Жамият | 19:06 / 14.07.2023
14825
3 дақиқада ўқилади

Мутахассис фаввораларда чўмилиш хатарлари ҳақида огоҳлантирди

Фавворада чўмилиш ўткир вирусли ичак инфекциялари, гепатит (А,Е), ичбуруғ, ичтерлама, лямблиоз каби хавфли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Жазирама ёзда чўмилиш ҳавзалари гавжум бўлади, ҳатто шаҳар-қишлоқлардаги баъзи фавворалар ҳам. Аммо шифокорлар бундай ҳавзаларда чўмилиш саломатлик учун зарарли, деган хулосада. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси бўлим бошлиғи Дилором Турсунова маълумот берди.

— Фавворалар — ҳавони намлантириб туриш ва ён-атрофга эстетик кўрк бағишлаш мақсадида барпо этилади. Улар чўмилиш учун мўлжалланмаган, деди шифокор. — Бундай объектлар суви бассейнларники сингари тез-тез алмаштирилмайди ва зарарсизлантирилмайди. Шу боис иссиқда уларда микроорганизмлар тез ва осон кўпаяди.

Оқибатда фавворада чўмилиш ўткир вирусли ичак инфекциялари, гепатит (А,Е), ичбуруғ, ичтерлама, лямблиоз каби хавфли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Шифокор сўзларига кўра, фаввораларда турли коммуникация ва ёритиш мосламалари ўрнатилган бўлса, сув остидаги конструкцияларга қоқилиб, жароҳат олиш хавфи ошади.

«Яна бир омил: фавворалар қушлар, ит ва мушуклар ҳамда бошқа жониворлар чанқоғини қондириши, чўмилиши, шўнғиши учун очиқ ҳамда қулай манба. Бу эса сувга турли личинкалар тушишига олиб келади. Агар шундай ифлосланган сувга болалар, айниқса, баданида турли яра ва жароҳати борлар чўмилса, тери касалликларини келтириб чиқарувчи стафилококк, стрептококк, энтеровируслар ва бошқа паразит ҳамда микробларни юқтириб олиши осон», деди шифокор.

Унинг сўзларига кўра, бундай муҳит бурун, оғиз ва қулоқ шиллиқ қаватлари яллиғланишига ҳам олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, ёмғир суви фаввораларга қўшилиши оқибатида унинг таркибида зарарли кимёвий аралашмалар пайдо бўлиши мумкин. Шу сабабли, тақиқланган, ифлосланган, текширилмаган ва нотаниш сув ҳавзаларига тушмаслик тавсия этилади.

«Агар очиқ ҳавзаларда чўмилиш вақтида ва ундан кейин ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, тана ҳарорати кўтарилиши, ич кетиши, қорин дам бўлиши каби аломатлар юзага келса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим», деди мутахассис.

Мавзуга оид