бир тоннасининг бошланғич нархи 10 116 972 сўмдан 9 499 953,08 сўмгача арзонлаштирилди. Ярим синтетик дизел ёқилғисининг улгуржи нархи ҳам пасайди.

Фото: Depositphotos

Жорий йилнинг 12 июлидан бошлаб Республика товар-хомашё биржаси орқали сотувга қўйиладиган синтетик дизел ёқилғиси нархи пасайди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, синтетик дизел ёқилғиси бир тоннасининг бошланғич нархи 10 116 972 сўмдан 9 499 953,08 сўмгача арзонлаштирилган.

“Шу билан бирга, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ярим синтетик дизел ёқилғисининг нархи бир тонна учун 13 488 974 сўмдан 11 673 687 сўмгача пасайтирилади.

"GTL" дизел ёқилғиси “Yevro-6” стандартининг Европа сифат даражасига жавоб берадиган замонавий ва юқори сифатли ёқилғидир”, дейилади расмий хабарда.

Маълумот учун, "GTL" дизели “Yevro-4” ва ундан юқори стандарт ёнилғида ишлайдиган енгил автомобиллар ва юк машиналари, шунингдек, маҳаллий ва хорижда ишлаб чиқарилган катта габаритли ва махсус дизел ёнилғили транспорт воситаларига мос келади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Ўзбекистонда дизел нархи ярим йилда 1,5 баробарга ошганди. Бензин нархларининг сезиларли кўтарилиши билан параллел равишда дизелнинг қимматлашуви 50 фоизга етди. Жамоатчилик GTL заводи ишга тушган бўлса-да, дизел нархи пасаймаганига эътибор қаратганди.

Шундан кейин “Ўзбекнефтгаз” ноябрдан GTL заводининг иккинчи босқичи ишга туширилиши билан дизел нархи пасайтирилишини маълум қилди. Товар-хомашё биржаси орқали сотувга қўйиладиган синтетик дизел ёқилғиси бир тоннасининг бошланғич нархи 12 998 420 сўмгача арзонлаштирилди. Компания ишлаб чиқариш ҳажми оширилиши билан нарх пасайтирилиб борилишини таъкидлаганди.