Жаҳон | 09:18 / 13.07.2023
6351
2 дақиқада ўқилади

Полшалик шифокорлар Гуржистонда Саакашвилини текширувдан ўтказмоқда

Гуржистон ҳукумати ярим йилдан сўнг Европа Иттифоқи шифокорларига ҳибсда сақланаётган собиқ президент Михаил Саакашвилини кўришга рухсат берди. Шифокорлар сиёсатчини кенг қамровли текширувдан ўтказишни бошлади.

Фото: Reuters

Полшалик шифокорлар ўз мамлакатида қамоқда сақланаётган Гуржистон собиқ президенти Михаил Саакашвили билан учрашиш имкониятига эга бўлди. Полша ҳуманитар тиббий ёрдам иттифоқи мутахассислари маҳбусни кенг қамровли текширувдан ўтказишни бошлади, деб ёзди Полша бош вазири Матеуш Моравецкий 12 июль, чоршанба куни Twitter’да.

Полша шифокорлари Гуржистонга Европа Иттифоқи номидан келди, Саакашвилига тиббий миссия юбориш қарори ярим йил аввал Брюсселда қабул қилинган. «Олти ойлик кечикишдан сўнг ҳукумат ниҳоят шифокорларга Михаил Саакашвилини касалхонада кўришга рухсат берди. Улар унинг аҳволини ўрганиб, кейин ўз хулосаларини чиқаради», - деди AFP’га сиёсатчининг адвокати Дито Садзаглишвили. 

3 июль куни Михаил Саакашвили 2007 йилдаги митингни тарқатиб юборгани учун ишни кўраётган суд мажлисида видео-алоқа орқали иштирок этганидан сўнг Гуржистон собиқ президентининг соғлиғи ҳолатига халқаро эътибор яна бир бор тортилди. Судланувчи жуда озиб кетган.

Ўша куни Украина президенти Володимир Зеленский «Россия Украина фуқароси Михаил Саакашвилини Гуржистон расмийлари қўли билан ўлдирмоқда», дея Гуржистонни уни Украинага даволаниш учун юборишга чақирди ва Ташқи ишлар вазирлигига Гуржистон элчиси Георгий Закарашвилини Тбилисида маслаҳатлашувлар ўтказиш учун мамлакатни тарк этишга таклиф қилишни топширди. Орадан кўп ўтмай, элчи Киевни тарк этди. 

2023 йил апрель ойи бошида Михаил Саакашвили Американинг Politico нашрига йўллаган мактубида ўзининг шифохонада ўлаётганини таъкидлаб, АҚШ, Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамжамиятни «ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилишга» чақирганди. 

Мавзуга оид