Жаҳон | 22:26 / 12.07.2023
8346
2 дақиқада ўқилади

Хитой ҳакерлари Ғарб давлатлари муассасаларига ҳужум қилди — ОАВ 

Ҳакерлар Ғарбий Европадаги 25 ташкилотни нишонга олди. 

Фото: Getty Images

Ғарб давлатлари кибермакондаги асосий таҳдидлардан бири деб ҳисоблайдиган хитойлик ҳакерлар 25 га яқин ташкилот, жумладан, давлат идораларининг электрон почта манзилларига яширинча кирди. 

Reuters агентлигининг Microsoft маълумотларига таяниб хабар беришича, ҳужум биринчи навбатда Ғарбий Европадаги ташкилотларга қаратилган. Storm-0558 деб аталадиган ҳакерлар гуруҳи Outlook хизматида ишлайдиган веб-почта аккаунтларига кириш учун рақамли аутентификация токенларини сохталаштирган. Бу ҳаракатлар май ойида бошланган. 

«Microsoft ҳужумга учраган барча ташкилотлар билан боғланди ва уларга текширув ўтказиш ва чора кўриш учун муҳим маълумотларни тақдим этди», дейилади компания баёнотида. Рақамли ҳужумга қайси ташкилотлар ёки ҳукуматлар учрагани ошкор қилинмаган. 

Бир кун аввал Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ABC телеканалига берган интервьюсида федерал ҳукумат аккаунтлари бузилганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ бу муаммони «тезда» ҳал қилди ва кейинги муаммоларнинг олдини олишга муваффақ бўлди. 

Қўшма Штатлар Россия ва Хитойни кибермаконга таҳдид солаётган асосий давлатлар деб билади. 

Баҳорда АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги директори генерал Пол Накасоне Хитой Тайванга бостириб киришга уринган тақдирда АҚШга қарши кенг кўламли киберуруш бошлаши мумкинлигини башорат қилган эди. 

АҚШ расмийларига кўра, хитойлик ҳакерлар ваҳима қўзғаш ва АҚШнинг Тайванга ёрдамини сусайтириш учун Американинг электр тармоқлари, транспорт тармоғи ва телекоммуникация тизимларига ҳужум қилиши мумкин. 

Мавзуга оид