Ўзбекистон | 18:59 / 13.07.2023
10646
2 дақиқада ўқилади

Иш ҳақини натура шаклида тўлаш тартиби белгиланди

Иш ҳақининг натура шаклидаги умумий суммаси 30 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Фото: KUN.UZ

«Иш ҳақини натура шаклида тўлашни тартибга солиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Унга кўра, меҳнатга натура шаклида ҳақ тўланиши ходимнинг ёзма розилигига асосан қуйидаги ҳолларда мумкин:

- ходим ёки унинг оиласи истеъмоли учун иш берувчи томонидан ишлаб чиқарилган ва етиштирилган озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳисоб-китоб қилиш;

- ўзига хизмат кўрсатилиши ва уй хўжалигини юритишда кўмаклашиш мақсадида уй хизматчиларини ёллаган иш берувчи томонидан уй хизматчиларига озиқ-овқат ва вақтинча яшаш учун уй-жой билан таъминлаш шаклида ҳисоб-китоб қилиш.

Шунингдек, иш ҳақини натура шаклида тўлаш шарти ходимнинг розилиги асосида у билан тузиладиган меҳнат шартномасида кўрсатилади.

Бунда иш ҳақининг натура шаклидаги умумий суммаси 30 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Ходимнинг ёзма розилигидан қатъи назар унинг иш ҳақидан:

- 50 фоизгача миқдорда ушлаб қолинса – ходимга натура шаклида тўланадиган иш ҳақининг умумий суммаси 10 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмас;

- 50 фоиздан ортиқ миқдорда ушлаб қолинса – ходимга иш ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади.

Иш ҳақини натура шаклида тўлашда қуйидагилар тақиқланади:

- ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонунчиликда Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлганда, иш ҳақини натура шаклида тўлаш;

- қишлоқ хўжалиги товар ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилаётган маҳсулотларнинг нархини уларнинг таннархидан юқори белгилаш;

- алкоголь, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари, каннабис ўсимлиги ҳамда қонунчиликда реализация қилиш (бериш) тақиқланган ўсимлик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳисоб-китоб қилиш;

- уй хизматчиларини ёллаган иш берувчи томонидан тақдим этилаётган озиқ-овқатлар нархини ва уй-жойдан вақтинча фойдаланганлик учун тўловлар миқдорини ҳақиқий бозор нархидан юқори нархда белгилаш.

Мавзуга оид