Жаҳон | 20:28 / 13.07.2023
38267
8 дақиқада ўқилади

«Муаммоларни очиқчасига ва жуда кескин айтдим». Россиянинг йирик армияси қўмондони четлатилди

58-армия қўмондони Иван Попов қўмондонликка «замонавий урушдаги асосий фожиа» тўғрисида ҳисобот берганидан кейин лавозимдан четлатилганини маълум қилди.

Фото: РФ мудофаа вазирлиги

РФ 58-умумқўшин армияси қўмондони, генерал-майор Иван Попов «катта бошлиқлар» билан можаро ҳақида хабар берди. Поповнинг, катта эҳтимол билан фақат ўз қўли остидагилар учун мўлжалланган мурожаатини Давлат думаси депутати, ўтмишда 58-армияга қўмондонлик қилган Андрей Гурулев ўз телеграм-каналида эълон қилди. Попов мурожаатида, хусусан, «юқоридаги бошлиқлар билан мураккаб вазият юзага келгани, бунда тилни тийиб, қўрқоқлик қилиш ва улар истаган нарсаларни гапириш ёки барча нарсани ўз номи билан аташга тўғри келгани» ҳақида гапирган. Попов жим турмасликка қарор қилган.

Генерал, ўзининг сўзларига кўра, раҳбариятга Россия армиясидаги «жанговар иш» ва таъминотга тааллуқли бўлган муаммоларни «кескин» сўзлар билан ифодалаган. «Мен замонавий урушдаги асосий фожиага эътибор қаратдим — бу контрбатарея кураши йўқлиги, артиллерия разведкаси станциялари йўқлиги ва оға-иниларимиз рақиб артиллериясидан ёппасига ҳалок бўлиши», — деган Попов.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов 4 июл куни Украина қуролли кучларининг мамлакат жанубидаги юришнинг янги босқичидаги биринчи галдаги вазифасини айтганди — «[артиллерия олови билан] Рус армиясининг жонли кучлари, техникалари, ёнилғи ва ўқ-дори омборлари, қўмондонлик пунктлари, артиллерия ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини максимал даражада йўқ қилиш. Сўнгги кунлар [бу борада] айниқса серҳосил бўлди». Ижтимоий тармоқларда Украина қуролли кучлари томонидан 58-армиянинг ҳам фронт ортидаги позицияларига артиллерия зарбалари йўллангани акс этган ўнлаб видеолар намойиш этилганди.

Шундан кейин Поповни лавозимидан четлаштиришган. Генералнинг сўзларига кўра, уни ишдан олиб ташлаш тўғрисидаги буйруқ «жуда тез, шу куннинг ўзида» тайёр бўлган. «Бизнинг армиямизга Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари фронт чизиғидан ўтиб кириб кела олмади, бизга орқадаги катта бошлиқларимиз зарба берди, энг оғир ва кескин паллада хиёнаткорона ва разиллик билан армияни бошсиз қолдирди», — деган у.

Попов қўмондонлик қилган 58-армия РФ қуролли кучларидаги энг йирик ва жанговар тузилмалардан биридир. Россия қўшинларида армия — бўлинмалар (дивизиялар, бригадалар, кучайтириш ва хизмат кўрсатиш бўлинмалари)дан таркиб топган оператив бирлашма бўлиб, армия иерархиясида ундан юқорида фақат ҳарбий округ туради. 58-армия 2008 йилда Жанубий Осетиядаги ҳарбий низода фаол иштирок этган, Иккинчи чечен урушида эса асосий бирлашган гуруҳ бўлган. РФ қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқини бошида 58-армия Днипронинг ўнг соҳилига ва Мариуполга ёриб ўтишни амалга оширган асосий қўшинлар бўлган, 2023 йил ёзида Украина қуролли кучлари қарши ҳужумининг асосий зарбалари айнан шу армия мудофааланаётган ҳудудда берилаётганди.

РФ мудофаа вазирлиги 58-армия қўмондонлиги раҳбариятидаги ўзгаришлар ҳақида расман хабар бермади. Аммо РФ қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин РФ қуролли кучларидаги кадрлар ўзгаришлари тўғрисида расмий хабар ёки кечикиб берилади ёки бу ҳақда бошқа йўллар орқали маълум бўлади. Хусусан, мудофаа вазирлиги Попов 58-армия қўмондони лавозимига тайинлангани ҳақида эълон қилмаган, аммо 2023 йил июнида у вазирликнинг сводкаларида айнан шу рутбада тилга олина бошлаган. РФ мудофаа вазирлиги ҳозирча Поповнинг мурожаати юзасидан изоҳ бермади.

Генерал-майор Иван Попов «Спартак» чақирув белгисидан фойдаланади, ўз қўли остидагиларни шунга мос равишда «гладиаторлар» деб атаган. 48 ёшли Попов Шимолйи-Кавказ ҳарбий округида взвод командиридан бошлаб турли лавозимларда хизмат қилган. 2016 йилда 33-алоҳида мотоўқчилар бригадаси командири этиб тайинланган. У ҳақда очиқ расмий манбаларда маълумот жуда кам. «Военкор» Владислав Шуригин Попов «урушнинг илк кунлариданоқ ўз аскарлари билан бўлгани, оғир жароҳат олгани, аммо сафга қайтгани»ни эслаб ўтган.

Ҳарбий мухбирлар Попов четлатилганидан қаттиқ норози. Шуригин бу ҳодисани «бутун армияга берилган даҳшатли зарба» деб таърифлади. Александр Коц эса Поповнинг қўли остидагилардан у ҳақда «ижобий фикрлар» эшитганини айтган, «вазиятнинг келиб чиқиш тафсилотларидан бехабарлиги»ни қўшимча қилган ва 58-армиянинг собиқ қўмондони бошқа юқорироқ лавозимга тайинланиши мумкинлигини тахмин қилган. Роман Сапоньков бу воқеани «армиядаги руҳиятга қарши даҳшатли теракт», «диверсия» деб баҳолаган ва «балиқ кўзли юзсиз одамлар жанговар генерални ишдан олгани» ҳақида ёзган. «Рыбарь» телеграм-канали муаллифи Михаил Звинчук Попов «шахсий таркиб томонидан улкан қўлловига эга бўлгани» ва «оддий» ҳалол генерал Поповнинг четлатилгани ҳақидаги янгилик «олдинги чизиқдаги жангчиларнинг руҳини чўктириши» ҳақида фикр билдирган.

Сиёсатчилар ва пропагандачилар эса Поповнинг мурожаати эълон қилиб юборилганидан норози. Сенатор Андрей Турчак Поповнинг мурожаати омма учун бўлмаганини қайд этган. Турчакнинг сўзларига кўра, мурожаат 58-армия жангчилари ва командирларининг ёпиқ чатига жойлаштирилган, «депутат» (унинг постида бу сўз қўштирноқда келтирилган) Гурулев эса қандайдир тарзда қўлга киритган ва «бундан сиёсий шоу яратган». «Иван [Попов]нинг виждони тоза. Ватан бундай командирлар билан фахрланиши мумкин», — дея ёзган сенатор. Турчакнинг постини пропагандачи Маргарита Симоньян ҳам ўз телеграм-каналида форвард қилган.

Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитасидагилар Поповнинг баёнотини «ўрганиб чиқиш керак» деб ҳисоблайди. «Бу шахсий характердаги баёнот, унда турлича фикрлар мавжуд, ҳарбий ҳаракатлар эса давом этмоқда», — деган Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси аъзоси, генерал-полковник Виктор Заварзин. «Ҳар бир ҳолат индивидуал ёндашувни талаб этади. Балки хулосаларда, балки баҳоларда хатолик бўлиши мумкин. Биз буни аниқлаб олишимиз керак», — дея қўшимча қилган у. Унинг парламент қўмитасидаги ҳамкасби Андрей Картаполов ҳам Поповнинг мурожаати «тинглангани, кўриб чиқилгани ва ваколатли одамлар томонидан чоралар кўрилиши»ни айтган.

Поповнинг мурожаатига муносабат билдирганларнинг кўпчилиги у ёки бу тарзда Пригожиннинг исёнини ёдга олган. Хусусан, «Рыбарь» телеграм-каналини юритувчи Михаил Звинчук «Пригожиннинг исёнидан кейин „жодугар ови“ бошлангани ва „муаммо ҳақида айтган — душман“ принципи» яна столга қайтганини ёзган. Звинчукнинг маълумотига кўра, Поповнинг мурожаатидаги «катта бошлиқ» — бу РФ бош штаби бошлиғи Валерий Герасимовдир. Уни Пригожин ҳам очиқчасига танқид қилганди. «Попов ва Герасимов ўртасидаги зиддият асосий муаммога чироқ тутади: РФ қуролли кучларида бирдамлик йўқлигига», — дея қайд этган у.

Мавзуга оид